ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


30.05.2019

"Эзгулик йўлидаги мақсадларимиз муштарак!"


Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсад – инсонларнинг ўтаётган ҳар бир кунидан рози бўлиши учун муносиб шароитларни яратишдан иборатдир. Фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг ўз вақтида бартараф этилишига ҳисса қўшиш энг аввало, халқ вакилларининг олдида турган муҳим вазифаларидан бири. Бугунги шиддатли ислоҳотлар жараёнида уларга нисбатан талаб ўзгарган бир пайтда бундан бўйин товлашга, турли баҳоналарни рўкач қилишга ҳеч бир депутат ҳақли эмас. Президентимиз таъкидлаганидек, депутатлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фақат иштирокчиси эмас, балки ташаббускори ҳам бўлмоғи лозим.

Одамлар билан юзма-юз мулоқотда бўлиш, ўртага ташланган муҳим масалаларнинг ечимини топишда, мутасадди ташкилотлар масъулиятини оширишга кўмаклашишда ҳар бир депутатнинг фаоллиги муҳим аҳамият касб этади. Ушбу жараёнда ЎзМТДПдан сайланган депутатлар ҳам алоҳида ташаббускорлик кўрсатмоқдалар. Улар фуқароларимизни ўйлантираётган ҳаётий масалалар, уларни ташвишга солаётган муаммоларнинг ижтимоий илдизларини таҳлил қилиб, муҳим таклифлар билан чиқмоқдалар.

Бугунги кунда маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан ўз ишини қайта кўриб чиқиб, инсонлар дарду ташвишларини енгиллатиш учун мен нима қиляпман, деган саволни ўртага ташлаб иш кўрилиши улар фаолиятининг изчил ва самарали бўлиши, кенгайишига хизмат қилмоқда.

Халқ депутатлари Шовот тумани Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи томонидан долзарб мавзудаги масалалар туман Кенгаши сессиялари муҳокамасига киритилиб, бу масалаларга кенг жамоатчиликнинг эътибори қаратилаётгани қувонарлидир. ЎзМТДП депутатлари сайловчилар, фуқаролар билан мунтазам учрашмоқдалар. Уларнинг талаб, таклифлари асосида юқори ташкилотларга йўллаётган депутатлик сўровлари жавобсиз қолмаяпти. Жумладан, Халқ депутатлари Шовот туман Кенгаши депутати Ибодулла Болтаевнинг тумандаги Тараққиёт маҳалласи Тараққиёт кўчасидаги асосий йўлни текислаш лозимлиги юзасидан Хоразм вилояти автомобил йўллари ҳудудий йўллардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи М.Қаландаров номига юборган депутатлик сўрови ўзининг ижобий самарасини берди. Депутатнинг сайъ-ҳаракати натижасида аҳоли учун турли ноқулайликлар туғдираётган муаммо бартараф этилди. Шунингдек, туман Кенгаши депутати Илҳом Пиров томонидан Янги турмуш маҳалласида истиқомат қилувчи, бугунги кунда бир неча касалликлар билан оғриётган Иззат Бекжоновнинг саломатлиги тикланиши учун тегишли тартибда ордер билан таъминланиши тўғрисидаги туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига йўллаган депутатлик сўрови натижасиз қолмади. Беморга жорий йилнинг 3-июнь санасида ордер тақдим қилинади. Депутатнинг туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига юборган яна бир депутатлик сўрови ижобий ҳал этилди. Тумандаги Ботирлар маҳалласида яшовчи ногиронлиги бўлган 6 ёшли қизча – Зарина Бекпўлатовага депутат сўрови асосида 1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида ногиронлик аравачаси топширилади.


– Бизнинг Ботирлар, Янги турмуш Олтин қалъа маҳаллаларимизда яшовчи аҳолининг турмуш шароити сўнгги йилларда сезиларли даражада яхшиланди. Одамларнинг маҳаллани обод масканга айлантириш учун куюнчаклиги ошмоқда. Буни намунали оилалар сони кўпайганидан ҳам кўриш мумкин. Маҳаллалар аҳолиси учун ичимлик суви етказиб бериш сифатининг яхшиланишига эришилмоқда. Ички йўлларга тош ётқизилди. Тадбиркорлик кенг қулоч ёйиб, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этиляпти, - дейди халқ депутатлари Шовот туман Кенгаши депутати Илҳом Пиров.

Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги уч нафар ҳамда Шовот туман Кенгашидаги олти нафар депутатларимиз ўз ваколатлари доирасида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шу соҳадаги фармон ва қарорларни тарғиб қилиш, ижросини таъминлашга кўпроқ эътибор қаратмоқдалар. Аҳолининг турмуш фаровонлиги ошишида депутатларимизнинг ўрни ва иштироки, амалий таъсири сезилмоқда. Депутатлар партиянинг “Уйма-уй”, “Депутат билан юзма-юз” ва “Сайёр қабул” лойиҳалари доирасида муаммоларни аниқлаб, жойларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатмоқда. Уларнинг амалий кўмаги билан узоқ йиллар мобайнида ечимини кутаётган қатор муаммолар бартараф этилмоқда.

Хусусан, Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати Ўктамбой Рўзимовнинг туман ички ишлар бўлими бошлиғи Б.Отажонов номига йўллаган депутатлик сўрови натижасида Шовот тумани Тараққиёт маҳалласида жойлашган 28-мактаб олдидаги йўлга пиёдалар йўлакчаси ҳамда “Диққат болалар” махсус йўл белгилари ўрнатилди. Натижада маҳаллий аҳоли, энг аввало, ўқувчи ёшларнинг йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳаракат ҳавфсизлиги таъминланишига эришилди.

photo_2019-05-30_09-27-29.jpg

Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббуси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш жараёнларида депутатларимиз ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Жумладан, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга йўналтирилган қатор тадбирларни ташкил этиш ташаббуси билан чиқмоқдалар. Жумладан, Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати Ўктамбой Рўзимов ҳамда Шовот туман Кенгаши депутати Илҳом Пировлар томонидан Шовот туманидаги таълим муассасалари кутубхоналарига 515 та илмий, бадиий китоблар совға қилинди. Шунингдек, депутат Илҳом Пиров, партия фаоли Умрбек Искандаровнинг ташаббуси билан тумандаги Ботирлар, Янги турмуш, Кат қалъа, Тупроқ қалъа, Уста ҳунарманд, Олтин қалъа маҳаллаларида яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан 33 та хонадон эгаларига муборак Рамазон туҳфаси, эҳсон сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

photo_2019-05-30_09-28-09.jpg

Мақсад – халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, жамиятимиз фаровонлигини юксалтириш. Эзгулик йўлидаги ниятларимиз муштарак. Бунинг учун ҳаммамиздан ирода, қатъият ва ҳаракат сўралади. Аҳолининг кенг қатламлари билан олиб борилаётган мулоқотларни янада чуқурлаштиришимиз, фаолиятимизни бугунги кун талаблари даражасида ташкил этишимиз зарур.

 


Умрбек РЎЗМЕТОВ,
ЎзМТДП Шовот туман Кенгаши раиси


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz