ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


02.08.2019

Инсон эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади


Трансмиллий жиноятлар сирасига кирувчи одам савдосининг турли кўринишларидан жаҳондаги барча мамлакатлар қайсидир даражаларда жабр кўряпти. Маълумтотларга қараганда, дунё миқёсида ҳар йили уч миллионга яқин киши одам савдоси қурбони бўлади. Ачинарлиси, уларнинг 1,2 миллиондан зиёди болалардир. Мазкур рақамлар одам савдосига қарши курашиш қанчалик долзарб эканини англатади. Бу эса, ушбу глобал муаммони имкон қадар ҳал этиш, одам савдосига қарши курашишда халқаро миқёсда таъсир чораларини кучайтиришни тақозо этмоқда. Соддароқ айтганда, сайёрамизнинг қай бир нуқталарида пайдо бўлиб, эндиликда тобора авж олган бу иллат инсониятнинг оғриқли муаммосига айланди. Шу сабабли, ҳар бир давлат бу хавфдан ҳимояланишнинг қатъий чораларини кўриши, шу йўналишдаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, конвенцияларга қўшилиши ҳам ҳаётий, ҳам ижтимоий-сиёсий зарурат даражасига кўтарилди.

Ер юзида кенг тус олиб улгурган бундай халқаро хавфга қарши ҳамкорликда курашиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Шуни таъкидлаш жоизки, миллий қонунчилигимизнинг одам савдосига қарши курашиш ва унинг олдини олишга оид меъёрлари умумэътироф этилган халқаро ҳужжатларга мос келади. Бу, аввало, мустақил мамлакатимизнинг Бош қомусида “демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахл­сиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, деб қатъий мустаҳкамланганлигида ёрқин акс этади. Конституция­мизга мувофиқ: “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”.

Истиқлол шарофати туфайли юртимиздаги ҳар бир инсон ўз қадр-қимматига муносиб тарз­да озод ва эркин яшаш, меҳнат қилиш, ўз меҳнати натижаларидан манфаатдор бўлиш, барча ҳуқуқ ва эркинликларидан дахлсиз равишда фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Биз инсон қадри, шаъни улуғланадиган мамлакатда яшаяпмиз. Юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар замирида ҳам энг аввало, инсонлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, манфаатларини таъминлаш мақсади мужассам. Мустақил мамлакатимиз фуқароларини одам савдоси ва унинг салбий оқибатларидан асраш олий қадрият саналмиш инсон ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу борада бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Фармон мамлакатимизда трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш ишларини янги босқичга кўтариш, замон талаблари даражасида қайтадан кўриб чиқиш, чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Фармонда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилиниши белгиланди. Тегишли тартибда Миллий комиссиянинг асосий вазифалари тасдиқланди. Фармонга мувофиқ, Миллий комиссия бир ой муддатда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия тўғрисидаги низом, шунингдек, 2019-2020 йилларда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)ни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Шунингдек, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилиши ва унинг функциялари Миллий комиссия раиси зиммасига юклатилиши ҳам белгилаб қўйилди. Миллий маърузачининг асосий вазифалари тасдиқланди. Тегишли вазирлик ва идораларга ушбу фармон ижросини тўла таъминлаш бўйича топшириқлар берилди, вазифалари белгиланди.

Энг муҳими, бу йўналишда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган қонуний ҳужжатларга назар ташлаб, ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда истиқомат қилаётган бирор бир инсон бу мудҳиш жиноятнинг қурбонига айланиб қолмаслиги учун жуда қатъий ва жиддий чоралар кўраётганлиги, барча саъй-ҳаракатлар комп­лекс равишда амалга оширилаётганини чуқур англаймиз. Бинобарин, бу саъй-ҳаракатларга нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки барча турдаги ташкилот ва муассасалар, кенг жамоатчилик жалб этилган.

Зеро, ҳар қандай жиноий иллатга қарши курашиш ҳар бир инсонда ўз тақдири ва ҳаётига бефарқ бўлмаслик, бу масалада доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш ҳиссини кучайтиришдан бошланади десак, адашмаймиз.

 

 

Санжарбек ТАНГРИБЕРГАНОВ,
халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz