ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


Ишда – натижа, муаммода – ечим муҳим 03.07.2019

Ишда – натижа, муаммода – ечим муҳим


Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашда шаффофликни таъминлаш партиямиз фаолиятининг асосий йўналишларидан бири саналади.

Жойларда аҳоли мурожаатлари чуқур ўрганилиб, аниқланган ҳар бир муаммога ўз вақтида ечим топиш чоралари кўрилмоқда. Фуқароларимиз оғирини енгил қилиш, уларга ҳаққоний амалий ёрдамлар кўрсатиш йўлидаги натижалар фаолиятга яққол самара бағишламоқда.

ЎзМТДП Хоразм вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига жорий йилнинг биринчи ярмида жисмоний ва юридик шахслардан жами 682 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 612 таси ижобий ҳал этилди. 294 таси ўрганиб чиқиш учун тегишли ташкилотларга юборилган. 221 та мурожаат юзасидан депутатлик сўровлари амалга оширилди.

Таҳлиллар шундан далолат беради-ки, мурожаатларнинг катта қисми мазмунига кўра, уй-жой олиш ва ер майдони ажратиш, бандлик, моддий ёрдам ҳамда ижтимоий ҳимоя масалалари билан боғлиқ. Қолганлари эса газ, сув, электр таъминоти, тиббий хизмат кўрсатиш йўналишида.

Янгибозор туман Оёқдўрман қишлоғи Қоратепа махалласида яшовчи Ҳамдам Яқубов 2-гуруҳ ногирони эканлиги, турмуш ўртоғи ва уч нафар вояга етмаган фарзандлари билан онаси номида турган уйнинг бир бурчагида яшаб келаётганлигини айтиб, ушбу уйнинг ўзига тегишли қисмига қадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришда, шунингдек, кам таъминланган оилалар учун арзон нархдаги уйлардан олишда хамда саломатлигини тиклашда моддий ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Ҳалқ депутатлари Янгибозор туман Кенгаши депутати Малоҳат Худайберганова томонидан мазкур мурожаат юзасидан туман ҳокимлиги ҳамда Фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашига депутатлик сўрови юборилди. Бу эзгу саъй-ҳаракат ўз самарасини берди. Фуқарони узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида унга тегишли тартибда амалий ёрдамлар кўрсатилди.                           

Хонқа шаҳарчаси Гулғунча маҳалласида яшовчи фуқаролар шаҳарчадаги Ал-Хоразмий ҳамда Амир Темур кўчалари олдидан томорка ерларини суғориш учун ариқ ўтказишда амалий ёрдам сўраб, мурожаат этишди. Халк депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати Ойгул Якубованинг ташаббуси асосида бу ердаги томорка ерларини суғориш учун мазкур кўчалар олдидан хашар йўли билан ариқ ўтказилиб, суғориш ишлари учун шароитлар яратиб берилди.

Кўпчилигимиз одатда, кам-у кўстимизни тўлдириш, йўқимизни бор қилиш учун тиним билмай елиб-югурамиз. Бу йўлда қийинчиликларга ҳам дуч келамиз. Иложи борича уларни енгиб ўтишга ҳаракат қиламиз. Аслида фаровон яшаш учун инсонга кўп нарса керак эмас. У ақл-у тафаккурини ўз ўрнида ишга солса бас! Турмуш шароити оғир ҳудудда, чекка-чекка қишлоқларда истиқомат қилса-да, ўзи, оиласи учун барча қулайликларни ярата олади. Бироқ... бироқ, ўзида бор имкониятлардан оқилона, унумли фойдалана олмаса-чи? Унда масалалари мураккаблашиб, оғриқли муаммолари ортиб бораверади.

Халқ депутатлари Гурлан туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Шавкат Ражабовнинг саъй-ҳаракатлари билан Гурлан тумани Эшимжирон, Паҳлавон Маҳмуд, Олға, Сахтиён, Хизир эли маҳаллаларида яшовчи Нилуфар Машарипова, Соҳиба Қодирберганова, Шаҳноза Яхшимуратова, Шодия Қурбонбоева, Зафар Ибрагимов, Шохсанам Хайтбаева, Орзигул Худойберганова, Муҳайё Жуматова, Хурматой Қуролова, Зиёда Юлдашева сингари бир гуруҳ ёшлар туманда ташкил қилинган “REAL МЕD KOMPLEKC” хусусий клиникасига ишга жойлаштирилди.

– Жойларда аҳоли билан учрашиб ёки хонадонларига ташриф буюриб, уларни қийнаётган муаммоларни мунтазам ўрганиб келмоқдамиз. Бу жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар томонлама чуқур ва изчил фаолият олиб бориш зарурлиги сезилиб қолмоқда. Айрим кишилар мурожаат қилиш тартиби, уни амалга ошириш муддатлари, бу ишнинг мураккабликларини яхши тушунмайдилар. Мурожаат қилувчилар орасида уй-жой сўраб, ушбу масалани бир куннинг ичида ҳал қилиб беришни талаб қиладиганлар ҳам бор. Уларга турар-жой билан таъминланишнинг қонун-қоидаларини тушунтиришимизга, бу ишни амалга ошириш тартиб-таомили ҳақида атрофлича маълумотлар беришимизга тўғри келади, баъзида, - дейди ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш сектори етакчи муатахассиси Умрбек Маҳмудов.

Аҳолининг суюлтирилган газ, ичимлик суви таъминотини яхшилаш билан боғлик масалалари ҳам ҳал қилинмоқда. Масалан, Ҳазорасп тумани Бўстон махалласида яшовчи фуқаро Аюбхон Матяқубов ўз хонадонига ичимлик суви улаш масаласи юзасидан қилган мурожаати туман уй-жойдан фойдаланиш ва коммунал хизматлар кўрсатиш бўлими раҳбарияти ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Аҳмаджон Қаландаров томонидан ижобий ҳал қилинди.

Шунингдек, Янгиариқ тумани “Арбоблар” маҳалласида яшовчи Азамат Қўчқаровнинг мурожатидан қайд этилишича, маҳалладаги Юксалиш кўчасига тоза ичимлик суви ўтказилмаган. Халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Зафар Худайберганов томонидан Туямуйин-Урганч минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси туман бўлими раҳбариятига депутатлик сўрови юборилди. Натижада, мазкур махаллага 2020 йил давлат дастурлари доирасида ичимлик суви қувурлари етқизилади ва аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Мурожаатларни муддатида, тегишли тартибда кўриб чиқиш, ҳал этилишини таъминлаш катта масъулият талаб этади. Бу борадаги вазифа эса фақат фуқароларни қабул қилиш, тинглаш, рўйхатга олишдан эмас, лозим ҳолатларда тегишли идора-ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар билан ҳамкорликда, чуқур ўрганишлар асосида иш олиб боришдан иборат. Бундан кўзланган асосий мақсад эса биринчи навбатда, халқимиз фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдир.

 

Гулноза УМИРОВА,
ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz