ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


Ишонч, ҳамжихатлик, мустаҳкам дўстона алоқалар қарор топмоқда 20.06.2019

Ишонч, ҳамжихатлик, мустаҳкам дўстона алоқалар қарор топмоқда


Тинчлик – барчамиз учун қиймати тенгсиз бойлик. Чинакам саодат у. Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар замирида ҳам энг аввало, тинчлик-осойишталикни таъминлаш мақсади мужассам. Юрт равнақи, халқ фаровонлигининг кафолати ҳам шунда.

Халқимизда “Қўшнинг тинч, сен тинч”, деган нақл бор. Бу ҳаётимизда ўз исботини топган очиқ ҳақиқат. Шу боисдан ҳам қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиши мамлакатлараро тинчлик, барқарорлик, ўзаро ҳамжиҳатликнинг таъминланиши билан боғлиқ эканлигини барчамиз чуқур англаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбеда бўлган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитидаги иштироки хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишга эришиш йўлида тўсиқ бўлаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари, бу борадаги муҳим масалаларнинг олиб чиқилиши билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.  

Президентимиз замонавий халқаро муносабатлар тизими тобора ортиб бораётган беқарорлик ва кутилмаган ҳодисалар билан изоҳланаётганини таъкидлади. Улкан иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга Осиё қитъаси мамлакатлари жиддий хатарларга дуч келаётгани, бу аввало, экология, демография, миграция, ҳаёт ва таълим даражаси пастлиги муаммолари билан боғлиқ эканлиги алоҳида таъкидланди. Улар ижтимоий низоларнинг асосий манбаи, экстремизм ва терроризм мафкураси тарқалиши учун шароит яратадиган муҳитдир. Айниқса, ёшлар ўртасидаги радикаллашув жараёни ташвиш уйғотиши айни ҳақиқат.

Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Давлатимиз раҳбари мамлакатларнинг тинчликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурар экан, уларнинг улкан ижобий самараларини ҳам қайд этиб ўтди.

Мамлакатимиз ҳамиша тинчлик тарафдори бўлган ва шундай бўлиб қолади ҳам. Ўзбекистон ҳамжиҳатлик, барқарорликка эришишга қаратилган ҳар қандай музокараларни қўллаб-қувватлайди. Саммитда Президентимиз томонидан ана шу масалалар алоҳида эътироф қилинди. Қайд этилганидек, энг аввало, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ушбу мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бутун минтақа учун янги стратегик имкониятлар эшигини очади.

Ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг радикаллашувига қарши курашиш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳам барқарорлик ва фаровонликнинг муҳим шартларидан.

Шу муносабат билан Президентимиз Ўзбекистон фан, таълим соҳаларидаги ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчиси бўлишга тайёр эканини билдирди. Мамлакатимиз халқ дипломатияси доирасидаги алоқаларни, жумладан, туризм бўйича форумларни ташкил этиш орқали фаоллаштиришни муҳим деб ҳисоблайди.

Шунингдек, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш хусусида ҳам атрофлича сўз юритилар экан, Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунинг учун самарали платформа сифатида улкан аҳамият касб этади.

Иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва минтақавий савдони ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш жуда муҳим. Бунда, аввало, бутун минтақанинг транзит ва иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини берадиган устувор инфратузилма лойиҳаларига эътибор қаратиш лозим.

Бу эса, ўз навбатида, халқларимиз ўртасидаги ишончнинг ортишига ва мустаҳкам дўстона алоқалар қарор топишига хизмат қилади.

 


Ражапбой РЎЗМЕТОВ,
ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши раиси


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz