ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


21.06.2019

Халқимизнинг маънавий камолоти, миллатимиз ва ёшларимиз тақдирига эътибор ифодаси


Китоб – маънавиятимиз гултожи. “Ўзимдаги энг яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман”, деганида таниқли адиб нақадар ҳақ эди. Бежиз эмас, ҳаётда нимагаки эришган бўлсак, у ўқиганларимиз ва ўрганганларимиз туфайлидир. Шу маънода китоб алоҳида аҳамият касб этади.

Ахборот технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган бир даврда китобнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни пасайдими? Асло йўқ. Бизнинг китобхонлик даражамиз-чи? Кейинги йилларда чоп этилаётган асарлар китобхон талабига жавоб беряптими? Сифатсиз китоблар “болалаб” кетмадимикан, деган саволлар юзага келади. Ҳамма гап ана шунда. 6-, 7-, ҳатто, 4-синф ўқувчисининг муаллифлик китоби чоп этилмоқда. Бу салбий ҳолат демоқчи эмасмиз. Улар мазмунли, китобхон учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлса, нур устига аъло нур. Аммо аксинча бўлса-чи? Аввало, ёш иқтидор эгаларининг ижодий маҳоратини ошириш, қобилиятини юксалтириш зарур. Ана ўшандагина яхши ижод намуналарини ўзида мужассам этган сифатли тўпламлар дунёга келади.   

Ёшлар – келажагимиз. Улар униб-ўсишлари учун барча имкониятларни яратиш керак, албатта. Ўқувчиларнинг шеърлари, ҳикоялари газета, журналларда, тўпламларда нашр этиб борилса, вақти келиб бадиий етук асарлар тўпланиб, китоб шаклида чоп этилса, мақсадга мувофиқ. Савияси паст адабиёт ёки санъат асарлари халқ маънавий даражасининг юксалишига эмас, аксинча, саёзлашувига хизмат қилади. Бугун мазмунсиз шеърнинг яралишига, эртага унинг қўшиқ бўлиб, омма орасида тарқалишига бефарқ қарасак, демак, “оммавий маданият” деган кўз илғамас қузғунга йўл очган бўламиз. Ўзбек ва жаҳон классик адабиёти намояндалари асарларини ўқимаган кишида адабиёт тўғрисида, унинг ҳаётимиздаги ўрни тўғрисида тўлиқ тушунча ҳосил бўлиши қийин.

Аввало, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, жаҳон адабиёти намоёндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишларини пухта ўйланган тизим асосида ташкил этишни давр тақозо этмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёш авлоднинг чуқур билим олиши, айниқса, уларнинг китобга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Ҳар йили миллионлаб нусхада, бир қанча тилларда дарсликлар чоп этилмоқда. Илмий, бадиий адабиётлар ёшларга ҳавола қилинмоқда. Шу билан бирга китоб ўқишни тарғиб қилишга, бу хайрли амалга кенг жамоатчиликни сафарбар этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимиз Президентининг шу йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори соҳада бир қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этишга, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шу жумладан, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни сифат жиҳатидан янада ривожлантириш, жамиятнинг ахборот маданиятини, тарихимизга ва миллий маданиятга қизиқишини шакллантириш ва кучайтириш, китобхонларга анъанавий хизмат кўрсатиш усулидан уларни замонавий ахборот-кутубхона хизматлари билан таъминлашга ўтиш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Бу “Миллий тикланиш” ДП мақсад ва вазифаларига уйғунлиги билан ҳам юксак аҳамиятга молик масаладир.

Давлатимиз раҳбари томонидан маърифат йўлига қаратилаётган эътибор халқимизнинг маънавий камолоти, миллатимиз ҳамда ёшларимиз тақдирига куюнчаклик ифодасидир.

Китобнинг қадри ҳар доим юксак бўлган ва шундай бўлиб қолаверади. У умр йўлларимизни ёритгувчи нурдир.

 


Санжар ТАНГРИБЕРГАНОВ,
Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашига
"Миллий тикланиш" ДП дан сайланган депутат

 


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz