ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


01.07.2019

Халқ манфаати, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан!


Демократик жамиятнинг бирламчи ва энг муҳим шарти – мамлакатда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашдир. Бу дунё миқёсида тан олинган ва  эътироф этилган ҳақиқат. Ислоҳотлар тақдири, демократлаштиришнинг самарали натижалари ва истиқболи кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситаларининг аҳоли ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ақл-заковати ва фидойилик туйғуларини шакллантирувчи муҳим институт сифатидаги вазифаларини қай даражада бажараётгани билан ҳам боғлиқ. Инсонлар онгида демократик қадриятларнинг чуқур илдиз отиши, уларнинг ўз ижтимоий бурчини тушуниш ва ҳақ-ҳуқуқларини янада кенгайтириш истаги, юксак маънавий-маърифий савияга эга бўлиши, манфаатларини онгли идрок қилиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ушбу соҳа айнан жамият тараққиётида муҳим аҳамият касб этувчи соҳалардан биридир.

У ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва сиёсий ҳаётнинг турли қирраларини акс эттиради. Демократик тамойиллар устувор бўлса, матбуот, телавидение, радио, барча оммавий ахборот воситалари ўзининг бутун имкониятларини рўёбга чиқаради.

Глобаллашув шароитида ва интернет асрида ахборот учун ҳеч қандай чегара йўқлигини инобатга олсак, турли бузғун ғояларнинг ёшларимиз онги ва руҳиятини эгаллаб олишига, маънавий қадриятларимиз, анъаналаримизга салбий таъсирига қарши курашиш зарурат эканлигини англаш қийин эмас. Шу боисдан ҳам биз журналистлар зиммасида улкан ва масъулиятли вазифа турибди. Ҳаётга чуқур кириб бориб, ижтимоий-сиёсий жараёнларни туб моҳияти ва аҳамияти, керак бўлса, мураккаблиги билан очиб беришимиз, тараққиётимиз йўлидаги тўсиқларни бартараф этишимиз, муаммоларни дадил кўтариб чиқишимиз, бунда, албатта, холислик ва ҳаққонийликка амал қилишимиз талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “27 июнь -  Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан йўллаган табригида: “...ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак”лиги алоҳида қайд этилди.

Мамлакатимизда журналистика соҳаси чинакам юксалиш босқичига қадам қўйди ва улкан ютуқларга эришмоқда. Тил ва услуб жиҳатидан янги поғонага кўтарилди. Сийқаси чиққан иборалар, бир хиллик ўрнини оддий, таъсирчан талқин эгаллади. Бугун фахр билан айта оламизки, у халқаро майдонда ўз ўрнига, нуфузига эга.

Миллий журналистикамиз очиқ-ошкора, эркин ҳамма учун тушунарли минбарга айланди. Юзлаб босма нашрлар, ўнлаб телевидение ва радио тармоқлари фаолият кўрсатмоқда-ки, улар мамлакатимизнинг бутун ҳудудларини қамраб олган. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан яратилган қулай шароит ва имкониятлар меваси.

Соҳага оид кўплаб қонунлар ишлаб чиқилди, қарорлар қабул қилинди.

Янгича шароитда ахборот соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида собиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги  ташкил этилди. Агентлик    томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, чет эл веб-ресурслари ва сайтларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш, ахборот майдонидаги фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори фаолиятимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Соҳа ривожига юксак эътибор қаратилар экан, биз журналистларнинг фаолияти ҳам қўллаб-қувватланмоқда, меҳнатларимиз муносиб равишда мунтазам рағбатлантириб борилмоқда.

27 июнь куни Тошкентда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкиллаштирилган маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бундай юксак эътибор ва эътироф менга янада шижоат бағишлади. Нафақат журналист, балки, халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашига “Миллий тикланиш” ДП сайланган депутат сифатида фаолиятимни янада самарали ташкил этишга, сайловчиларимизнинг, энг аввало, бутан Халқимизнинг ишончини оқлашга, Ватанимиз тараққиёти, элу-юртимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш йўлида сидқидилдан хизмат қилишга ҳамиша интиламан.

 

 

Эркинбой ЭГАМОВ,
халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига
“Миллий тикланиш” ДП сайланган депутат


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz