ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


Китоб - ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бойлик 06.04.2019

Китоб - ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бойлик

Айни кунларда серқуёш диёримиз шаҳар ва қишлоқларида “Ўзим ўқиган мактабга китоб совға қиламан” акцияси ўтказилмоқда. Ушбу акцияда “Миллий тикланиш” ДП фаоллари ҳам камарбаста бўлмоқдалар.

Куни кеча Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига партиядан сайланган депутат Гулсара Қурбонбоева ўзи таҳсил олган Урганч шаҳридаги 7- мактабга ташриф буюриб, ўз шахсий кутубхонасидан китоблар жамланмасини ҳадя қилди.

Гулсара Қурбонбоева мактаб ўқувчи ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда бугун мамлакатимизда таълим ва тарбияга эътибор ҳар доимгидан-да кучайганлиги, муҳтарам Президентимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

- Юртбошимизнинг Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзлаган қуйидаги сўзлари қалбимга муҳрланди: “Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз – вақти-соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз – уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз – уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан”. Биз депутатлар, устозлар, ота-оналар, раҳбарлар ушбу сўзларнинг мазмун-моҳиятига етишимиз ҳамда ёш авлодни китоб ўқишга узлуксиз даъват этишимиз ва ўзимиз ибрат бўлишимиз керак, - деди Г. Қурбонбоева.

Депутат шунингдек, “Ўзим ўқиган мактабга китоб совға қиламан” акцияси муҳтарам Президентимиз ташаббуси эканлигини эътироф қилиб, бу эзгу ташаббус вилоятимизда “Миллий тикланиш” ДП фаоллари ўртасида ҳам кенг қўллаб-қувватланаётганлигини, китоб - дунёда энг бебаҳо совға, дўст, маслаҳатгўй эканлигини таъкидлади. Ўз ўқувчилик даврлари, устозлар сабоғи, мактабнинг ўша пайтдаги ҳолати ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Ўзи севиб ёд олган Ҳамид Олимжон, Зулфияхоним, Тоҳир Қаҳҳор ва бошқа шоирларнинг ўнлаб шеърларни ёд ўқиб берди. Китобнинг мўъжизавий қудрати, инсон камолотидаги ўрни ҳақида тўхталиб, ёшларни китоб ўқишга, ҳар доим билимга чанқоқ бўлишга, келажакда катта марраларни забт этишга, халқаро танловлар ғолиби бўлишга даъват этди.

Г. Қурбонбоева совға қилган 120 номдаги китоблар мактаб кутубхонасини янада бойитди. Уларни қабул қилган ўқувчилар шу заҳотиёқ мутолаага киришдилар.

Совға қилинган китоблар орасида «Ўткан кунлар», «Чол ва денгиз», «Шум бола», «Алвидо болалик», «Ўтмишдан эртаклар» каби ўзбек ва дунё адабиётининг ўнлаб нодир намуналари, луғатлар ва ўқувчи ёшларга мўлжалланган бошқа адабиётлар бор.

Шунингдек, Г. Қурбонбоева эндигина китоб ўқишни ўрганган 1-синф ўқувчилари билан ҳам дилдан суҳбатлашиб, уларнинг ёшига мос эртак китоблар туҳфа қилди. Ўқувчилар ўзлари ёд олган шеърларидан, ўқиган эртакларидан айтиб бердилар. Улар бу учрашув унутилмас бўлганлигини, келажакда мактабнинг собиқ ўқувчиси Гулсара Қурбонбоева каби етук инсон бўлишга ҳаракат қилишларини, бунда у совға қилган китобларнинг кўмаги катта бўлишини эътироф қилдилар.

Анвар Ибрагимов

ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши ижрочи котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz