ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


“Миллий тикланиш” ДП Кўшкўпирда сайёр қабул ўтказди 24.06.2019

“Миллий тикланиш” ДП Кўшкўпирда сайёр қабул ўтказди


– Маҳалламиз ҳудудида электр токини етказиб беришда қатор муаммолар юзага келмоқда. Афсуски, тармоқда тез-тез узилишлар кузатиляпти. Айни ёз палласи асқотадиган маиший техникалар “лип-лип”лардан чарчади. Оғиримизни енгил қилишга ярамаяпти. Мана бир неча кундир-ки, уйимизда электр токи йўқ ҳисоби. Ҳайрон қоламан, тўрт-беш соатлик сурункали танаффусдан кейин ялт этиб чироқ ёнади, ярим соатга етиб-етмай яна ўчади. Ҳатто электр уланганини билмай ҳам қоламиз, - дейди Қўшкўпир тумани Қарамон маҳалласида яшовчи Рустам Болтаев.

photo_2019-06-24_09-51-46.jpg

Ҳаво ҳарорати ҳам кун сайин юқориламоқда. Инсонга ҳам, табиатга ҳам, темир ускуналарга ҳам жабр бўлади бундай пайтларда. Тушунамиз, бу ҳолларда кутилмаган ҳодисалар рўй бериши мумкин. Биз буни тўғри қабул қиламиз, лекин дилимизни ранжитадиган бошқа бир ҳолат бор. Нега электр тармоқлари идораси ходимлари узилишлар ҳақида аҳолини олдиндан огоҳлантиришмайди? Ахир, бундай салбий ҳолат бир неча кунлардан бери давом қилмоқда. Айни талаб қонунларда ҳам кўзда тутилган бўлса керак, ахир. Бу ягона мисол эмас...

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан Кўшкўпир туман Кенагас қишлоғи “Кенагас” маҳалласида жойлашган маиший хизмат касб-ҳунар коллежида ўтказилган сайёр қабул юқоридаги мурожаат билан бошланди. Таъминотчи корхона йўл қўйган камчилик бартараф этилиши, бундай ҳолат такрорланмаслиги чораларини кўриш лозимлиги юзасидан кўрсатма берилди.

ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши вакиллари ва депутатлари томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда мавжуд муаммоларнинг туб илдизи чуқур ўрганилиб, уларнинг юзага келиш сабаблари аниқланди.

Кундалик муаммоларни ҳал этишда ва ташвишларни енгиб ўтишда инсонга сабр-тоқат, ирода керак бўлади. Олдимизга қўйган мақсадимиз сари интилишимизда ҳам ўзимизда ана шундай мустаҳкам кучни топа олишимиз жуда муҳимдир. Бир сўз билан айтганда, билим, тажриба, салоҳият тушунчалари турмуш шароитимизни ижобий томонга ўзгартирувчи омилдир. Аммо истиқболини фақат меҳнатда деб билган оддий қишлоқ аҳлига бундай мулоҳазаларнинг фалсафий маъноси бироз мураккаброқ туюлади. Шу боис ҳам кундалик турмушдаги кичик муаммонинг ҳал этилиши катта муваффақият сифатида эътироф этилади.

Кенагаслик ёшларнинг мурожаатлари бизни чуқур мулоҳазага чорлайди. Ана шу масалага алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Таажжубки, қишлоқ ёшлари, ўзлари учун яратиб берилган кенг имкониятлардан ҳалигача бехабар. Демак, бу билан мутасадди раҳбарлар, ёшлар ташкилоти ҳамда таълим-тарбия соҳаси ходимлари, маҳалла фаоллари айни йўналишда мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар мазмунини ёшларга тушунтиришмаган ёки бу борадаги ишлар намунали ташкил этилмаган, деган хулосага келиш мумкин. Ёки бу ерда яшовчи ёшларининг ўзи шу даражада бефарқми? Наҳотки, улар ҳақ-ҳуқуқларини, ўз имкониятларини билмаса?!

Жумладан, фуқаро Мафтуна Ражабова тикувчилик цехи очиш истаги борлиги, маблағ йўқлиги сабабли амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Афсуски, у бугунги кунда юртимиз ёшларига, хотин-қизларига яратилган имкониятларнинг ўзига хос жиҳатлари, талаблари, тегишли тартибда ўзида қандай имтиёзлар борлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас.  

Айнан шу масалаларни ҳал этишга масъул бўлган идора-ташкилотларда фаолият кўрсатаётган ходимлар масъулиятни чуқур ҳис қилиб, аҳоли билан муносабатда қатъият кўрсатсалар, бу ерда яшовчи фуқаролар айтганидек, одамлар ўз дардига чора излаб овора бўлиб юришмасди.

photo_2019-06-24_09-52-42.jpg

Қарамон маҳалласидан Рустам Болтаевнинг маҳаллада захкаш қазиш ишларини олиб бориш, Сардор Хўжаевнинг маҳалла ҳудудидаги айрим кўчаларга сув қувурлари келтирилмаганлиги, Кенагас маҳалласи фуқароси Хўжаназар Полвоновнинг маҳалла ҳудудидаги йўлнинг пиёдалар йўлакчаси бир қисмидаги ишлар якунига етмай қолганлиги тўғрисидаги мурожаатлари ҳам эшитилди, тегишли тартибда йўл-йўриқлар белгиланди.

Мурожаатларнинг бир мунча камайгани муаммоларни ҳал этиш механизмининг тобора такомиллашиб бораётгани самарасидир. Шундай бўлса-да, тегишли идора-ташкилотлар олдида айни йўналишда муҳим ва кенг кўламли вазифалар турганлиги қабул давомида алоҳида қайд этиб ўтилди.

 

 

 

Гулноза УМИРОВА,
ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz