ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


05.08.2019

Муаммо қай даражада бартараф этилди?


Халқ манфаати устувор мамлакатда фаровонлик барқарор бўлади. Бу тан олинган очиқ ҳақиқат. Энг муҳими, фуқароларнинг осойишта, хотиржам ва бахтиёр яшашлари учун муносиб шароитларни яратиш. Истиқболини фақат меҳнатда деб билган, турмуш ташвишлари билан тиним билмай елиб-югурадиган, баъзида кимдандир мадад кутадиган, ҳимояга муҳтож халқни ўйлаш, уни қўллаб-қувватлаш зарур, албатта. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган барча эзгу ташаббуслар моҳиятида ҳам халқни рози қилиш мақсади ифода топган. Бугунидан мамнун, эртасига ишончи юксак фуқароларгина мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайди, олға интилади ва келажакни ўз қўли билан яратади.

Халк – буюк куч. Биз сўзимиз аввалида халқнинг розилиги ҳақида беҳуда тўхталмадик. Унда жиддий эътироз уйғондими, албатта, “қалқади”. Барчамизнинг хабаримиз бор, Хоразм вилоятининг Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган, қарийб икки ойдан буюн очиқ далада қўним топган аҳолининг яъни Урганч шаҳридаги Ашхобод маҳалласи фуқароларининг “уйғониши” турли шов-шувларга сабаб бўлди. Биз бу ҳақда тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз. Энг муҳими, бу ердаги инсонларнинг талаб ва истаклари қондирилди.

Сир эмаски, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ҳар қандай ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди, инсонпарварлик сиёсати тарафдори сифатида партиямизнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳам ана шундай улкан ислоҳотлар ижросини таъминлашга қаратилган.

Хўш, бу ердаги аҳолини қийнаётган оғриқли масалалар ўз вақтида ечим топяптими? Муаммолар қай даражада бартараф этилмоқда? Фуқаролар яратиб берилаётган шароитлардан мамнунми?

Ушбу саволларга ойдинлик киритиш, бунёдкорлик ишларида Ашхобод маҳалласи фуқароларига ёрдам кўрсатаётган, кўмакдош маҳаллалар аҳлининг айни масалалар юзасидан муносабатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят ҳамда Урганч шаҳар Кенгашлари томонидан Урганч шаҳридаги 3-сонли Маърифат маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказилди.

– Ашхобод маҳалласи фуқароларининг талаблари қонун доирасида қаноатлантирилди. Аҳоли хоҳиш-истаклари, эҳтиёжи инобатга олиниб, зарур шароитлар яратилмоқда. Энг муҳими, халқнинг эзгу интилишини ўзида ифодалаган улкан ниятлари амалга ошмоқда. Ҳашар ота-боболаримиздан қолган қутлуғ қадрият. Чиройли, саранжом-саришта яшашга нима етсин. Биз ҳам маҳалладошларимиз билан ҳамжиҳат бўлиб, бирдамликда Ашхобод маҳалласи аҳлига кўмаклашмоқдамиз, - дейди, Урганч шаҳридаги 3-сонли Маърифат маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аминбой Хажиев.

Урганч шаҳридаги Ашхобод маҳалласида истиқомат қилаётган аҳолига Урганч тумани “Чондирқиёт” қишлоғи ҳудудидан ер майдонлари ажратилиб, янги лойиҳалар асосида замонавий типдаги қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Ҳудудда аҳоли учун арзонлаштирилган сифатли шағал, пишган ва хом ғишт сингари қурилиш моллари бозори ташкил этилиб, фуқароларнинг транспорт харажатлари тежалмоқда. Вилоят ҳокимлиги томонидан аҳоли бепул қум, шунингдек, қурилиш ишлари учун техника воситалари билан таъминланмоқда. Ҳудудда алоҳида электр, сув ҳамда газ таъминоти тармоғи ўтказиш ишлари бошлаб юборилган.

Аҳолига яна бир қулайлик яратиш мақсадида ҳудудни Урганч шаҳри маркази билан боғловчи жамоат транспорт қатнови йўлга қўйилди. Бу ердаги инсонларнинг эҳтиёжи инобатга олиниб, бозорча, шунингдек, фуқаролар тинчлигини сақлаш мақсадида жамоатчилик назорат маскани ташкил этилган. Тиббий хизмат пункти ҳам фаолият бошлади.

Айни ҳудудда давлат хусусий шерикчилиги асосида янги массивда маҳалла гузари, ҳаммом маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси савдо расталаридан иборат “Экобозор”, умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим муассасаси бинолари, сунъий қопламали спорт майдончаси қурилиши режалаштирилган. Икки қаватли маҳалла гузари биносида замонавий кутубхонанинг мавжуд бўлиши бугунги кунда Президентимиз томонидан илгари сурилган “беш ижобий ташаббус” ижроси сифатида муҳим аҳамият касб этади ва уни ёшлар ҳаётига таnбиқ этиш имконини яратади.

Ислоҳотлар, уларнинг амалиёти халқимиз қалбидан қадрият даражасида ўрин эгаллаб улгурмоқда. Фаровон, тинч-тотув, озода, тўкин-сочин яшаш оддий турмуш тарзимизга айланди. Айни ҳудудда олиб борилаётган янгиланишлар жараёнида кўзга ташланган кўтаринкилик аҳолининг ана шундай қутлуғ ҳақиқатни тўла англаб етганидан, унинг эзгу мазмун-моҳиятини чуқур ҳис қилганидан далолат бериб турибди.

 

 

 

Гулноза УМИРОВА,
ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz