ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


Партия платформаси лойиҳаси хоразмлик ёшлар нигоҳида 19.08.2019

Партия платформаси лойиҳаси хоразмлик ёшлар нигоҳида


Юксалиш, тараққиёт сари илдамлаб бораётган ҳар қандай мамлакат ўз эртасини бағрида ўсиб келаётган навқирон фарзандлари тимсолида кўради, уларга суянади, таянади. Буюк келажагининг чин маънодаги бунёдкори сифатида қарайди. Улар камолоти йўлида бор имкониятларини сафарбар этади.

Эзгу орзу-умидлар рўёбини фарзандлар истиқболида кўриш миллий урф-одатларимизга хос гўзал фазилатларимиздан бири саналади. Шонли ўтмишимиз саҳифаларидан аёнки, азал-азалдан ота-боболаримиз ўз насли, зурриёди тақдирига жиддий эътибор қаратган. Фарзанд тарбияси келажакни ҳал қилувчи ўта муҳим вазифа эканлиги ўша даврлардаёқ жуда яхши англанган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2025 йилларга мўлжалланган сайловолди Платформаси лойиҳасида ҳам “Ҳар бир ёшга фаровон ҳаёт учун имкониятлар ва индивидуал йўл тақдим этилиши” борасидаги муҳим ташаббуслар ўз ифодасини топган.

Урганч шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ташкил этилган очиқ мулоқотда Хоразмлик фаол ва ташаббускор, партиямиз сафидаги йигит-қизларнинг ЎзМТДП сайловолди Платформаси юзасидан аниқ ва натижадор, муҳим ва долзарб таклифлари эшитилди.

Мунозараларга бой, конструктив руҳда кечган мулоқотда мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтириш, туризмни ривожлантириш, бу борада мутлақо янгича инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш борасида билдирилган истиқболли таклифлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бу ерда иштирок этган йигит-қизлар бутун халқимиз, хусусан, ўз тенгдошларида миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга бўлган ҳурмат ва эътиборни кучайтириш, ўзбекона урф-одатларимизга эътиқодини янада мустаҳкамлаш борасидаги дадил фикларни билдириб, ўз таклифларини ўртага ташладилар. Ноёб экспонатлар мажмуаси – замонавий музейлар фаолиятига қизиқиш уйғотиш, улар билан яқиндан танишиб, ўрганиб бориш орқали, бу ерда акс эттирилган тарихий жараёнларнинг очилмаган қирраларини кашф этиш, таҳлилий ёритиш, ўқувчи-ёшлар билан ишлашда ўзига хос самарали йўналишларни ишлаб чиқиш, айниқса, уларни касб-ҳунарга йўналтиришнинг янгича услубларини амалиётга жорий этиш, ёш кадрларни соҳаларга жалб этишда мутлақо янгича тизим, жаҳон тажрибасида ўз исботини топган ва ижобий натижа кўрсатган ўзаро рақобат асосида ёшлар интлектини юксалтиришга хизмат қилувчи анъаналарни йўлга қўйиш масалалари билан боғлиқ таклифлар барчада катта таассурот уйғотди. Очиқ мулоқотда бахс-мунозаралар қизғин кечди.

Албатта, бундай ёндашув ёшларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини таъминлашда, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда алоҳида аҳамият касб этади. Шунингдек, изланувчан, билимдон, ташаббускор йигит-қизларимизни атрофимизга бирлаштириш, Ватанпарвар ёшлар сафини кенгайтиришда ҳам муҳим ўрин тутади.

Партиямиз устави ва дастурида кўзда тутилган асосий мақсад ҳам ёшларни ўз Ватанини ҳурмат қилиш, севиш, у билан фахрланиш, ҳар қандай шароитда миллий мустақилликни, халқнинг қадриятлари, анъаналари, урф-одатларини асраш ва ҳимоя қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек, унинг маънавий эҳтиёжлари, қизиқишларини чеклашга бўлган уринишларга қарши курашишга таъсирчан ҳисса қўшишдир.

Бугунги тезкор ахборот асрида ёшларнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ташқи салбий таъсирларнинг бўй кўрсатаётгани ҳечкимга сир эмас. Турли хавф-хатарларга қарши курашишда халқимизнинг шонли ўтмиши, бой маданияти, улуғ аждодларимизнинг жасорати, Она Ватанимиз – Ўзбекистонимизнинг миллий манфаатлари биз таянадиган ва суянадиган улкан куч-қудрат манбаи эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.

Навқирон йигит-қизлар камолоти йўлида яратилаётган шароитлар, олиб борилаётган ҳайрли ишлар эзгу мақсадларимиз рўёбига хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, мамлакатимизнинг нурафшон истиқболини биз фақат ва фақат чуқур билим, ўткир зеҳн, теран тафаккур, ёрқин истеъдод эгалари бўлган ёшлар тимсолида кўрамиз!

 


Гулноза УМИРОВА,
ЎзМТДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz