ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


Тарихий меросни сақлаш ва ўрганиш, авлоддан-авлодга етказиш партиянинг бош мақсадларидан бири 07.09.2019

Тарихий меросни сақлаш ва ўрганиш, авлоддан-авлодга етказиш партиянинг бош мақсадларидан бири


Айни кунларда юртимизда жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1046 йиллиги муносабати билан кенг миқёсда маъданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда ёшларимизга Берунийнинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти хусусида атрофлича маълумот берилмоқда. Бу ўсиб келаётган ёш авлодда ўзликни англаш туйғусини ўстириши билан аҳамиятлидир.

Куни кеча Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан Урганч шаҳридаги Ал-Беруний ёдгорлик мажмуасида “Буюк алломаларимиз илмий-ижодий мероси – халқимиз йўлини ёритувчи тафаккур машъали” мавзуида ёшлар билан учрашув ташкил этилди.

Унда Урганч давлат Университети ҳамда Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиаллари, Урганч тиббиёт коллежи профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи олимлар, талаба ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

photo_2019-09-07_15-02-53.jpg

Учрашувда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши раиси Ражаббой Рўзметов сўзга чиқиб, буюк бобокалонимиз – Абу Райҳон Беруний қолдирган бой илмий мероснинг оламшумул аҳамияти хусусида тўхталди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси халқимизда миллий ўзликни англаш ҳиссини ўстиришга ҳисса қўшар экан, тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш, ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига ҳурмат, эҳтиром уйғотиш каби кенг кўламли  вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Партиянинг сайловолди Платформасида ўз аксини топганидек, “Бизнинг буюк тарихимиз Ўзбекистон халқининг генетик фондида, унинг тарихий хотираси ва амалларида сақланади ва қайта ривожланади. Тарихий меросни сақлаш ва ўрганиш, авлоддан-авлодга етказиш партиямизнинг бош устуворликларидан бири ҳисобланади”.

photo_2019-09-07_15-02-55.jpg

– Берунийнинг ўз давридаги ва кейинги олимларга илмий таъсири жуда кучли бўлган. Шунинг учун ҳам унинг замондошлари ва кейинги асрларда яшаб, ижод қилган шарқ мутафаккирлари, Европа олимлари ҳам ўзларининг устози, яъни муаллими деб тан олганлар. Беруний ёшларни билимга ўргатиш жараёнида ақлга ва тажрибадан ўтган билимга таяниш лозимлиги тўғрисидаги ғояни илгари сурган ҳолда, болалар билиши ва ўрганиши зарур бўлган фанларни ҳақиқий фанларга бўлади. Бу фанларнинг ҳар бирига ўз давригача бўлган билимларни умумлаштириб, ўзининг янги хулосалари билан катта ҳисса қўшган, - дейди Халқ таълими аълочиси Собуржон Саъдуллаев.

Учрашувда таъкидланганидек, буюк қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг номи неча асрлардан буён инсоният қалбида яшаб келмоқда. Алломанинг турли фан соҳаларига доир  асарлари ҳали-ҳануз илм-фан  аҳлини  ҳайратга солади. Бу  асарлар кўп замонлар  билимлар тараққиётида ҳал қилувчи ўрин эгаллаб келди ва жаҳон илм-фанининг юксак чўққиларини забт этди.

Тадбирда олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан Берунийнинг буюк кашфиётлари хусусида талабаларга муҳим маълумотлар берилди, ёшлар ёдгорлик мажумуасидаги музей экспонатлари билан таништирилди.

photo_2019-09-07_15-02-50.jpg

 



Гулноза УМИРОВА,
ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz