ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


27.05.2019

Топқирлик баҳси


Болалик ўзгача олам, беғуборлик фаслидир. Туйғулари мусаффо, орзулари чароғон шириндан-шакар кичкинтойлар ҳаётимиз қувончи. Ажиб шўхликларидан бир дунё завқ оламиз. Бийрон тилларидан томган сўзлар, ўткир зеҳнларидан дарак теран фикрлар бизни қойил қолдиради.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” ҳамда “Ёшлар қаноти” томонидан “Болажон халқ” шиори остида мактаб ўқувчилари иштирокида “Менинг севимли китобим” викторинаси ўтказилди.

Урганч шаҳридаги марказий истироҳат боғида ташкил этилган викторина беллашувларига шаҳардаги 1-умумтаълим мактабининг 5-6-синфларида таҳсил олаётган ўн беш нафар фаол ўқувчилар таклиф қилиндилар. Улар адабиёт фанига оид саволларга зийраклик ва топқирлик билан жавоб бериб, ўз маҳоратларини намойиш этишди. Дарс машғулотларида ўрганганларини қайта такрорлаб, билимларини синовдан ўтказдилар.

photo_2019-05-27_16-07-56.jpg

photo_2019-05-27_16-07-59.jpg

– Китоб бизни эзгуликка етаклайди. Ўқиганимиз сари тафаккуримиз тиниқлашиб, гўзал фазилатларимиз ортиб боради. Мутолаа барча тенгдошларим қатори менинг ҳам севимли машғулотим. Айниқса, бадиий асарларни катта қизиқиш билан ўқийман. Бугунги беллашувда қатнашиб, берилган саволларга аниқ ва атрофлича жавоб қайтаришга ҳаракат қилдим. Бу каби тадбирлар биз ўқувчиларни янада фаол бўлишга чорлайди, – дейди Урганч шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Асалой Отабоева.

Викторинада фаол қатнашган барча ўқувчиларга ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши томонидан бадиий китоблар, эсдалик совғалари тақдим қилинди. 1-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчи Насиба Машарипова партия вилоят кенгашининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

photo_2019-05-27_16-08-03.jpg

Шогирдларининг викторинадаги фаол иштироки унинг ютуғи эканлигини устоз алоҳида таъкидлади:

– Ўқувчиларимнинг адабиёт фанига оид бошланғич билимларни яхши ўзлаштирганликлари, воқеаликларни теран мушоҳада қилишлари, фикрлаш қобилияти, изланувчанлиги айни тадбирда янада ёрқинроқ намоён бўлди. Тўғриси, топқирликларидан, мутолаага иштиёқлари баландлигидан жуда қувондим. Улар болалар адабиётининг ёрқин вакиллари яратган дурдона асарларни яхши ўқиб-ўрганмоқдалар.

Мамлакатимизда ёш авлод учун яратилаётган имкониятларнинг ниҳояси йўқ. Бундан руҳланган фарзандларимиз фақат олға интилмоқдалар.

Ҳа, бу юртда фақат олдинги сафда юрадиган шаҳдам, жажжи қадамли минглаб, миллионлаб ўғил-қизлар бор. Улар эртанинг бунёдкорларидир. Болажонларимиздан умидимиз катта!


Бекзод ЗАРИПОВ,
ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши
ёшлар масалалари бўйича
етакчи мутахассиси


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz