ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


“Ёшлар қаноти”: фаолиятга таҳлилий назар 26.06.2019

“Ёшлар қаноти”: фаолиятга таҳлилий назар


Ёшлар таълим-тарбияси учун барча шароитларни яратиш, маънавий юксак ва интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялаш йўлида Давлатимиз раҳбари томонидан улкан саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг Ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган бешта муҳим ташаббуси мамлакатимиз йигит-қизлари ҳаётидаги энг муҳим янгилик бўлди. Навқирон авлод келажагига дахлдор бундай улкан янгилинишнинг мазмун-моҳияти амалиётда ўз ифосини топмоқда.

Ушбу хайрли ташаббус қисқа вақт ичида ҳаётга тезкор ва изчил татбиқ этилиб, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улар учун маданий тадбирлар, компьютер саводхонлиги ва интернет марказлари, спорт тўгараклари ташкил этиш, шунингдек, китобхонликни оммалаштиришга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари “Ёшлар қаноти” томонидан муҳим ташаббус доирасида 15та турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, уларда ёшларнинг 472 нафари иштирок этди. Ушбу тадбирларда ўғил-қизлар ўз билим, кўникмаларини мустаҳкамлаб, истеъдод ва қобилиятларини, маҳоратларини намойиш қилдилар.

– Албатта, бундай ёндашув ёшларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини таъминлашда, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда алоҳида аҳамият касб этади. Шунингдек, атрофимизга изланувчан, билимдон, ташаббускор йигит-қизларни бирлаштириш, Ватанпарвар ёшлар сафини кенгайтиришда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Партиямиз устави ва дастурида кўзда тутилган асосий мақсад ҳам ёшларни ўз Ватанини ҳурмат қилиш, севиш, у билан фахрланиш, ҳар қандай шароитда миллий мустақилликни, халқнинг қадриятлари, анъаналари, урф-одатларини асраш ва ҳимоя қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек, унинг маънавий эҳтиёжлари, қизиқишларини чеклашга бўлган уринишларга қарши курашишга таъсирчан ҳисса қўшишдир, - дейди ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгашининг ёшлар масалалари бўйича етакчи мутахассиси Бекзод Зарипов.

Бугунги кунда партия вилоят Кенгашидаги аъзолар сони 17846 нафарни ташкил қилса, шундан 9851 нафари 30 ёшгача булган ёшлардир.

Жорий йилнинг шу даврига қадар партия вилоят Кенгаши “Ёшлар каноти” томонидан тегишли режа асосида иш олиб борилиб, турли йуналишларда 45дан зиёд тадбирлар ўтказилди, уларга 3000 нафарга яқин ёшлар жалб қилинди.

Биламизки, партия тизимида бугунги кун талабидан келиб чиқиб, ёшлар фаоллигини оширишга қаратилган бир қатор лойиҳалар мавжуд. Ана шулардан бири “Депутат билан юзма-юз” лойиҳасидир. Унинг доирасидаги “Депутат ва ёшлар” мавзуидаги мулоқотлар ёшларнинг ислоҳотларни амалга ошириш жараёнидаги иштирокини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби муҳим масалаларни ижобий ҳал этишга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг шу даврига қадар ана шудай тадбирлардан 23 таси ўтказилиб, уларда 1200 нафар ёш иштирок этди.

Уюшмаган ёшлар билан ишлашга эътибор янада кучайтирилмоқда. Айниқса, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи кундалик фаолиятимизнинг асосий бўғинларидан бирига айланди. Натижада, жорий йилнинг шу давригача иш сўраб мурожаат қилган 42 нафар йигит-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Мунтазам ташкил этиб келинаётган “Хизмат – беминнат” лойиҳаси асосидаги ўқув курсларида ёшлар билимларини ошириб, касб-ҳунар сирларини эгаллаб бормоқдалар. Жумладан, лойиҳа доирасида жорий йилнинг шу давригача уларнинг 400 нафари таълим олмоқдалар, кўплаб ҳунарларни яхши ўзлаштирдилар. Алоҳида ташаббус кўрсатиб, турли йўналишларда ўқув қурслари фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдираётган йигит-қизлар сафи кун сайин кенгайиб боряпти. Кўпгина ёшларнинг саъй-ҳаракати билан лойиҳа доирасидаги ўқитиш ишлари намунали олиб борилмоқда.

Ёш авлод қалбида мустақиллик ғояларига садоқат, миллий ўзликни англаш, Ватанга мухаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлашда маънавий-маърифий мавзуларда кечалар, ижод аҳли билан учрашувлар уюштириш, кўрик-танловлар ташкил этишнинг аҳамияти катта. Ана шулардан бири “Китоб мутолааси – эзгу фазилат” тадбиридир. Ушбу тадбирда 470 нафардан зиёд китобхон ёшлар қатнашгани, ўзларининг мутолаага бўлган қизиқишлари ҳамда шу йўналишдаги интилишлари натижасида тўплаган билимларини намойиш этганликлари қувонарли ҳолдир.

ЎзМТДП Хоразм вилоят Кенгаши “Ёшлар каноти” томонидан “Уйма-уй” лойиҳаси асосида жорий йилнинг шу давригача 770 та хонадонларга ташриф буюрилиб, 361 нафардан ортиқ ёшлар билан учрашилди. Муаммолари жойида ўрганилиб, ўз вақтида бартараф этилишига тегишли тартибда кўмаклашилди.

“Кўмак” ҳуқуқий-тарғибот гуруҳи ёшларнинг қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнларида иштирокини таъминлаш, қонун ва қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқишда уларнинг манфаатини ифода этиш, депутатлар билан ёшларнинг мулоқотини ташкил этиш орқали уларнинг сиёсий тафаккур, баҳс маданиятини шакл­лантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Партия вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” қаноти қошидаги 10 нафар талаба ёшлардан иборат “Кўмак” гуруҳи аъзолари барча тадбирларда фаол иштирок этиб, ташаббус кўрсатиб келмоқдалар.

Жумладан, яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят Кенгаши, Хоразм Маъмун академияси, Урганч Давлат университети қошида ташкил этилган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ҳамкорлигида “Маданий мерос объектларини асраш, қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишнинг долзарб масалалари” мавзуида ташкил этилган илмий-амалий конференцияда ҳам гуруҳ аъзолари қатнашиб, конференция давомида ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар. Гуруҳ аъзолари бугунги кунда вилоятимиз туман, шаҳарларидаги мавжуд маданий мерос объектларини ўрганиш, уларни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш орқали бу ерга келувчи маҳаллий сайёҳлар оқимини кенгайтириш масалалари юзасидан ўз лойиҳаларини ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш йўлида профессор-ўқитувчилари билан биргаликда тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.   


Гулноза УМИРОВА,
ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz