ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


28.06.2019

Юксак эҳтиром ифодаси


Аёл – жамият гултожи, меҳр ва муҳаббат тимсолидир. Дунёнинг ҳеч бир жойида ўзбек аёлидек тонг отгунча бедор бешик тебратадиган, фарзанди учун тандирда ширин кулчалар ёпадиган, боласининг кўзмунчоғини кўзига сурадиган меҳрибон, куюнчак она бўлмаса керак. Шукурки, истиқлол йилларида мамлакатимиз хотин-қизларини эъзозлаш, жамиятдаги ролини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Шу мақсадда хотин-қизлар манфаатини ифодаловчи қатор қонуний ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғисида”ги Фармони ҳамда 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори аёлларимизнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Сайлов ҳақидаги қонунларга ўзгартишлар киритилиб, сиёсий партиялардан кўрсатиладиган номзодлар умумий миқдорининг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши тўғрисидаги норма мустаҳкамлаб қўйилди. Жойларда репродуктив саломатлик ва перинатал марказлар очилди. Аёлларга кўплаб ижтимоий имтиёзлар жорий қилинди. Ана шундай чора-тадбирлар туфайли аёлларимиз бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг, давлат ва жамиятда кечаётган улкан ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айландилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги маърузасида мамлакатимиз хотин-қизларининг давлат ва жамият бошқарувида тутган ўрнини янада юксалтириш борасида ҳам аълоҳида тўхталиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари шу юзадан муҳим ва долзарб масалаларни атрофлича муҳокама этар экан, “аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодаси” эканлигини алоҳида қайд этди.

Дарҳақиқат, ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда. Аввало, аёлларимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини, ташаббускорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Бугунги кунда айниқса, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, алоҳида эътибор ва ғамхўрликка, ҳимояга муҳтож аёлларимиз турмуш даражасини яхшилаш, уларни ҳар томонлама тизимли қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, уларни уй-жойлар ҳамда иш билан таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш ва ўз фаолиятларини йўлга қўйишлари учун кам фоизларда имтиёзли кретидлар ажратиш масалаларида алоҳида кўмаклашилмоқда.

Хусусан, шу йилнинг ўтган даврида вилоятда 29588 нафар ишсиз аёл аниқланиб, 3735 нафарининг бандлиги таъминланди. 1729 нафар хотин-қиз тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, 1807 та янги иш ўрни яратилди. “Устоз-шогирд” анъаналари асосида 169 та ҳунармандчилик, 39 та касаначалик бўйича иш жойлари ташкил қилинди. Тарғибот-ташвиқот ишларида аёлларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларни тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун яратилаётган имкониятлардан доимо хабардор қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз томонидан “Беш та ижобий ташаббус” доирасида юртимиз хотин-қизларига бир қатор имкониятлар яратилди. Имкониятдан унумли фойдаланган аёлларимиз фаолиятининг самаралари юзага чиқмоқда. Жумладан, ЎзМТДП фаоли, Гурлан туман Янгибоғ маҳалласида яшовчи Шахноза Эримматова хотин-қизлар бандлигини оширишга доир бешинчи ташаббус доирасида имтиёзли кредит асосида “Шахноза дизайн” оилавий корхонасини ташкил қилди. Корхона асосан тикувчилик ва трикатаж маъсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Тадбиркорнинг саъй-ҳаракатлари натижасида иқтисодий-ижтимоий аҳволи оғир оилалар вакиллари, коллеж битирувчилари бўлган 6 нафар қизлар иш билан таъминланди.

Ёш тадбиркор ўтган йили “Ташаббус – 2018” танловининг туман босқичи ғолиби бўлиб, вилоят босқичида энг ёш, ташаббускор тадбиркор номинациясини қўлга киритди. Шунингдек, у вилоятимизда ўтказилаётган кўплаб танловларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Партиянинг “Хизмат-беминнат” лойиҳаси доирасида эса у кам таъминланган оилалар қизларининг 3 нафарига ҳунар сирларини ўргатмоқда.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги маърузасида “ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт”лигини алоҳида таъкидлади.

Маълумотларга қараганда, бундан ўн йил олдин Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари таркибида хотин-қизлар миқдори 20 фоиздан ортиқ эди. Эндиликда бу кўрсаткич юқори палатада – 17 фоизга, қуйи палатада эса – 16 фоизга тушиб қолган. Бу эса сиёсий-ижтимоий ҳаётимизда аёлларимизнинг ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида амалга ошириш зарур бўлган кўплаб вазифалар олдимизда турганидан далолат бермоқда. Президентимиз бу борадаги муҳим таклифларни илгари сурар экан, фаоллик ва ташаббускорликни ошириш зарурлигини таъкидлади.

Яқин вақт ичида “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш кераклигини қайд этди. Бу ўз навбатида, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим дастуриламал сифатида катта аҳамият касб этади.

 


Нигора НУРЛАЕВА,
ЎзМТДП “Аёллар қаноти” фаоли


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz