ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Наманган вилояти


“Сирли масжид” ёдгорлиги бузилиш арафасида: ёки халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши сессияси қарори нега ижро этилмаяпти? 21.09.2018

“Сирли масжид” ёдгорлиги бузилиш арафасида: ёки халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши сессияси қарори нега ижро этилмаяпти?

Юртимиз қадим тарихи, бой анъаналари, авлиёю алломалари, тарихий обидалари, зиёратгоҳлари билан дунёга машҳур. Наманган вилояти ҳам азалдан илм-фан ва маданиятнинг йирик марказларидан бири бўлиб келган. Бу заминдан кўплаб буюк олимлар, улуғ сиймолар етишиб чиққан.

Бугун Наманган вилоятида 273 моддий-маданий мерос объекти мавжуд. Уларнинг 151 таси археология ва 99 таси архитектура ёдгорликлари бўлса, 15 таси зиёратгоҳ, 8 таси монументал ҳайкалдан иборат. Бу ўз навбатида ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, Наманганни сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш имкониятини беради.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳлари айни шу мақсадда ҳудудлардаги маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларни ёш авлодга асл ҳолича етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, партиянинг халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги гуруҳи Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг ҳудуддаги ижроси масаласини 2017 йил 25 ноябрь куни бўлиб ўтган шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига олиб чиққан ва бу борада қарор ҳам қабул қилинган эди.

Ушбу қарорда, Наманган шаҳри Қўқон кўчаси, 5-уйда жойлашган “Сирли масжид” зиёратгоҳи ҳудудида ободонлаштириш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланганди. Аммо…

Мазкур масала хусусида гапиришдан аввал, ушбу тарихий маскан тарихи, унинг нима сабабдан “сирли” деб номланаши ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Бу ҳақда аниқ ва асосли маълумотларга эга бўлиш мақсадида, ўз вақтида Наманган вилояти маданият бошқармасининг тарихий маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш бўлими нозири — бошлиғи бўлиб ишлаган таниқли манбашунос, меҳнат фахрийси Аҳмад Убайдуллоҳ билан суҳбатлашдик.

— Халқ орасида “Сирли масжид” сифатида ном қозонган бу меъморий ёдгорлик XIX асрда барпо этилган, — дей­ди манбашунос олим. — Масжид ҳовлисида Қўқон хонлиги даврида, яъни XVIII асрнинг охири ва XIX асрнинг биринчи ярмида яшаган тасаввуф олими Мажзуб Намангонийнинг муриди Ҳусайн халифанинг мақбараси жойлашган. Масжид шифтлари нақшлар билан безатилган, сирланган, рангли бўёқ билан ҳаллангани сабабли “Сирли масжид” номи билан атала бошланган. Дарҳақиқат, масжиднинг номи ўзига ярашган бўлиб, водийнинг гўзал иқлимига мос ва хосдир.

Демак, манбашунос олим Аҳмад Убайдуллоҳ маълумотларидан шундай хулоса келиб чиқадики, ёдгорлик номини унинг пештоқига илинганидек, “Шайх Зокирхўжа Эшон” эмас, балки “Ҳусайн халифа” зиёратгоҳи деб номлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, бу масжид ҳудудидаги қабрда юқорида қайд этилганидек, Шайх Зокирхўжа Эшоннинг эмас, балки Ҳусайн халифанинг ҳоки ётибди. Қўқон хонлигининг шайхул исломи бўлган, яъни хонликда ислом шариатига оид муҳим масалаларда фатволар чиқариш ҳуқуқига эга бўлган Шайх Зокирхўжа Эшон “Сирли масжид”дан чамаси 100 метр нарида қад ростлаган замонавий савдо мажмуаси ҳудудида (олдинги болалар боғчаси ўрнида) дафн қилинган.

Масжид тўғри тўртбурчак тархли, икки устунли хонақоҳ ва сатҳи ундан катта бўлган икки томонлама қурилган айвондан иборат бўлган. Айвон ва хонақоҳ деворларига чўққисимон меҳроблар ишланган. Хонақоҳ безаксиз, лекин айвон турли нақшлар билан серҳашам безатилган. Айвон шифти ҳавозаси ва устунлар тепаси муқарнасли қошлар, рангоранг гулли нақшлар ва безакли поюстунлар билан зийнатланган. Деворларнинг юқори томонлари энли ҳандасий нақшлар билан ҳошияланган. Айвон безагида амалий санъатнинг — фарғоналик халқ усталарининг энг гўзал ижод намуналари намойиш этилган. Масжид олдидаги чор атрофи тўсилган ҳовлида тархи тенг томонли ҳовуз, кекса чинор ва хом ғиштдан қурилган синчли бино бўлган.

Ачинарлиси, 2009 йили вилоят марказида йўлларни кенгайтириш ишлари олиб борилиши сабабли масжиднинг асосий биноси бузиб юборилади. Аммо унинг дарвозахона қисми ва масжид ичидаги қабр сақланиб қолган. Ушбу ёдгорлик 2011 йили вилоят ҳокимининг 106-сонли қарорига асосан маданий мерос объекти сифатида муҳофазага олинган. Туризмни ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурга кўра, масжид ҳовлисидаги мақбара 2016 йили вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қайта реставрация қилинган. Яъни, қабр сатҳи 1,5 баробар юқорига кўтарилиб, мармар тош билан қопланган. Бироқ, абгор ҳолатга келиб қолган масжид ҳудудидан “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғини ўзига бино сифатида фойдаланиб келаётгани таассуфланарлидир.

Меъморий ёдгорлик ичига қадам босиб, масжид ҳовлисидаги тартибсизлик, қабр атрофидаги ёқимсиз манзарадан дилингиз хира тортади. Масжиднинг бузиб юборилган ҳудудида фаолият олиб бораётган новвойхона (Жаҳонгир Исаев), сартарошхона (Тоҳиржон Аҳмедов), тунукасозлик устахонаси (Аловиддин Абдураззоқов) эгалари ҳунармандчилик билан шуғулланиб, аҳолига маиший хизмат кўрсатиб келмоқда. Лекин уларнинг улуғ аждодлар хотирасига ҳурмат кўрсатиш, масжид ва қабр атрофининг тозалигини сақлашни эсдан чиқариб қўяётгани ачинарли. Қолаверса, “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари ҳам бунга бефарқлик билан томошабин бўлиб тургандай таассурот қолдиради.

Мазкур ҳолат юзасидан изоҳ сўраганимизда, маҳалла оқсоқоли Луқмонжон Иномов шундай жавоб қайтарди:

— “Сирли масжид” ёдгорлиги ва зиёратгоҳ маҳалламиз аҳли учун ҳам муқаддас саналади. Азал-азалдан бу ерга узоқ-яқиндан одамлар келиб, зиёрат қилиши бор гап. Лекин маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси йўқлиги боис, Наманган шаҳар ҳокимининг 2016 йил 10 мартдаги 17-сонли қарорига асосан, бу тарихий жойдаги бино фойдаланиш учун ажратилган. Шу ўринда айтишим керак, айни вақтда халқ орасида “қизил чойхона” номи билан аталувчи Қўқон кўчасидаги 44-уйни  маҳалла гузари, ҳудуд профилактика инспектори хонаси ва кексалар учун ҳордиқ чиқарадиган маскан сифатида мослаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрмоқдамиз. Бунинг учун Наманган шаҳар ҳокимлигига давлат бюджетидан 50 миллион сўм маблағ ажратилиши юзасидан ёрдам сўраб, мурожаат этганмиз. Ҳокимлик томонидан 25 миллион сўм ажратиб берилиши, қолган маблағни эса маҳалла аҳли ҳомийлик ва ҳашар йўли орқали топиши зарурлиги маълум қилинди. Айтганча, бу ер аввалига шаҳар ҳокимининг 2016 йил 30 мартдаги 181-сонли қарорига мувофиқ, тадбиркор ихтиёрига берилган. Аммо ушбу хайрли иш охирига етмай қолиб кетди. Албатта, биз ҳам маҳалла фуқаролар йиғини тез орада янги идорага кўчиши ва “Сирли масжид” ёдгорлигининг обод ва кўркам қиёфага кириши, бинобарин, шаҳримиз аҳли, сайёҳлар учун чинакам зиёратгоҳга айланишини истаймиз…

Айтиш ўринлики, ЎзМТДПнинг барча даражадаги ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари партиянинг дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда маданий мерос объектлари муҳофазаси билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга баҳоли қудрат кўмаклашмоқда. Бу борадаги қонун ҳужжатлари ижроси ўрганилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига масала сифатида киритилмоқда. Лекин маҳаллий Кенгашларнинг мазкур йўналишдаги қарорлари ижро этувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тўлақонли бажарилмай қолиб кетмоқда. Бунга юқорида тилга олинган халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши қарори ва унга муносабат яққол мисол бўла олади.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 9-моддасида, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколат доирасида ўз ҳудудларида жойлашган маданий мерос объектларини аниқлаши ҳамда уларни ҳисобга олиши, муҳофаза қилиши, асраши ва улардан фойдаланиши, бу борадаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлаши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмаларини  маданий мерос объект­ларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш тадбирларини ўтказишга жалб этиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Дарвоқе, 2017-2019 йилларга мўлжалланган дастур асосида кўпқаватли уйлар ва бинолар қурилиши ҳамда автомобиль йўллари кенгайтирилиши ҳисобига тарихий обиданинг дарвозаси ва қолган бинолари ҳам бузиб юборилиши кўзда тутилаётганига нима дейсиз?! Наҳотки, Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар яшаган заминимизда ўтмиш аждодларимиздан қолган маданий мерос объектларини келажак авлодларга асл ҳолича етқазиш, ёшларнинг тарихимизни теран англаб етишида муҳим аҳамият касб этадиган бундай муқаддас қадамжоларни асраб-
авайлаш ўрнига, ҳуда-беҳудага бузиб ташланаверса…

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юртимиздаги мавжуд маданий ёдгорликлар, Ўзбекистон шаҳарларининг миллий қиёфасини сақлаб қолишда самарали тадбирларни амалга ошириш, тарихий жойлар, меъморий ёдгорликларни бутун инсоният ва эртанги кунимиз эгалари учун қимматли осори атиқалар сифатида асраб-авайлаш, таъмирлаш, тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни бойитиш ҳамда уларни кўпайтиришга кўмаклашиш вазифасини амалга оширишда нафақат ЎзМТДП фаоллари ва депутатлари, балки барча давлат ва жамоат ташкилотлари, қўйингки, барча-барчамиз масъул эканимизни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ўйлаймизки, “Сирли масжид” ва шу каби моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва уни асраб-авайлаш чора-тадбирларига масъул бўлган Наманган шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари маҳаллий Кенгашнинг бу борада қабул қилган қарори ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратадилар.

Сўнгсўз ўрнида: Тарихий обидаларимизга алоҳида эьтибор қаратиш бугунги кундаги муҳим вазифалардандир. Қолаверса, бугунги экологик муҳит ва техноген сабаблар ҳам уларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари бу масалага жиддий аҳамият қаратаётган бир пайтда, тарихий обидаларимизга баъзи фуқаролар томонидан етказилаётган зарарларни қандай изоҳлаш мумкин? Мавжуд тарихий ва маданий меросларимиздан мақсадли фойдаланиш бу, ўз навбатида, ҳудудда туризмнинг ривожланишига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилишини тегишли мутасаддилар наҳотки, англамаса? Гап шу ҳақда кетганда, биргина Намангандаги “Сирли масжид” обидаси ҳақида тўхталдик…

Таҳририят бу долзарб мавзуга яна қайтади.


Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz