ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Наманган вилояти


Учқўрғон тумани маданий мерос объектларининг ҳолати қандай? 20.10.2018

Учқўрғон тумани маданий мерос объектларининг ҳолати қандай?

Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда ушбу соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ва объектларнинг сақланиши, тикланиши, таъмирланиши, муҳофаза қилинишига алоҳида эътибор берган ҳолда ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши томонидан хатловдан ўтказаётган ишчи гуруҳимиз бу гал Учқўрғон туманида мавжуд объектлар ҳолатини ўрганди.

Туманда жами 25 та маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, 22 та археологик ёдгорлик, 1 та архитектура ёдгорлиги, 1 та монументал ёдгорлик, 1та диққатга сазовор жой аниқланди ва тўлиқ хатловдан ўтказилди.
 

 
Туманнинг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, 1907 йилда Саидхон Эшон томонидан қуриб битказилган ва ҳозирги кунда аҳоли томонидан фойдаланилаётган “Дарё бўйи” масжиди (ҳозирда “Саидхон Эшон” номи билан аталади) ҳам маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган бўлиб, унинг умумий ҳолати қониқарли. Эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд, электр, газ, сув, канализацияга эга.

Афсуски, тумандаги бошқа маданий мерос объектларнинг ҳолати, вилоятимизнинг айрим ҳудудларида дуч келганимиздек, аянчли аҳволда. Объектларнинг чегаралари белгиланмаган, муҳофаза белгилари ўрнатилмаган, кўча номи ва уй рақами берилмаган, маданий мерос объекти сифатида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган, электр, сув, таббий газ таъминоти мавжуд эмас, объектлар деярли шўрлаган, нураган, ободонлаштириш ишларига муҳтож.
 

 
Туманда маҳаллий аҳоли томонидан зиёрат қилиб келинадиган ва диққатга сазовор жой сифатида рўйхатдан ўтказилган ягона маданий мерос объекти “Тирикмозор” зиёратгоҳининг ҳам ҳолати талаб даражасида эмас. Объект таъмирга муҳтож бўлибгина қолмай эскирган, атрофи ўралмаган, кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида “Маданий мерос объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш: тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни давлат ҳисобига олиш, ҳамда моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини ва номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритиш, маданий мерос объектларининг илмий ва илмий-техник тадқиқ этилишини ривожлантириш, маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш, моддий маданий мерос объектларида муҳофаза белгиларини ўрнатиш, маданий мерос объектлари ҳолатининг мониторингини амалга ошириш йўллари билан амалга оширилади” деб кўрсатилган бўлсада, амалда ушбу тадбирларнинг биронтаси қўлланмаган. Натижада, туманда мавжуд 25 та маданий мерос объектларининг ҳеч бири умумжаҳон маданий мерослар рўйхатига киритилмаган, маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси ўтказилмаган.
 

 
Шунингдек, маданий мерос объектларининг айримларида белгиланган тартибда юритиладиган паспорт мавжуд эмас, мавжуд бўлганларини ҳам фақатгина номлари ёзилган бўлиб, улар ҳақида маълумотлар киритилмаган.

 Ваҳоланки, қонуннинг 13-моддасида “Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган моддий маданий мерос объектига моддий маданий мерос объектининг паспорти берилиб, унга мазкур моддий маданий мерос объектини муҳофаза қилиш мазмунидан иборат маълумотлар ва объектнинг тавсифлари киритилади” деб кўрсатилган.
Шунингдек, айрим маданий мерос объектларида ёнғин ва санитария талаблари бажарилмаган, объектлар ҳудуди тез ёнувчи қуруқ ўтлардан тозаланмаган, автомашиналар бориш имконияти мавжуд эмас, ўт ўчириш воситалари билан таъминланмаган. Объектлар ҳолати бирор маротаба кўрикдан ўтказилмаган.

 – Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар давомида 15 та маданий мерос обьекти тасдиқланган рўйхатдан чиқарилиши таклифи тавсия этилмоқда. Сабаби уларнинг маданий мерос обьекти сифатида ўзига хос сифати ёки тарихи умуман мавжуд эмас, маҳаллий аҳоли ёки бошқа жойдан меҳмонларни келиши ҳам кузатилмаган, – дейди ЎзМТДП Учқўрғон туман Кенгаши етакчи мутахассиси Ойдинахон Бурхонова, – айни кунларда мазкур ўрганиш натижалари хусусида хулосалар тайёрланмоқда.

Ўрганишлар давом этади.


Дилноза АЗИЗОВА,
ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши матбуот хизмати

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz