ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Наманган вилояти


Уйчида тўпланиб қолган муаммоларга партия фаоллари ечим излади 04.09.2019

Уйчида тўпланиб қолган муаммоларга партия фаоллари ечим излади

Уйчи тумани Ёқрўрғон қишлоғида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан сайёр қабул ўтказилди.

33-умумтаълим мактаби биносида бўлиб ўтган тадбирда партия масъул ходимлари, депутатлар, тегишли ташкилотлар мутасаддилари ҳамда Боғкўча, Оқтош, Тепасарой, Хўжаобод ва Муборак маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари иштирок этдилар.

Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Одилжон Маматкаримов, партия вилоят кенгаши раиси Ғайратжон Тўйчибоев, туман Кенгаши депутати ва туман партия ташкилоти раиси Бахтиёр Эгамовлар фуқаролардан турли масалалар юзасидан келиб тушган саволларга жавоб қайтаришди.

“Муборак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоҳиржон Холмирзаев кўтарган масала долзарблиги билан бугунги куннинг ҳал этилиши лозим бўлган муҳим вазифаларидан биридир. Ҳудудда бузилиб кетган 33-болалар боғчаси филиали биноси ўрнидаги бўш ерга бир эмас, икки тадбирга давлат шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассасасини барпо этиш учун туман ҳокимининг қарори қабул қилинган. Муаммо шундаки, мана бир йил бўляти ҳамки, бўмбўш ётган жойда боғча қурилишидан дарак йўқ. Маҳалла аҳлининг талабига кўра, битта ерда бирданига иккита мактабгача таълим муассасасини қуришга эҳтиёж йўқ. Зеро, барпо қилинажак битта болалар боғчаси ўрнига қишлоқ врачлик пункти қурилганида айни муддао бўларди. Боиси, маҳалла аҳли тиббий хизматдан фойдаланиш учун нариги маҳаллага узоқ йўл босиб қатнашига тўғри келмоқда. Эски ҚВП биносидан эса МТМ сифатида фойдаланган мақсадга мувофиқ.

photo_2019-09-04_08-10-47.jpg

- Маҳалламизда яхши ниятлар билан барпо этилган намунавий типдаги турар-жойларда аҳолининг яшаш тарзини номига муносиб деб бўлмайди. Негаки, қурилиш фирмаси томонидан коттежларга сифатсиз тортилган тоза ичимлик суви тармоқлари бугунги кунда носоз ҳолатга келиб қолган. Сув чиқиб кетиши оқибатида кўчаларимиз чўкиб бормоқда. Дардимизни эшитадиган, муаммоларга дадил ечим топадиганлар топилмаяпти. Бу борадан “Миллий тикланиш” партиясидан умидимиз катта, - деди “Оқтош” МФЙ оқсоқоли Юсуфжон Собиров.

Тошлоқ маҳалласидан келган фаоллардан бири Маъруфжон Собиддинов илгари сурган масала ҳам ниҳоятда аҳамиятли. Газ ва бензин нархлари ошганлиги сабабли хусусий машиналарда йўловчи ташиш транспорти хизматини кўрсатаётган ҳайдовчилар йўл кира нархларини кескин кўтариб юбордилар. Шу сабабдан ҳам автобус қатновини яна йўлга қўйиш ва уларнинг сонини кўпайтириш тақозо этилмоқда. Вилоят маркази – Чорсудан Ёрқўрғон қишлоғигача борадиган автобус йўналиши қатновини йўлга қўйилса, бундан аксарият аҳоли, айниқса таълим муассасаларига ўқишга борадиган ёшлар беҳад хурсанд бўладилар.

- Кўчамиз асфальт қилинганига нақд 40 йилдан ошди. Шундан бери ҳеч ким бир эътибор қилай ҳам демайди. Мутасаддилар шағал ётқизиб қўйишди. Лекин бошланган хайрли иш маромига етмай қолди, - дейди Тепасарой маҳалласининг “Муборак” кўчасида истиқомат қилувчи 71 ёшли меҳнат фахрийси Мамадали Аҳмедов. – Ёғин-сочинли кунларда юргани қийналамиз. Мактабга борадиган болаларимизнинг кийимлари лойдан тезда ифлосланади. Бу эса фарзандларимизга ноқулайлик туғдирмасдан қолмайди. Кўчаларимиз обод бўлса, кўнгилларимиз ҳам обод бўлади.

photo_2019-09-04_08-10-30.jpg

“Хўжаобод” МФЙ, Амир Темур кўчасида яшовчи меҳнат фахрийси Бахтиёр Болтабоев берган таклиф эса эътиборга моликдир. Унинг атишича, биринчидан; мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларга чуқур билим бериш мақсадида битирувчи ўқувчиларни мактабни тамомлаганидан кейин қайси олий ўқув юртига кирган ёки кира олмаганлиги юзасидан таҳлилий-рейтинг мониторингини йўлга қўйиш керак. Иккинчидан, тадбиркорларимиз ва салоҳиятли педагоглар томонидан ташкил этилаётган касб-ҳунарга йўналтирилган ўқув марказларини айнан умумтаълим мактабларининг ичида ташкил этиш лозим. Чунки, ўқувчи мактабда ҳам таълим олади, ҳам олган билимларини мактаб ичидаги ўқув марказида мустаҳкамлаб олиш, қолаверса, ҳунарли ҳам бўлиш имкониятга эга бўлади. Энг муҳими, ўқувчи муаллимларининг доимий назоратида бўлади. Табиийки, бунлан ота-оналарнинг кўнгли ҳам хотиржам бўлади.

Партия сайёр қабули давомида 20га яқин масала, муаммо ва таклифлар тингланди. Мурожаатларнинг ҳар бири алоҳида назоратга олиниш ва тез кунлар ичида белгиланган тартибда ижобий ҳал этилиши айтиб ўтилди.

Дарвоқе, партия масъуллари ва депутатлар шу куннинг ўзида Уйчи тумани ҳокими, “Миллий тикланиш” партияси фаоли, туман Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақов билан кўришиб, сайёр қабулда илгари сурилган аксарият масалаларни муҳомама қилишди ва уларга ижобий ечим топилди.

 


Оқилхон Дадабоев,
ЎзМТДП фаоли


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz