ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Наманган вилояти


03.05.2019

Ўзбек тили - ягона давлат тилидир

Ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган “Русский язык нам не чужой” мақоласига нисбатан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси қуйидаги фикрларни таъкидлашни лозим деб билади.

Ўзбек тили – Олтой тиллари оиласининг туркий тиллар туркимига кирувчи тилдир. Ўзбек тилининг ривожи буюк Алишер Навоий номи билан боғлиқдир. У ўзбек тилининг кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда нодир асарлар яратибгина қолмасдан, бу тилни илмий жиҳатдан чуқур тадқиқ қилувчи “Муҳокамат-ул-луғатайн” номли йирик илмий асар ҳам ёзди ва унда ўзбек тилининг бошқа тиллардан ҳеч кам эмаслигини ишонарли мисоллар билан исботлаб берган.

Тарихдан маълумки, дунёда кўплаб миллат ва элатлар асрлар давомида шаклланиб келмоқда. Хўш миллат ўзи нима? Миллат (арабча – халқ) – кишиларнинг ягона тилда сўзлашиши, яхлит ҳудудда истиқомат қилиш, муштарак иқтисодий ҳаёт кечириш, умумий маданият ва руҳиятга эга бўлиши асосида тарихан ташкил топган барқарор бирлик. Ер юзида 3 мингга яқин миллат мавжуд. Миллатлар сон жиҳатдан 5 та гуруҳга бўлинади. Улар, буюк, катта, йирик, ўрта, кичик миллатлар. Миллат қачон юзага келади? Бу саволларга жаҳоннинг кўп жамиятшунос файласуфлари жавоб беришга, таърифлар айтишга ҳаракат қилиб келганлар. Миллат ҳақидаги ўзимизга яқинроқ манбаалардан чиққан бир тушунчага тўхталиб ўтайлик. Турк алломаларидан бири Зиё Кўкалп ўз асарларидан бирида миллат ва унинг маъруф доираси хусусида фикр юритиб қуйидагиларни айтади: — Миллат бу — тарбияси ва тили бир — умумий бўлган одамлардан иборат маданий-маънавий жамоа. Демак, тилнинг шаклланиши ва юксалиши бу миллатнинг юксалиши демакдир.

Тил ҳар бир миллатнинг руҳи, тафаккури ва идрок тарзини намоён этади. Шу боис она тилини ўрганиш, унинг софлигини сақлаш, бойитиш ва жозибадорлигини ошириш барча макон ва замонда долзарб масалалардан бири бўлиб келган.

Ҳозирги даврнинг шиддатли глобаллашув жараёнида ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида ривожланиш ва ўзгаришлар рўй бермоқда. Бу ўзгаришларни фақат технология соҳасида эмас, балки маданиятимиз ва мулоқотимизда ҳам кузатишимиз мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди ва бу жамиятимизда маънавий-ахлоқий асослар ва ижтимоий-инсоний қадриятлар қайта бунёд бўлаётган бир пайтда яқин ўтмишимизнинг ғоятда ўзига хос маданий- маърифий тажрибаларига кенг назар ташлаш, уларни ҳар томонлама ўрганиш келажак авлодларнинг хато қилмай яшашлари учун имконият яратди. Шунга қарамай ҳозирги кунда Ўзбек тили қоидаларини бузиб ишлатилаётганини кўп учратишимиз мумкин. Хуш бу жараён глобаллашувнинг оддий кўринишими? Агар шундай бўлса нега дунёдаги ривожланган Япония, Корея ва Буюк Британия каби давлатлар ўз тилига бўлган ҳурматни нафақат ўз халқига балки хориждан ўқиш ёки иш муносабати билан ташриф буюрувчиларга талаб сифатида қўймоқда? Чунки, буюк аждодимиз Беҳбудий ҳазратлари айтганидек «Тил миллат кўзгусидир». Шундай экан, тилимизни тўғри ишлатиш ва уни бойитиб бориш ҳар биримизнинг олий бурчимиз эканлигини ҳис қилган ҳолда, уни авайлаб асрашимиз ва унга ҳурмат билан қарашимиз даркор.

Албатта, ўтган йилларда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун жамият ҳаётини тубдан ўзгартирди. Энг асосийси, миллат ўз тилидан уялмайдиган бўлди. Бироқ, ҳалигача тил ва уни ишлатишда қатор муаммоларимиз бор.

Тўғри, ўзбек тилини давлат тили сифатида мақомини ошириш ва мустаҳкамлаш борасида талай ишлар қилинди. Яъни қонунчилик, расмий иш юритиш, суд жараёни ва таълимда ўзбек тилининг мавқеи ва нуфузи тикланмоқда, турли соҳаларнинг терминологик луғатлари яратилмоқда.

Интернетда ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, уни бутун дунё глобал тармоғида муносиб ўрин эгаллаши учун саъй-ҳаракат қилинаётган бир пайтда бундай таклиф билан чиқиш мавҳумликдан, одамларни чалғитишдан ўзга нарса эмас. Аксинча ўзини ўзбекман деган зиёли ёки мутахассис бунинг тескариси учун курашиши, яъни ўзбек тилининг Давлат тили сифатида барча соҳада қўлланишига эришиш, ўзбек тилида иш юритиш тизимини яратиш устида ўйлаши ва изланиши шарт ва зарур эмасми? Бизнинг ўзбек зиёлилари бугунги кунда амалдаги давлат тили ҳақидаги қонуннинг ижроси ҳақида чуқурроқ ўйласалар эди, балким тўғри йўл тутилган бўлар эди. Чунки унинг ижроси борасида ҳали талай муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ўрганишлари шуни кўрсатмоқда-ки, оммавий жамоат жойларида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилишда ва “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг бажарилишида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилиниши юзасидан камчиликлар мавжуд. Хусусан, 2018 йилда партия ташкилотлари томонидан 5 та вилоят, 8 та туманда “Давлат тили тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги Қонунлар ижроси ўрганилганда, корхона, муассаса ва ташкилотларга тегишли ташқи ёзув ва рекламаларни Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят, туман ва шаҳар бўлимлари тасдиғидан ўтказиш, корхона, муассаса ва ташкилотга тегишли ташқи ёзув ва рекламаларда ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларида хатоликка йўл қўйган раҳбарларга қонуний чора кўриш ва уларни маъмурий жавобгарликка тортиш, реклама матнини ўзбек тилида акс эттириш, зарур бўлганда ўзбек тилидаги матн остига чет тилидаги матнини ёзиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари таркибида “Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси” (Ягона дарча) бўлимига реклама ва ёзувларни тўғирлаш ва назорат қилиш учун масъул ходим ажратиш каби заруриятлар мавжудлиги аниқланди.

Бундан кўриниб турибди-ки, бизнинг биринчи навбатдаги вазифамиз, авваламбор, давлат тили бўлган ўзбек тилимиздаги ана шундай ҳолатларни бартараф этишдир. Шу каби муаммоларни ҳал этмасдан туриб, қандай қилиб ўзбек тили мавқеини оширишимиз мумкин, деган табиий савол туғилади.

Шу нуқтаи назардан, бир гуруҳ ўзбек зиёлилари томонидан билдирилган таклиф ноўрин, деб ҳисоблаймиз.

Бинобарин, Ўзбекистонда таълим ўзбек, рус, тожик, қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, туркман – жами етти тилда олиб борилади. Қардош халқлар учун ўз она тилида таълим олиши учун барча шароит муҳайё. Бундан ташқари, мамлакатимизда 140 га яқин Миллий-маданий марказлар фаолият олиб бормоқда. Марказлар Ўзбекистонда яшовчи муайян бир миллат вакилларининг миллий маданий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилувчи жамоат ташкилотидир.

Она тилимиз бўлмиш ўзбек тили азизу мўътабар экани, шубҳасиз. Бу эса барчамизнинг тилимиз софлиги, уни асраб-авайлаш ва такомиллаштириш учун масъул эканлигимизни англатади.

Рус тили бундан кейин ҳам жамиятимиз ҳаётида ўз ўрни ва ролига эга бўлади. Аммо давлат тили мавқеини ошириш ва “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг амалда тўлиқ қўлланилишига эришиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Бу борада Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси дастурий мақсад-вазифаларидан, миллий тикланиш ғоясидан келиб чиқиб давлат тилининг нуфузини янада юксалтириш билан боғлиқ жараёнларда фаол иштирок этади ва барча зиёлиларни ҳамкорликка чақиради. Зеро, ўзбек тилимиз ягона давлат тилидир.

 ЎзМТДП Марказий кенгаши
Ахборот хизмати


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz