ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Наманган вилояти


ЎзМТДП фаоли Мухлиса Абдумаликова Осиё ўйинларида совриндор бўлди 05.09.2018

ЎзМТДП фаоли Мухлиса Абдумаликова Осиё ўйинларида совриндор бўлди

2018 йил, 28 август. Бу сана Ўзбекистон спорти тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Боиси шу куни Индонезиядаги ёзги Осиё ўйинлари дастурига тарихда биринчи маротаба киритилган ўзбек кураши усталари ғолиблик учун гиламга чиқишди.

Қувонарлиси, Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган XVIII Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 63 килограмм вазнда баҳсларга киришган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши “Ёшлар қаноти” фаоли Мухлиса Абдумаликова Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, бронза медалини қўлга киритди.

Наманган давлат университетида таҳсил олаётган Мухлиса мусобақанинг дастлабки учрашувида афғонистонлик рақибаси Рамзиа Саиди устидан катта устунлик билан ғалабага эришди. Нимчорак финал баҳсида вьетнамлик Нгуэн Ти Тан Трамни мағлубиятга учратиб, кейинги босқичга йўл олди. Чорак финалда эса Хитой Тайпейи вакиласи Ли Вантига ҳам ҳеч қандай имкон қолдирмади.

Финал йўлланмаси учун бўлган баҳсда мўғулистонлик Баярбат Басанжаргалга қарши гиламга чиққан Мухлисанинг омади чопмади. Якуний натижаларга кўра, у Осиё ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди.

— Мусобақага аслида олтин медаль олиш учун келган эдим, — дейди Осиё ўйинлари совриндори, ЎзМТДП аъзоси Мухлиса Абдумаликова. — Баҳслар жуда қизғин ва кучли рақобат остида ўтди. Ҳар бир беллашувда ғалаба осонликча бўлгани йўқ. Келажакда бронза медалини олтинга айлантириш учун астойдил ҳаракат қиламан. Осиёнинг мазкур нуфузли мусобақасида миллий курашимиз кенг тарғиб этилаётгани ҳам кўнглимизни тоғдек кўтарди.

…Янгиқўрғон туманининг тоғларга туташ маскани — Заркент қишлоғида туғилиб ўсган Мухлиса болалигиданоқ спортга ошно тутинди, кураш майдонларида тобланди. У Янгиқўрғон туманидаги 31-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабида устози, моҳир мураббий Комилжон Бўтаевдан кураш сир-асрорларини пухта ўрганди. Машғулотларда ўз устида тинимсиз изланиши, қолаверса, Наманган олимпия захиралари коллежида катта тажриба мактабини ўтагани мамлакат, халқаро миқёсидаги мусобақа ва турнирларда сезиларли ютуқларни қўлга киритишига замин ҳозирлади.

Мухлиса охирги беш йилда кураш бўйича 10 карра, дзюдо бўйича 3 карра, самбо бўйича 2 карра, белбоғли кураш бўйича 2 карра Ўзбекистон чемпиони унвонига эга бўлди. Шунингдек, у 9 кумуш, 4 бронза медалларини ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Англиянинг Борнмут шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медал соҳибасига айланди. Италиянинг Казерца шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақа ва Хитойнинг Тайпей шаҳри мезбонлигида ўтган Осиё чемпионатида ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасига кўтарилди. Ҳиндистоннинг Кочи шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида эса барча рақибларидан устунлигини исботлаган Мухлиса Абдумаликова чемпионлик унвонига сазовор бўлди.

Мухлиса Абдумаликованинг Осиё ўйинларида эришган ютуғидан Наманган аҳли, шу жумладан, у аъзо бўлган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши фаоллари беҳад хурсанд, айниқса, ёшлар қалбида  ғурур ва ифтихор жўш урди.

— Сафдошимиз Мухлисанинг Осиё ўйинларидаги муваффақиятли натижасидан беҳад қувондик, — дейди ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши “Ёшлар қаноти” фаоли Илҳомжон Ҳожиев. — Унинг Индонезиядаги ҳар бир беллашувини ҳаяжон билан кузатдик. Дарвоқе, энг нуфузли спорт ареналарида “ҳалол”, “ёнбош”, “чала”, танбеҳ”, “дакки” каби соф ўзбекона ибораларнинг баралла янграётгани ҳар бир ўзбек фарзандининг қалбида чексиз фахр ва ғурур туйғуларини жўш урдирмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Индонезиядаги Осиё ўйинларида миллий курашимизни Олимпиада дастуридан ўрин эгаллаши борасида дастлабки қадамлар ташланди. Умид қиламизки, келгусида Мухлиса ҳамда унга эргашадиган чаққон ва зукко спортчи-ёшлар халқаро мусобақаларда ўзларининг юксак маҳоратларини, албатта, намоён этади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz