ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


“Қилич ота” зиёратгоҳи сессия қарори асосида ўзгача қиёфа касб этмоқда 27.09.2018

“Қилич ота” зиёратгоҳи сессия қарори асосида ўзгача қиёфа касб этмоқда

Мамлакатимизда миллий ва маънавий қадриятларимизни тиклаш, ўрганиш  ва тарғиб этиш, маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш ва муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида мавжуд маданий ёдгорликлар, юртимиз шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий жойлар, меъморий  ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори-атиқалар сифатида асраб-авайлаш ва қайта таъмирлаш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шу кунларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят кенгашида ташкил этилган Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мамлакатимизда мавжуд моддий маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш, уларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ҳамда бу боради аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлаш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, партия ташкилотининг Конимех туман кенгаши томонидан ҳам тумандаги мавжуд маданий мерос объектларини ўрганиш ишлари бошлаб юборилди. Туманда жами 17 та маданий мерос объектлари мавжуд. Шундан археология 11 та, архитектура 3 та ва монументал санъат ёдгорликлари 3 тани ташкил этади.

photo_2018-09-26_16-03-26.jpg

Дастлабки манзилимиз “Юксалиш” МФЙ “Чордара” қишлоғида жойлашган “Чордара” тепалиги бўлди. Маҳаллий аҳолининг айтишича,  1973 йили археологлар “Чордара” тепалигини текшириб, бу кўрғон ахмонейлар даврига оид ёдгорлик бўлиб, тахминан 2580 йиллик тарихга эга эканини аниқлаганлар. Тепаликнинг майдони тахминан 40х20 м, банландлиги эса 11 метрга тенг, қалинлиги 7-8 см келадиган хом ғишт ҳамда пахсадан қурилган.

Археологлар қўрғонининг пастки қисмларини чуқурроқ қазиш  ишларини олиб  борганда,  қуйи қатламларидан, бизнинг эрамиздан аввалги IV-V асрларга мансуб керамикалик материаллар топилган.  “Чордара” - подшолик чегараси дейилади.  

Айтишларича, тепаликнинг остки қисмида 4 тарафга кетган ер ости йўли мавжуд бўлиб, душман ҳужум қилганида тўрт томонга бориш, бошқа ҳудудлардан ёрдам олиш ёки хабар юбориш имкони бўлган. Айни пайтда тепалик қаровсиз аҳволга келиб қолган, атрофлари ободонлаштиришга муҳтож. Муҳофаза белгилари ўрнатилмаган.

photo_2018-09-26_16-03-29.jpg

Тумандаги кўзга кўринган маданий мерос объектларидан яна бири “Шўркўл” МФЙда жойлашган “Қилич ота” ёдгорлигидир.

2017 йил сўнгида халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи томонидан “Маданий мерос объектларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг тумандаги ижросини ўрганиш бўйича сессия кун тартибига таклиф киритилган эди. Сессияда ушбу масала кўриб чиқилди. Шундан кейин жорий йилнинг апрель-май ойларида “Қилич ота” зиёратгоҳини ҳомийлар ёрдамида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Зиёратгоҳни таъмирлаш лойиҳаси ишлаб чиқилган ва шу асосда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Тез орада ушбу манзилгоҳ янгича кўринишга кириб, у ерда зиёратчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

– Тарихий маълумотларга кўра, Қулши Артиқ ўғли (айрим манбаларда Қилич ота) Тўққизтепанинг (ҳозирги Шўркўл ҳудудининг) Амантубек қишлоғида истиқомат қилган. Бухоро ислом мадрасасида диний таълимот билан биргаликда дунёвий билимларни ҳам эгаллаган. У отасининг вафотидан сўнг Тўққизтепа беклигини бошқарган. Қулшибий халқ орасида ҳурмат-эҳтиромга сазовор билимдон инсон бўлиб, кейинчалик унга авлиё ота ёки “Қулшибий ота” нисбати берилган. Унинг вафотидан сўнг қабри муқаддас қадамжога айланди – Қилич ота мажмуаси бунёд этилди. Зиёратгоҳ аввалига “Қулшибий ота”, деб аталган, кейинчалик “Қилич ота” номини олган, – дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Салима Менглиева.

Туманда маданий мерос объектларини ўрганиш давом этмоқда.

 

Нигора ШУКУРОВА,

ЎзМТДП Конимех туман кенгаши етакчи мутахассиси

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz