ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


Отаси физик, онаси математик 6 ёшли Миржалолнинг ўзи "лирик" 18.02.2019

Отаси физик, онаси математик 6 ёшли Миржалолнинг ўзи "лирик"


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ташкил этилган “Навоий ворислари” республика босқичи ўз ниҳоясига етди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, йилдан-йилга ушбу танловда иштирок этувчи ўқувчилар сони ошиб бормоқда. Буни қуйидаги фактлар ҳам кўрсатиб турибди. 2018 йилда кўрик-танловнинг туман, шаҳар ва ҳудудий босқичларида республикамизнинг 4 минг 997 та умумий ўрта таълим муассасаларидан жами 11 минг 368 нафар ўқувчи иштирок этди. Бу рақам 2017 йилга нисбатан иштирокчилар сонининг икки баробарга ортганини кўрсатади. Энг муҳими танлов натижасида Алишер Навоий ижодига бефарқ бўлмаган, унинг 50 дан 100 гача ғазалларини тўлиқ ёд оладиган ва нафақат ёд олиш, балки ғазал матнининг насрий баёнини ярата оладиган ҳамда ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаб бера оладиган 14 мингдан ортиқ иқтидорли ва истеъдодли ёшлар кашф этилди.

Қувонарлиси шундаки, Навоий ворислари орасида ҳаттоки, ўқишни ва ёзишни билмайдиган фарзандларимиз ҳам бор. Жумладан, улардан бири Навоий вилояти Хатирчи тумани “Ангидон” МФЙда яшовчи Миржалол Неъматовдир. У эндигина 6 ёшни қарши олди. Миржалол “Навоий ворислари” кўрик-танловининг вилоят босқичида кашф этилган Навоий ворисларидан бири.

6 ёшли Миржалол Неъматов Алишер Навоийнинг 40 дан зиёд ғазал, 50 га яқин рубоийсини ёдлаган ва уларнинг ҳар бирининг мазмунини айта олади. Фақатгина Миржалолнинг ёши низом талабларига тўғри келмагани боис навбатдан ташқари танловда иштирок этган эди.

Ангидон маҳалласи Хатирчи туманининг тоғли ҳудудида, туман марказдан 60 километр узоқликда жойлашган. Табиати гўзал, ҳавоси тоза. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Миржалолнинг ота-онаси ўқитувчи бўлиб, аниқ фанлардан, бири физикадан, бири эса математикадан ўқувчиларга сабоқ беришади. Отаси Ибодулла Фармоновнинг айтишича, у 3 ёшидан ғазалларни ёдлай бошлаган.

– Мен Ангидон маҳалласидаги 71-умумтаъли мактабида физика фанидан дарс бераман, – дейди Иброҳим Фармонов. – Мактабимизга бундан 3 йил олдин навоийхонлик бўйича топшириқ келганди. Шундан сўнг ҳаммамиз, мактаб директоридан қоровулигача Навоий ғазалларини ёдлай бошлагандик. Аёлим ҳам шу мактабда ишлайди. Кўпчиликнинг олдида уялиб қолмайлик, деб турмуш ўртоғим билан уйда ҳам ғазал ўқишни баланд овозда машқ қилардик. Бир куни уйга келсам 3 ёшли ўғлим Навоийнинг рубоийларини тўхтамай айтиб бераяпти. Шундан кейин унга ғазалларни ҳам оғзаки ўргатдим. Ҳозир ҳам уйда онаси катта ўғлимизга, мен кичкина ўғлимизга ғазалларни ёдлатиб, ким кўп ғазал ёдлатиш бўйича мусобақа ўтказамиз.

Албатта, фарзандлар тарбияси, униб-ўсиши, билим олишга қизиқиши, аввало, оилада шаклланади. Оиладаги муҳит уларни ҳар томонлама тарбиялайди.

“Навоий ворислари” республика босқичининг финал босқичида Миржалолнинг кўп ғазал билиши эълон қилинганида, томошабинларнинг аксарияти бунга ишонмагани рост. Аммо муҳташам “Фарҳод” маданият саройи залига йиғилган 800 нафар томошабин унинг бийрон тилда, Навоий ғазали сўзларини дона-дона, вазнга туширган ҳолда айтганида бу сўзлар нақадар ҳақиқат эканлигига гувоҳ бўлишди.

Бу танлов биринчи марта 2017 йилда ўтказилган бўлса, мана икки мавсумки, республика босқичи Навоий вилоятида бўлиб ўтмоқда. Ҳозир барча таълим муассасаларида ўқувчилар орасида ғазал ёдлаш анъанага айланиб бораётганини кўрмоқдамиз. Болалар ёдлаган ғазаллари бўйича баҳс боғлашади. Ота-оналарнинг ҳам болаларига Навоий тўпламларидан олиб бераётгани, уларнинг Навоий асарларини ёд олишларига кўмаклашаётгани қувонарлидир.

Билимли, маънавияти юксак фарзандлари бор юртнинг келажаги эса ҳамиша порлоқдир.


Абдували БЎРИЕВ,
ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши матбуот котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz