ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


Ғалвирда сув келтирган авлиё 09.10.2018

Ғалвирда сув келтирган авлиё

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан мамлакатимизда мавжуд моддий маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш, уларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ҳамда бу боради аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари Учқудуқ туман марказидан 120 километр олисда «Узунқудуқ» овули яқинида Қизилқум чўли бағрида жойлашган «Қанарбой ота» зиёратгоҳини бориб ўрганди. Навоий вилоятидаги мавжуд тарихий қадамжолардан бири ҳисобланган бу масканда авлиё, деб тан олинган Қанарбой отанинг қабри бор.

Ўз билимларини эзгу ишларга сарфлаб, эл орасида юксак ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган бу инсон яқин ўтмишда яшаб ўтганлиги боис, у ҳақида баъзи бир маълумотларни келтириб ўтамиз.

Айбас ўғли Қанарбой ота 1836 йилда тумандаги «Узунқудуқ» овулининг Аюртен қудуғи атрофида туғилган. Ўқишга боришга шароити бўлмаганлиги боис, этик тикишни ўрганиб, халқнинг хизматини қилиб юрган. Шунинг баробарида диний таълимга эга кишилардан хат-савод чиқариб, диний билимларини ошириб боради.

У овулдан ўтиб-қайтадиган карвонларга боқиб, катта шаҳарларга боришни, илм олишни, ҳунар ўрганишни орзу қиларди. Астойдил қилинган ҳаракат, чин дилдан орзуланган истак  вожиб бўлади. Қанарбой ота бир карвонбошига хизматчи сифатида ёлланиб, карвонга қўшилган ҳолда Бухоро шаҳрига келади. Кейинчалик орзу қилгани – Кўкалдош мадрасасида таълим ола бошлайди.

Ўқиш даврида ўзининг зийраклиги, ҳунари билан домла ва тенгдошларининг ҳурматини қозонади.

Бир куни домла талабаларни мадрасага йиғиб, Лабиҳовуздан сув олиб келишни буюради. Барча шогирдлар домланинг буйруғини бажаришга шошилади, аммо бирортаси ҳам бу ишнинг уддасидан чиқа олмайди. Шунда Қанарбой ота ўргатилган дуоларни  адашмасдан ўқиб, ғалвирни сувга тўлдирган ҳолда домласига келтириб берган. Бу воқеадан сўнг, Қанарбой ота мадрасадаги домлалар, талабалар томонидан авлиё сифатида тан олинган экан.

У овулига қайтгач,  этикдўзлик билан шуғулланиб, қатор йиллар мобайнида халқ орасида эзгуликни тарғиб қилган.  Қанарбой ота 1899 йилда рихлатга юз тутади. Шу куни кечаси Усен исмли яқин қариндошининг тушига кириб: «Мени ўз ҳужрамнинг ёнига кўминглар. Таҳорат олиб турсанглар бас, намозни тегишли мулла келиб ўқийди», – дейди.

Яқинлари таъзияни у айтгандек, ташкил этишади. Ҳамма йиғилгач, Бухородан мулла келиб жаноза ўқийди. Буни кўрганлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишади. Негаки, Бухоро билан овул орасида отда етти кунлик йўл босиладиган масофа бор эди.

Аждодлари эъзозланган юрт

Ҳа, ибратли умр кечирган Қанарбой отанинг улуғ фазилатларига таъзим қилган минг-минглаб кишилар ҳар доим у ҳақида яхши гаплар айтиб, номини авлоддан-авлодга етказиб келмоқда. Шунинг баробарида, яхши инсонларнинг эътибори туфайли  Қанарбой ота мангу қўним топган масканда қатор бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

1969 йилда Суйеқул Тоқанов бошчилигида чорвадор - қурувчиларнинг қўл меҳнати эвазига масжид бунёд этилди. 1980 йилда эса номи республикамизга таниш бўлган чорвадор Тобан Раметов отанинг қабри устига мақбара қурдиртирган. 2004 йилдан бошлаб, «Қанарбой ота» зиёратгоҳини янада кенгайтириш, атрофларини ободонлаштириш ва  қурилиш ишларига катта эътибор берила бошланди.

Жумладан, «Қанарбой ота» хайрия жамғармаси ташкил этилиб, унинг ҳисоб рақами очилди. 2005 йилнинг 16 апрель кунида эса масканда янги масжид қурилиши учун биринчи ғишт қўйилди. Саховатли инсонлар ҳамда ҳомий ташкилотлар кўмагида қисқа вақт мобайнида масжид қурилиб фойдаланишга топширилди.

2006 йилда  Қанарбой ота таваллудининг 170 йиллиги, 2016 йилда эса 180 йиллиги вилоят миқёсида кенг нишонланди.

Бугунги кунда жамғарма ҳуқуқий шакли ўзгартирилиб, «Қанарбой ота» хайрия жамоат фондига айлантирилди. Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан қайта давлат рўйхатидан ўтказилиб, жорий йилнинг 7 июлида 104 – сонли гувоҳнома берилган.

Қайта рўйхатдан ўтказилган жамоат фонди келажак авлод учун Ўзбекистон тарихининг янги қирраларини очиш, аждодлар меросига масъулият билан ёндошиш ҳиссини уйғотиш ва шакллантириш, тилимиз, маданиятимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизга ҳурмат, инсонни ўзлигини англаш, Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтиришда ҳисса қўшишдан иборатдир.

Сўнгсиз ўрнида: Шоир ҳақ! Бу тупроқни қаттиқ босиб бўлмайди. Негаки, юқорида таъкидлаганимиздек, Ватанимиз тупроғининг ҳар қаричи муқаддас! Унда Шарқ тамаддунига тамал тошини қўйган улуғ алломалар ва авлиёларнинг излари бор. Биз ана шундай инсонларнинг авлодларимиз, бизнинг ана шундай жонажон ўлкамиз, сиқим тупроғи зарларга тенг, бой тарихга эга Ватанимиз бор. Бу ҳақиқатни юксак ифтихор билан англаш ва тушуниш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир!

Райҳон Қодирова,

халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашига

ЎзМТДПдан сайланган депутат


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz