ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


Бу йил Навоийда туризмни ривожлантириш мақсадида қандай лойиҳалар амалга оширилади? 27.02.2019

Бу йил Навоийда туризмни ривожлантириш мақсадида қандай лойиҳалар амалга оширилади?



Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси, вилоят Маданият бошқармаси, “Микрокредитбанк” АТБ Навоий вилоят бўлими ва вилоят Ҳунарманд уюшмаси билан ҳамкорликда “Мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи: туризмнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш йўллари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси устав ва дастуридан ўрин олган мамлакатда туризмни ривожлантириш қаратилган ислоҳотларга кўмаклашиш шунингдек, вилоятдаги маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган амалдаги қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиш ва соҳани янада ривожлантиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, ҳудуддаги соҳага доир муаммоларни ўрганиш, ўрганишлар давомидаги натижаларни таҳлил этиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларига киритиш ҳамда мансабдор шахсларнинг соҳага доир олиб бораётган ишларини ҳисоботини депутатлик корпуслари орқали эшитиш ишларини жонлантиришдир.

- Партиямиз томонидан Президентимизнинг 2017 йил 12 июль куни парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар Дастури қабул қилинган эди, - дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси Илҳом Ражабов. – Унга асосан вилоятимизда ҳам “Пресс-тур” лойиҳасини амалга ошириш механизми бўйича депутатлар, ҳамкор ташкилотларимиз – туризм, маданият бошқармалари билан биргаликда юртимизда ташқи ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳларга қулай шароитлар яратиб бериш борасида амалий ишлар олиб борилиб, аэропорт, темир йўл вокзали, йўллар инфратузилмаси, туман ва шаҳарлардаги маданий мерос объектларининг ҳолати ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида эришилган ютуқлар билан бир қаторда камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан манзилли таклифлар ишлаб чиқилди.

IMG_6539.JPG

Бугунги кунда Навоий вилояти ҳудудида 389 та моддий маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 286 таси археологик, 71 таси архитектура, 32 таси монументал санъат ёдгорликларидир. Улар партиямиз томонидан депутатларимиз ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида тўлиқ ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижалари юзасидан сессиялар кун тартибига ташаббус масала киритилди ва ушбу масала халқ депутатлари Навоий вилоят, Нурота, Хатирчи, Кармана, Навбаҳор, Учқудуқ, Томди туман Кенгашлари сессияларида муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга оид жиддий ишлар амалга оширилмоқда, қатор қонунлар тайёрланиб, уларнинг баъзиларига тузатишлар киритилмоқда, буларнинг бари мамлакатнинг туризм соҳаси, шу жумладан экскурсион фаолиятга ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Туристик маҳсулот сифатини таъминлашда айнан бевосита сайёҳлар билан ишловчи гидлар ва экскурсиячилар муҳим роль ўйнайди.

2018 йил давомида вилоятга жами 311 минг нафар турист ташриф буюрган бўлиб, 16 минг нафардан зиёд хорижий ва 295 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташкил қилган, хорижлик сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 189 фоизга ошган, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Зойир Ўроқов. – Вилоятда 2019-2020 йилларда туризм салоҳияти ва инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида ташаббускорлар маблағлари, банк кредитлари, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобига жами 112,305 млрд.сўм миқдоридаги 18 та лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар асосида 338 та янги иш ўринлари яратиш режалаширилган. Шунингдек, соҳани ривожлантириш бўйича Конимех тумани “Айдаркўл” ҳудуди атрофида экомеҳмонхоналар, дам олиш комплекслари ҳамда кўнгилочар масканларни ўз ичига олувчи экзотик маскан барпо этиш, Навбаҳор туманида жойлашган Сармишсой дараларида дам олиш маскани ва “Аква парк” сув атракционини қуриш, Қизилтепа туманида жойлашган “Тўдакўл” ҳудудида дам олиш масканини қуриш ва экотуризм ҳамда агротуризмни, Кармана ва Нурота туманларида зиёрат туризмини ривожлантириш, Зарафшон шаҳар, Учқудуқ ва Томди туманларида “Safari tour” ҳамда экстримал туризмни ривожлантириш режалаштирилган.

Албатта, туризмни ривожлантиришда ҳунармандчиликнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Бугунги кунда вилоятимизда ҳунармандчилик ривож топган. Айни пайтда ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фар­мони қабул қилингач, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик би­лан шуғулланаётган инсонларга шарт-ша­роит­лар яратишга янада кенг имкониятлар эшиги очилди.

IMG_6572.JPG

Фармонда “2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳаларнинг йиғма дастури” тасдиқланган бўлиб, ушбу дастурга мувофиқ, Навоий вилоятида 5 млрд. 177 млн. сўмлик жами 132 та лойиҳаларни амалга ошириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилган. Бугунги кунга келиб эса вилоятимиз бўйича 14 млрд. 653 млн. сўм миқдорида 550 та лойиҳалар амалга оширилди.

Ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали 2018 йил бошидан вилоятимиз бўйича уста ва шогирдлар ҳисобидан 3225 та янги иш ўринлари ташкил этилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 27 та “Уста-шогирд” мактаблари ташкил этилиб, улар томонидан 133 нафар шогирдлар қамраб олинган бўлса, 2018 йил якунига кўра ушбу мактаблар сони 425 тага етди ва 2 083 нафар ёшларнинг бандлиги (шогирдлар сони ҳисобидан) таъминланди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи давомида Кармана туманида “Ҳунармандлар маркази”ни ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшид Жумаев. – Натижада 2018 йилнинг декабрь ойида Кармана туманида “Ҳунарманд” маркази фойдаланишга топширилди. Марказ икки қаватдан иборат бўлиб, унда кўргазма зали, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш хоналари, қадимий шийпонлар кўринишида жиҳозланган мулоқот хоналари ҳамда ҳунармандлар чойхонаси ташкил этилган. Айни пайтда 30 нафар энг сара уста ҳунармандлар марказда фаолият олиб бормоқда. Суҳбатдошимиз Ж.Жумаевнинг таъкидлашича ҳозирда мисгар, ўймакор, кулол ҳамда атлас ва адрас тўқиш сингари ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ишлайдиган мутахассислар етишмайди. Шу боис, марказда мазкур ҳунармандчилик турлари бўйича қўшни вилоятлардан мутахассислар чақиртирилиб, навоийлик ҳунармандларга маҳорат дарслари ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, кўргазма залига республика бўйича энг сара ҳунармандчилик намуналари жамланган 600 млн. сўмлик маҳсулотлар келтирилди, вилоятга ташриф буюрган туристлар ҳамда маҳаллий аҳоли ҳам уларни харид қилиш имкониятига эга бўлишди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

IMG_6604.JPG

Тадбир сўнгида вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи директори Мусаллам Ибрагимова ва "Ҳунарманд" уюшмаси Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшид Жумаевга фаол ҳамкорлиги учун ЎзМТДП Навоий вилоят кенгашининг фахрий ёрлиғи топширилди.

 


Абдували Бўриев,
ЎзМТДП Навоий вилоят Кенгаши матбуот котиби

 




Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz