ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


Демократик сайловлар – жамиятимизни демократлаштириш ва мамлакатни модернизациялаш жараёнининг муҳим сиёсий омилидир 15.07.2019

Демократик сайловлар – жамиятимизни демократлаштириш ва мамлакатни модернизациялаш жараёнининг муҳим сиёсий омилидир


Инсон омили – инсон фикрини ўзгартирмасдан туриб, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим тарбия – мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади.

Ҳуқуқий саводхонликни таъминлаш эса барқарор ривожланиш гаровидир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят кенгаши томонидан вилоят сайлов комиссияси ва вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда “Демократик сайловлар – жамиятимизни демократлаштириш ва мамлакатни модернизациялаш жараёнининг муҳим сиёсий омилидир”      ташкил этилди.

ЎзМТДП Навоий вилоят Кенгаши раиси И.Ражабов бошқариб борган тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Ф.Мухаммеджанова, вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими Б. Искандаров, вилоят сайлов комиссияси раиси Ш.Джўраев, ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши раис ўринбосари А.Бобомуродовалар сўзга чиқди.

Маърузачилар ўз сўзида Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш ва давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар талабидан келиб чиққан ҳолда, сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган янги Сайлов кодексининг аҳамияти, ундаги янгиликлар, киритилган ўзгаришлар, мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритдилар.

Маълумки, сайловлар кишилик жамиятининг бир неча асрлик тарихий ривожланиши маҳсули бўлиб, давлат ва жамиятнинг такомиллашган моделларини шакллантириш мақсадида пайдо бўлган институтдир.

Мамлакатимиз раҳбари 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳозирги вақтда 40 дан ортиқ давлатда Сайлов кодекси қабул қилинган. Бундан ташқари, сайловларга доир ўндан ортиқ халқаро ҳужжатлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва стандартлари Сайлов кодексида ўз аксини топди.

– Бугунги ўқув семинарда Президентимиз томонидан имзоланган Сайлов кодексига киритилган бир қатор ҳуқуқий норма ва янгиликлардан хабардор бўлдик, – дейди партия Томди туман Кенгаши раиси Кобейсин Алдажаров. – Жумладан, мазкур ҳужжатда шу пайтга қадар амалда бўлган 5 та қонун, яъни “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда қатор қонуности ҳужжатлари ўзаро унификация қилиниб, яхлит тарзда баён этилган. Бу эса, ўз навбатида, Сайлов кодекси кучга кирганидан сўнг юқорида санаб ўтилган қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотишини англатади. Шунингдек, Сайлов кодекси сайлов жараёнига қатор янги механизм ва технологияларни қўллаш имконини берувчи янги нормалар билан тўлдирилди. Хусусан, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланди. Бундан буён Қонунчилик палатасининг барча 150 нафар депутатининг умумхалқ сайловларида сайланиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш масаласи ҳам Кодексда ўз аксини топди. Муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланиб, овоз бериш жараёнида сайловчилар бир нечта белгилардан (+, v, x) биридан фойдаланишлари мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари мақом бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглиги ҳақидаги норма киритилди.

– Бундан ташқари, Кодексда қуйи даражадаги сайлов комиссияси аъзолари учун ҳам янги талаблар ўрнатилди. Ушбу талабларга мувофиқ, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмас. Сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган максимал четга чиқиши 10 фоиздан ошмаслиги шарт қилиб қўйилди. Қонунчилик палатасига сайловлар бўйича сайлов округларини тузишда Марказий сайлов комиссияси вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг эмас, балки халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномаларига асосланиши кўзда тутилиб, сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга 3 кун қолганида тўхтатилиши, муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида (амалдаги 1 кун ўрнига) тўхтатилиши белгиланди, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири, партия ташкилоти Нурота туман Кенгаши раиси Шуҳрат Рустамов.

Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Сайлов кодекси ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттириб, долзарб мазмун-моҳият ва улкан ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда сиёсий аҳамият касб этади. Ушбу Кодекснинг қабул қилиниши, аввало, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмларини, сайлов қонунчилигини тизимлаштириш, сайлов жараёни очиқлигининг кафолатларини кучайтириш имконини беради.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва унда муносиб иштирок этиш бўйича чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Корақолпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенашларига сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича партия фаолиятини ривожлантириш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш юзасидан Йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Йўл харитасига асосан, вилоят ва туман Кенгашларида сайлов штаби тузилади. Партиянинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган сайловолди Платформаси тайёрланмоқда.

Ўқув семинари амалий машғулотлар билан давом эттирилди. Машғулотда партия ташкилоти ходимлари икки гуруҳга бўлиниб иш олиб боришди. Раис ўринбосари Ф.Мухаммеджанованинг тайёрланаётган сайловолди Платформадан ўрин олиши мумкин бўлган 3 та асосий масала хусусида гуруҳларнинг фикрини сўраганида:

1. Инсон омили – инсон фикрини ўзгартирмасдан туриб, жамиятни ўзгартириб бўлмайди.

2. Таълим тарбия – мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади.

3. Ҳуқуқий саводхонликни таъминлаш – барқарор ривожланиш гаровидир, деган жавоблар берилди.

Ўқув семинари баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.

 

 

Абдували Бўриев,
ЎзМТДП Навоий вилоят Кенгаши матбуот котиби




Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz