ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


“Момом ўргатган ҳунар” 10.07.2019

“Момом ўргатган ҳунар”


Пиру бадавлат момоларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган амалий санъат турларининг энг қадимий ва кенг тарқалган тури каштачиликдир.

Халқ амалий санъатининг бошқа турларида ижод қилувчи уста махсус ўқитилиб, узоқ ва машаққатли шогирдлик даврини ўтаса, каштачилик санъатида ҳар бир аёл ўзича шуғулланган. Шунинг учун бўлса керак, каштачиликда кўпроқ халқнинг ички дунёқараши акс этган.

Кашталарнинг энг қадимий намуналари касобий усулда қўлда бўз карбосга тикилган. Пахта толасидан пишиқ қилиб ишланган бу матонинг донадор тўқималиги юза қисми кашта учун қулай бўлган. Каштанинг фабрикада тўқилган оқ матоларга тикилган намуналари ҳам мавжуд. Ушбу матолар маҳаллий аҳоли томонидан “суф” деб аталган. Кейинчалик суф матоларини турли рангларга бўяш жараёни урф бўлган.

XIX асрнинг иккинчи ярмида кашталар алвон рангдаги матоларга тикила бошлади. Кейинчалик турли рангларга бўялган лас, тик каби матолар қўлланилган. XIX асрнинг 80-90 йилларида кашталар учун шойи матолардан фойдаланилган.

Ипак қуртидан олинадиган толанинг барча тури юқори сифатли ипакдан тортиб, пилла чиқиндиларигача чарх ёрдамида йигирилиб, турли рангларга бўялган. Асосан хотин-қизлар шуғулланган ҳунар тури – кашталар уйимизни безаш билан бир қаторда асрлар давомида шаклланган одат ва расм-русумлар сабабли ҳам халқ турмуш тарзида муҳим ўрин тутади. Мисол учун, келинга келтирилган дастурхонлар қайтарилганда, албатта, бўлажак келин тиккан каштачилик буюмлари билан  қайтарилган. Улар ичида куёв учун дўппи, қўл рўмолча, белбоғ ва сочиқлар бўлган. Келинлар бу кашталар орқали қалбидаги беғубор орзу ва истакларини ранг-баранг ипак иплардан гўзал нақшинкор гуллар тикиб изҳор этганлар. Бувилар қиз набираларига ёшлигидан бу ҳунарни ўргатишган. Чунки бўй етган қизнинг ўз қўллари билан тиккан кашталари унинг келинлик сарполарини безамаслиги айб саналган. Кашта ипак билан тикилганда жуда  нафис ва чиройли, жун ипакдан тикилганда жараён тез якунланмасада, ранглари узоқ сақланиб қолишига қарамай сифатсиз бўлган.

Йиллар давомида каштачилик соҳасида ҳам маҳаллий-бадиий услублар таркиб топиб, каштачиликнинг йирик марказлари юзага келган. XIX асрда Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Нурота, Шаҳрисабз, Ғиждувон, Ургут каби шаҳарларда катта-катта каштачилик марказлари бўлган.

Мазкур каштачилик мактабларида либосларга тикилган кашталар алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Шунингдек, бу мактабларда ўзига хос услуб ва ранглар мутаносиблиги мавжуд. Жумладан Нурота кашталари майда гул барглари ҳамда ўйноқи нақшлари билан киши диққатини ўзига тортади. Ушбу ҳудудда алоҳида касб этувчи сўзаналар ҳар бир келинчакнинг сепини нурга тўлдириб турган кашталарда тасвирланган анор гуллари меҳр рамзи ҳисобланган бўлса, атрофидаги нақшинкор йўл чизиқлари ҳаёт давомийлигини акс эттирган. Нурота кашталари қадимий меросдан муайян жиҳатларни қабул қилиш билан бирга ўзининг хусусий бадиий йўналишларига ҳам эга. Каштадўзлар асрлар давомида миллий безакдорликка интилганлиги боис, каштачилик санъати авлоддан-авлодга ўтиб, янада сайқал топиб бормоқда. Энг қувонарлиси, гулларни ифодалаб турган ипакларнинг ранги йиллар ўтсада ўз кўринишини йўқотмай сақланиб турганлиги кишини ҳайратга солади.

Санъат асари даражасида қўли гул ҳунармандларимиз томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари бугун дунёнинг кўплаб музейларидан, халқаро кўргазмалардан жой олмоқда. Халқимизнинг ўзига хос турмуш тарзи, бебаҳо қадриятлари анъаналарига юртимизга ташриф буюрган сайёҳларнинг ҳам қизиқиши ортиб бораётганлиги қалбимизга ифтихор туйғуларини бағишлайди. Нозик дид ва маҳорат билан қўлда тикилаётган анъанавий каштачилик санъати намуналаридан Навоий вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг захираси ва экспозиция залларида сақланиб келинмоқда ва томошабинлар эътиборига ҳавола қилинмоқда. Музейда 150 га яқин турли хил даврга тегишли каштачилик санъати дурдоналари сақланиб келмоқда. Асосан музей коллекциясини Нурота каштачилик мактабининг XVIII-XIX асрга тегишли турли хил каштачилик намуналари ташкил этади.

Жойларда “Устоз - шогирд” мактаблари ташкил қилиниб, интилувчан ёшларимизга халқ бадиий хунармандчилиги ва амалий санъати бўйича махорат сирлари ўргатилаётир. Бунинг натижасида аждодлар изидан бориб, миллий қадриятларимизга садоқат ва эҳтиром руҳида камол топаётган истедодли ҳунармандлар етишиб чиқмоқда.

Халқ ҳаёти ва урф-одатлари билан чамбарчаси боғлиқ бўлган бу санъат тури қўли гул чеварлар томонидан бугунги кунда янада сайқалланиб, кенг тус олаётгани аҳоли орасида ишсизлик муаммоларини бартараф этишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилаяпти.

 


Т.Ғаниева,
Навоий вилояти тарихи ва маданияти
 давлат музейи илмий ходими, партия фаоли


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz