ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


17.05.2019

Навоий вилоятини эркин иқтисодий зона сифатида ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди



Жорий йилнинг 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
 
Унга кўра, Навоий вилояти ҳудуди 2030 йил 1 январга қадар, кейинчалик белгиланган тартибда муддатни узайтириш имконияти билан, инновацион, юқори технологик, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгиланди.

Маълумки, Навоий вилояти республикамизнинг йирик индустриал ва маданий маркази ҳисобланиб, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Айни пайтда фаолият олиб бораётган эркин иқтисодий зона, интермодал логистика маркази, халқаро аэропорт, қатор саноат корхоналари, йирик қувватли электр станцияси вилоятда тадбиркорлик ривожи ва ишбилармонлик муҳитини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда вилоятда 134 та қўшма ва хорижий корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 21 таси жорий йилнинг ўзида ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, вилоят ҳудудида Менделеев даврий жадвалидаги барча элементлар мавжуд. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган олтиннинг қарийб 80 фоизи, цементнинг 43 фоизи, минерал ўғитларнинг 20 фоизи, электр энергиясининг 14 фоизи вилоятдаги гигант корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил март ойидаги Навоий вилоятига ташрифи чоғида тадбиркорлар учун шарт-шароитларни янада яхшилаш мақсадида Навоий вилоятига эркин иқтисодий ҳудуд мақоми берилди, Нурота туманидаги мармартошга бой бўлган “Ғазғон” қишлоғини шаҳарчага айлантириш ташаббуси илгари сурилган эди. Бугун эса бу ташаббуслар амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жорий йилнинг 31 апрел – 1 май кунлари “Invest in Navoi” II халқаро бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатларининг 250 нафарга яқин ишбилармон доиралари, салоҳиятли инвесторлари ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги мухтор элчилари ва дипломатлари ҳамда республикамизнинг 200 дан ортиқ бизнес вакиллари иштирок этган бўлса, 16-17 май кунлари мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси томонидан Навоий шаҳрида Ўзбекистон-Америка-Канада бизнес форуми ташкил этилди. 

Президентимизнинг “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони вилоятимизда яна янгидан-янги қўшма корхоналарнинг очилиши, бунинг натижасида янги иш ўринлари яратилишига, туризм салоҳиятининг ошишига хизмат қилади.

Фармон билан Навоий вилоятини эркин иқтисодий зона сифатида ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Энг муҳими, Навоий вилоятидаги “Навоий” ЭИЗ иштирокчиси мақомига эга бўлган корхоналар қуйидаги тўловлардан озод этилади:

- ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солиқ, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови;

- ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун, шунингдек, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, реконструкция қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли йўналиши билан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно);

- республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва белгиланган тартибда тузилган рўйхатлар бўйича лойиҳани амалга ошириш доирасида олиб кириладиган қурилиш материаллари учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно).

Ушбу имтиёзлар инвестициялар ҳажмига қараб, 3 йилдан 10 йилгача муддатга берилади:

- 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача - 3 йил муддатга;

- 3 миллион доллардан 5 миллион долларгача - 5 йил муддатга;

- 5 миллион доллардан 10 миллион долларгача - 7 йил муддатга;

- 10 миллион АҚШ доллари ва ундан юқори - 10 йил муддатга.

Бу эса маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун энг муҳим жиҳатлардан саналади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, ушбу фармон бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инновацион тадбиркорлик ва юқори технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш, шунингдек, Навоий вилояти ҳудудида минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватларни ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги депутатлари мазкур Фармон ижросини таъминлашда депутатлик назоратини амалга оширадилар ҳамда фаол иштирок этадилар.


Тоҳир Ўринов, 
халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz