ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


29.04.2019

Нуронийларимизнинг ҳар бир сўзи биз учун ўгит, ҳар бир насиҳати келажагимиз учун қўйилган таъмал тошидир


Юртимизда кексаларни эъзозлаш, ўтганлар руҳини шод этиб, яхши хотиралар билан ёд этиш азал-азалдан қонимизга сингиб кетган қадриятлардан саналади. Айниқса, кўпни кўрган нуронийлар билан суҳбатлашар экансиз, бугунги дориломон кунларнинг қадри нечоғлиқ баланд эканлигини, энг муҳими шу юрт, шу она замин тинчлиги учун шукроналар келтирасан киши.

Навоий вилоятида ҳам Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига эҳтиром кўрсатиш, уларни рағбатлантиришга қаратилган тадбирлар ташкил этмоқда.

Уларда партия дастурий мақсад-вазифаларига мос ва уйғун бўлган халқимизнинг маънавияти ривожи ва жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мурувват, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, бағрикенглик, яхшилик ва саховатпешалик, кексаларга ҳурмат кўрсатиш каби миллий қадриятларимиз кенг тарғиб қилинмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Козим Тожиев, партия ташкилоти вилоят Кенгаши ижроия қўмитаси девони раҳбари Бахтиёр Бобоназаров Кармана туман кенгаши ва туман “Нуронийлар” жамғармаси вакиллари билан биргаликда “Уйрот” МФЙ Нурчилар кўчасида истикомат қилаётган 2-жаҳон уруши қатнашчиси Ялла бобо Раушанов хонадонига ташриф буюришди.

IMG_20190427_154954.jpg

Ялла бобо 4 қиз, 1 ўғилни вояга етказди. 1937-1938 йилларда Каттақўрғон канали қурилишида иштирок этди. 1939 йили ҳарбий хизматга чақирилди ва қарийб ўн йилдан сўнг – 1948 йилда уйига қайтди. Айни пайтда 20 набира, 30 га яқин чеваранинг тинч ва тўкин замонда ўқиб, улғаяётганидан кўнгли яйрайди. Ёшларга тинчликни асраш, бу кунларнинг қадрига етишни уқтиради.

– Бугун юртимизда биз каби кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромдан жуда мамнунмиз. Уруш етказган талафотларни ҳали ҳамон эсласам, сесканиб кетаман. Биз кўрган уруш даҳшатларини фарзандларимиз асло кўрмасин. Бугун юртимиздаги тинч-осуда ҳаётни, ривожланиш ва тараққиётни кўриб шукроналар айтаман. Бу кунларни кўзингизга суртинг, юрт тинчлиги, эл фаровонлиги, Ватан тараққиёти учун ўз ҳиссангизни қўшиб яшанг, – дейди Ялла бобо Раушанов.

Шу куни партия фаоллари “Дўрмон” маҳалласида истиқомат қилувчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 105 ёшли Пирназар бобо Турдиев хонадонига ташриф буюришди. Бобо билан дилдан суҳбат қуриш асносида жанггоҳларда кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақидаги гурунгидан баҳраманд бўлишди.

– 1941 йили айни 21 ёшимда фронтга кетиб, тўрт йил жангу жадаллар орасида юрдим. 25 ёшимда урушдан қайтгач, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилдим: арпа, буғдой, жўхори етиштириб, ҳар йили мўл ҳосил олинишига ҳисса қўшдим. Табелчилик қилдим. Сўнгра қурилиш бригадасида ишладим. Истиқлол йилларидаги ҳаётим эса умримнинг энг мазмунли даври бўлди. Давлатимизнинг кексаларга юксак эътибори ва ғамхўрлигидан, фарзандларимиз камолини кўраётганимиздан беҳад мамнунмиз. Маҳалладош­лар доимо йўқлаб туришади. Улар билан суҳбатлашиб, руҳим тетиклашади, куч-ғайратим ошади. Бизга эҳтиром ва эътибор кўрсатаётган инсонларнинг ўзлари ҳам улуғ ёшларга кириб, доимо элимиз ардоғида бўлсин, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмасин, дея бугунги тинч ва осуда ҳаётимизга шукроналик келтиради Пирназар бобо.

IMG_20190427_151132.jpg

Ҳа, урушнинг аччиқ азобини бугун тўқсон билан тўқнашиб, юз билан юзлашиб турган кексаларимиз яхши билишади. Уруш хотираларидан сўзлаб беришини сўрасангиз, бир зумгина тин олишиб, узоқ ўйга толишади. Урушнинг суронли йиллари, қуролдошлари, не-не заҳматли кунлар ёдга тушади.

“Хўжа Хусрав” МФЙ Р.Мамажонов кўчасида истиқомат қилаётган 2-жаҳон уруши Ленинград қамали иштирокчиси Замиля Ханбекова хонадонига ташриф буюришган меҳмонлар яна бир бор бунга амин бўлишди.

– Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан кўнглим тоғдек кўтарилди, – дейди Замиля Ханбекова. – Яратганга беҳисоб шукр, бугунгидек дориломон кунларда яшаш насиб этди. Ҳар тонг юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги учун шукроналар айтаман. Бунинг бари тинчликдан.

IMG_20190427_163021.jpg

Ҳа албатта, нуронийларимиз нигоҳларидан ажиб бир шукронани илғаш қийин эмас. Уларнинг ҳар бир сўзи биз учун ўгит, ҳар бир насиҳати келажагимиз учун қўйилган таъмал тошидир.

 

Машраб ТОШЕВ,
 ЎзМТДП Кармана туман кенгаши раиси

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz