ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


Президент мактаблари иқтидорли ёшлар учун муҳим янгилик 24.02.2019

Президент мактаблари иқтидорли ёшлар учун муҳим янгилик

Ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароит яратиш, ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш халқ таълими соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидандир.

Шу боисдан ҳам мамлакатнинг келгусидаги тараққиёти ёш истеъдод эгаларини аниқлаш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш тизимини ташкил қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга ёрдам берувчи кўп тармоқли таълим муҳитини яратиш бўйича ишлар сифатини оширишни тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 февралда қабул қилинган “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу йўналишдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Унга мувофиқ, республикамизнинг барча ҳудудлари қатори вилоятимизда ҳам ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилади.

Иқтидорли болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш, табиий ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологияларини ўзлаштиришни ташкил қилиш ушбу мактабларнинг асосий вазифалари этиб белгиланган. Ўқув дастурларининг узлуксизлигини таъминлаш масалаларида миллий умумий ўрта ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, битирувчиларнинг илғор хорижий олий ўқув юртларида ҳамда республикамиздаги филиалларида ўқишини давом эттиришини таъминлаш ҳам шулар сирасига киради.

Президент мактабларига қабул қилиш республика умумтаълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади. Йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида 5-10-синфларга 144 нафардан ўқувчи қабул қилинади.

Энг муҳим жиҳати, таълим жараёни хорижий муассасалар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади. Қолаверса, бундай муассасаларда “СТЕАМ — таълим” дасури жорий этилади ва табиий фанлар, технологиялар, техник ижодкорлик, санъат ва математика фанлари чуқурлаштириб ўтилади.

Президент мактабининг 9-11-синфларида ўқитиш ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хусусиятларини инобатга олган ҳолда, айрим фанлар ва уларни ўрганиш даражасини танлаб олиш орқали ўқув жараёнини индивидуаллаштиришни кўзда тутади. Асосий ўқув дастури билан бирга, ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда синфдан ташқари амалий машғулотлар ўтказилади.

Президент мактаблари битирувчиларига белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган маълумот тўғрисидаги ҳужжат билан бир қаторда, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларига кириш имконини тақдим этувчи халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи берилади. Айтиш жоиз, вилоятимизда бундай мактаб 2021 йилга қадар қуриб битказилиши ва ишга туширилиши режалаштирилган.

Қулайлиги, ўқувчиларни бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминлаш харажатлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мазкур ҳужжат таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаган ҳолда иқтидорли ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим яратиш, уларни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришда юксак аҳамият касб этади.

Н. УЛУҒБЕРДИЕВ,
Халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат,
вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz