ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


"Сиёсий куч сифатидаги фаолиятимиз марказида электоратимиз манфаатлари ётади!" 11.02.2019

"Сиёсий куч сифатидаги фаолиятимиз марказида электоратимиз манфаатлари ётади!"


Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят Кенгашининг XIII Пленуми ўтказилди.

Партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанова, Марказий кенгаш бўлим бошлиқлари, вилоят кенгаши ва Ижроия қўмитаси аъзолари, маҳаллий партия ташкилотлари раҳбарлари, партиядан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайланган депутатлар, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрдаги Парламентга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, барча партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари олдида турган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Кенгаш йиғилишида партия вилоят кенгаши раиси Илҳом Ражабов маъруза қилди. 

IMG_5920.JPG

Йиғилишда 2018 йилда эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил этилиб, туман (шаҳар) кенгашлари фаолиятига танқидий баҳо берилди.

2018 йилда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши фаолияти ҳам танқидий-таҳлилий қайта кўриб чиқилди ва янги мезонлар асосида ташкил этилди. Хусусан, маънавий ислоҳотларни амалга ошириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, миллий иқтисодиётда туризмнинг салмоғини ошириш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, ушбу масалаларда вакиллик органларига партиямиздан сайланган депутатлар ҳамда партия ташкилотларининг фаоллигини янада оширишга қаратилган партиявий ташаббуслар амалга оширилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан мамлакатимизда мавжуд моддий маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш, уларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ҳамда бу боради аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар режасига асосан, Марказий кенгашга партия томонидан ўрганилган 389 та моддий маданий мерос объектлари ҳақида ҳудудлар кесимида фотоальбомлар жамланмаси ҳамда уларнинг электрон нусхалари тақдим қилинди. Ўрганиш натижалари юзасидан сессиялар кун тартибига ташаббус масала киритилди ва ушбу масала халқ депутатлари Навоий вилоят, Нурота, Хатирчи, Кармана, Навбаҳор, Учқудуқ, Томди туман Кенгашлари сессияларида муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, болалар қўшиқчилигини ривожлантириш, “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятининг бугунги ҳолати, Ўзбекистонда гиламчилик музейини ташкил этиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари фаолияти, “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари, тиббиёт тизими, туризм соҳаси ҳамда “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари фаолияти депутатларимиз ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганиб чиқилди.

IMG_5916.JPG

Айни пайтда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига ЎзМТДПдан сайланган 88 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. 2018 йилда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари амалдаги қонунлар, Президент фармонлари, давлат дастурлари ва ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш бўйича 354 депутатлик сўрови, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига 30 ташаббус-масала, маҳаллий Кенгашларидаги доимий комиссиялар томонидан ўтказилган йиғилишлар кун тартибига партиядан сайланган депутатлар томонидан 74 та масала киритилди.

Бироқ ушбу сўровлар ва қабул қилинган қарорларнинг натижадорлиги сезилмаяпти. Боиси, депутатлик гуруҳлари билан партия ташкилотлари ҳамкорлиги бугунги кун талаби даражасида эмаслиги, шунингдек, якунланган йилда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлик гуруҳлари томонидан сессияларга ёшлар ва хотин-қизлар масаласида, уларнинг муаммо ва камчиликларини бартараф этиш мақсадида бирор-бир марта ташаббус-масала киритилмаганлиги таъкидланди.

Депутатлик сўровларига мансабдор шахсларнинг ўз вақтида жавоб қайтармаётганлиги ва юзаки қараётганлиги айтиб ўтилди. Жумладан, 2018 йилда 5 та депутатлар сўровларига ўз вақтида жавоб қайтарилмади. Бу эса депутатларимизнинг халқ ичига кириб бориши, фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларга қонунчиликда белгиланган муддатларда жавоб қайтарилмаслигига сабаб бўлмоқда. Депутатлик сўровига жавоб қайтармаган мансабдор шахсларга маҳаллий Кенгаш раиси номига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан маълумот киритиш ишлари кечиктирилиб бажарилди.

IMG_5959.JPG

Мажлисда “Ёшлар қаноти” ва “Аёллар қаноти” томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, “Уйма-уй”, “Депутат билан юзма-юз”, “Хизмат - беминнат” лойиҳалари доирасида жойларда аҳоли билан учрашув ўтказилаётганлиги, уйма-уй юрилаётганлиги, аммо аксарият мурожаатларнинг якуний натижаси ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги танқид остига олинди.

2018 йилда жисмоний ва юридик шахслардан тушган мурожаатлар сони 475 тани ташкил этиб, уларнинг аксарияти бандлик, коммунал, уй-жой ва ер масаласи, иш ҳақи ва нафақа, соғлиқни сақлаш тизимига таалуқли масалалардир.

Шуни айтиш жоизки, йиғилишда бугун юртимизда инсон манфаатлари олий қадрият дея эътироф этилаётган экан, сиёсий куч сифатида қабул қилаётган сиёсий қарорларимизнинг марказида халқимиз турганлиги, ишимизга шубҳасиз, улар баҳо беришини асло унутмаслигимиз кераклигига алоҳида урғу берилди.

Йиғилишда якунланган йилда амалга оширилган ишлар, жумладан, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатлик гуруҳлари фаолиятига танқидий баҳо берилди.

Кенгаш йиғилишида вилоят Кенгаши депутатлари Д.Орзиева, Т.Ўринов, Навоий давлат кончилик институтида ташкил этилган “Кўмак” гуруҳи аъзоси З.Умарова ва бошқалар музокарага чиқиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Кенгаш мажлисида вилоят партия ташкилотининг 2018 йил учун умумлаштирилган сметаси ижроси ва 2019 йилга мўлжалланган партия ташкилотининг сметаси ҳамда аъзолик бадаллари тушуми тўғрисида масала кўриб чиқилди.

Партия томонидан Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда 2019 йилда қилиниши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Пленумда ташкилий масала кўрилди. Унда Бахтиёр Бобоназаров ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши раисининг ташкилий-партиявий ва кадрлар масалалари бўйича ўринбосар этиб тасдиқланди.

IMG_5963.JPG

Тадбирда ЎзМТДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Феруза Мухаммеджонова иштирок этди ва сўзга чиқди.

Кенгаш йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Абдували Бўриев,
ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши матбуот котиби




Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz