ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


ЎТГАН ЙИЛНИНГ МОС ДАВРИГА НИСБАТАН ЎСИШ БОР, АММО КЕЛГУСИДА ҚИЛИНИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН ИШЛАРИМИЗ КЎП 14.07.2019

ЎТГАН ЙИЛНИНГ МОС ДАВРИГА НИСБАТАН ЎСИШ БОР, АММО КЕЛГУСИДА ҚИЛИНИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН ИШЛАРИМИЗ КЎП

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят Кенгашининг XIV Мажлисида 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши ва фракцияси аъзолари, вилоят Кенгаши ва Ижроия қўмитаси аъзолари, маҳаллий партия ташкилотлари раҳбарлари, партиядан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайланган депутатлар, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Йиғилишда партия ташкилотининг 2019 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти якунлари, иккинчи ярим йилликдаги асосий йўналишлар, шунингдек, шу йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. 

Партия ташкилоти вилоят Кенгаши раиси Илҳом Ражабов таъкидлаганидек, жорий йил партиямиз учун улкан синовлар йили - олдимизда сайлов жараёни ва компанияси турибди. Шу муносабат билан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва унда муносиб иштирок этиш бўйича чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Корақолпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенашларига сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича партия фаолиятини ривожлантириш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш юзасидан Йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Жойларда ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида бошланғич партия ташкилотлари сони 548 тадан 566 тага етди. Бу борада ўсиш партиянинг асосан Кармана, Қизилтепа, Учқудуқ,  Конимех ва Хатирчи туман Кенгашлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Партия аъзолар сони эса ўтган шу даврига нисбатан 4695 нафарга ошиб, аъзолар умумий сони 21541 нафарга етди. Уларнинг 10682 нафарини ёки 49,5 фоизини аёллар ташкил этади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, таҳлил қилинганида бугунги кунда мавжуд БПТларнинг 352 тасининг раислари хотин-қизлардан иборат эканлиги маълум бўлди.

– Аммо эришилган ютуқлар билан бирга бир қатор камчиликлар ҳам йўқ эмас, – дея такидлади И. Ражабоб. – Партия ташкилотлари ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини янада жонлантириш мақсадида БПТ раислари учун ўқув-семинарлар ташкил этиш, намунали бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини оммалаштириш, бошланғич партия ташкилотлари ўртасида танловлар ўтказиш, фаол бошланғич партия ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ишларини амалга оширишимиз лозим. 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят кенгаши ҳам партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда халқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаб келаётган масалаларга ечим топишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётир. Айни пайтда халқ депутатлари вилоят Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган 14 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 74 нафар депутат фаолият олиб бормоқда.

– Депутатларимиз томонидан ўтган 2019 йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида жами 311 депутатлик сўрови,  амалга оширилган бўлса, партия гуруҳи аъзолари ташаббуси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар йиғилишларида мансабдор шахсларнинг 41 марта ҳисоботи тингланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялар йиғилишларига 42 та таклиб олиб чиқилди ва сессиялар кун тартибига 26 та ташаббус-масалалар киритилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Гарчи бу йўналишларда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш кузатилган бўлсада, депутатлик сўровларнинг натижадорлиги ошириш мақсадида депутатлик гуруҳлари билан партия ташкилотлари ҳамкорлигини янада жонлантириш керак. Шу билан бирга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги баъзи партия гуруҳлари ва уларнинг аъзолари фаолиятида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани, ҳудуднинг муаммоларини ҳал этишда уларнинг таъсири сезилмаётганини ҳам эътироф этиш керак, – дейди вилоят Кенгаши Ижроия қўмитаси партия гуруҳи ижрочи котиби Хуршид Тошев.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят кенгаши ҳам фаолияти давомида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, кенг қамровли ишларни олиб бормоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида мафкура йўналишида жами 357 та турли хил мавзудаги тадбирлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, учрашувлар ўтказилди. Уларда партия аъзолари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Жойларда бу каби тадбирлар Учқудуқ, Кармана, Томди, Конимех, Қизилтепа туманлари ва Навоий шаҳри Кенгашларида самарали ташкил этилди, қолган партия ташкилотларида ҳам жойларда маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини ошириш талаб этилади.

Партия ўз дастурида таълим-тарбия масаласини муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаган. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда маънавий-маърифий тадбирларни, форум ва турли лойиҳаларни амалга ошириш лозим. Ва албатта, партия ғоя ва мақсадларини кенг оммага тарғиб қилишда мутахассис, ўз соҳасининг билимдонлари, обрў-эътиборга эга партия фаолларини жалб қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, қўшимча бепул таълим бериш бўйича “Хизмат – беминнат” лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда. Вилоят миқёсида 114 та ўқув курси фаолият олиб бормоқда. 

Ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан ўлчанади. Мамлакатимизда оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятдаги фаоллигини ошириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик, оилавий ажримлар, эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олиш бўйича катта ўзгаришлар қилинмоқда.

“Аёллар қаноти” томонидан хотин-қизларнинг сиёсий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, дунёқарашини кенгайтири ва сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш мақсадида “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда депутатнинг роли”, “Аёл ва жамият”, “Аёл ва сиёсат”, “Хотин-қизлар – демократик жараёнларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси”, она тилимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш мақсадида олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида “Соф ўзбек тилида” лойиҳаси, Зарафшон, Навоий шаҳарлари ва Навбаҳор туманида турли спорт акциялари ташкил этилди.  

“Бувимнинг эртаклари”, “Бобомнинг эртаклари”, “Миллий мусиқа асбоблари таронаси” лойиҳаси доирасида вилоятдаги намунали хаёт тарзини юритган маҳалла нуронийлари, хожи ота ва хожи оналар,  жойлардаги болалар мусиқа санъати мактаблари билан ҳамкорликда ҳудудлардаги МТМ тарбияланувчилари, оромгоҳларга ташриф буюрилди. 

Вилоятдаги 25 нафар аёл депутат иштирокида хотин-қизлар муаммосини ўрганиш ҳафталиги ташкил этилди. Унда  ҳар бир аёл депутатга бир ҳафта давомида 2 тадан хотин-қизнинг муаммосини ўрганиб ҳал этиш вазифаси юклатилди. Натижада ҳафта давомида 50 нафар аёлнинг муаммоси ўрганилиб, нафақа, дам олиш муассасасига бориш, мактаб ёнида йўл чироқларини ўрнатиш, ободонлаштириш, кредит олиш, тиббий потранаж хизмати, ҳудудларда сим ёғочларнинг очиқ ҳолатда ётишини бартараф этиш сингари 32 та мурожаат ижобий ечим топди.

 “Аёллар қаноти” томонидан 2 маротаба Кармана тиббиёт бирлашмасида бепул тиббий кўрик ташкил этилиб, унда 73 нафар аёл қамраб олинди. 

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида таъкидлаганидек, “Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир. Шу нуқтаи назардан қараганда “Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади”.

“Хизмат – беминнат” лойиҳаси доирасида партия “Аёллар қаноти” томонидан ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида “Устоз-шогирд” анъаналарига кўра, маҳаллаларда истиқомат қилаётган вақтинча ишсиз хотин-қизларга қўшимча бепул касб-ҳунар ўргатилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят бўйича 65 та ўқув курслари (1 ойлик, 3 ойлик, 6 ойлик ҳамда 1 йиллик муддатларда) ташкил қилиниб, курсларга жами 148 нафар хотин-қиз бириктирилган. Бугунги кунда улардан 10 нафари мустақил фаолият бошлаган. Хотин-қизларимиз тикувчилик, ошпазлик, заргарлик, нонвойлик, сартарошлик, бисер тўқиш,  дўппидўзлик каби йўналишларда касб-ҳунар ўрганмоқда.  

“Уйма-уй” лойиҳаси доирасида 234 та хонадонга ташриф буюрилиб, хотин-қизлар масаласига таалуқли бўлган 185 та муаммоли вазиятлар рўйхатга олинган.

Ҳозирги вақтда ушбу муаммоларнинг 173 таси ўз вақтида ижобий ҳал этилиб, ечимини кутаётган 12 та масала вилоят, шаҳар ва туман партия ташкилотлари ҳамда депутатлар томонидан ижроси назоратга олинган. 

2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний ва юридик шахслардан тушган  мурожаатлар сони 335 тани ташкил этди.

Мурожаатлар таҳлил этилганида,  бандлик масаласи - 47 та, коммунал соҳа - 68 та, уй-жой  ва ер масаласи - 66 та, ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш - 66 та, банк кредит масаласи - 37 та, қолгани бошқа масалалардир.

Мурожаат қилиб келган шахсларнинг 90 нафарига тушунтиришлар берилган, 96 та мурожаат тегишлилиги бўйича ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотларга юборилган бўлса, 149 та мурожаат ижобий ҳал этилган.

Кенгаш йиғилишида “Фахрийлар кенгаши” раиси Й.Жўлиев, Кенгаш аъзоси, Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ш.Ҳамидовалар музокарага чиқиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Тадбирда ЎзМТДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Ф.Мухаммеджанова иштирок этди ва сўзга чиқди.

Кенгаш йиғилиши сўнгида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Абдували Бўриев, 

ЎзМТДП Навоий вилоят Кенгаши матбуот котиби



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz