ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Навоий вилояти


13.02.2019

Йилдан йилга янгидан-янги ҳақиқий Навоий ворислари кашф этилмоқда


Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва улуғлигини англаш туйғуси халқимиз онгу шуурига, қалбига, аввало, Навоий асарлари билан кириб келади. Навоийни англаш, унинг фалсафий, ахлоқий, маданий-маърифий мушоҳадаларга бой асарларини ўқиш ва тушунишнинг ўзи улкан саодатдир. Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига сингдириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар мақтовга арзигуликдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши халқимиз, айниқса, ёш авлод китобхонлик маданиятини юксалтиришга, аждодларимизнинг бой маънавий меросидан баҳраманд бўлишига хизмат қилаётир.

IMG_6094.JPG

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Навоий ворислари” лойиҳаси ҳам давлатимиз раҳбарининг мазкур фармойиши ҳамда партиянинг маънавий-маърифий соҳадаги вазифалари ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, тадбирда қайд этилганидек, 2018 йилда кўрик-танловнинг туман, шаҳар ва ҳудудий босқичларида Республикамизнинг 4 минг 997 та умумий ўрта таълим муассасаларидан жами 11 минг 368 нафар ўқитувчи ўз ўқувчилари билан иштирок этдилар. Бу рақамлар 2017 йилга нисбатан иштирокчилар сонининг икки баробарга ортганини кўрсатади. Танлов натижасида Алишер Навоий ижодига бефарқ бўлмаган, унинг 50 тадан 100 тагача ғазалларини тўлиқ ёд оладиган ва нафақат ёд олиш, балки ғазал матнининг насрий баёнини ярата оладиган ҳамда ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаб бера оладиган 14 мингдан ортиқ иқтидорли ва истеъдодли ёшлар кашф этилди.

Анъанавий равишда ўтказила бошланган мазкур кўрик-танловнинг республика босқичи бу йил ҳам Навоий вилоятида юқори савияда ташкил этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шоир номи билан аталувчи вилоятда Навоий ижодини ўрганиш, унинг асарларини таҳлил ва талқин қилиш бугунги кун ёшларини ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб камолга етиштириш борасида мақтовга арзигулик ишлар қилинмоқда. Жумладан, мана уч йилдирки, бу ерда “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий анжумани ташкил этилмоқда. Айни пайтда буюк бобакалонимиз ҳокидан тупроқ олиб келиниб, Навоий шаҳрида зиёратгоҳ ҳамда Алишер навоий ҳайкали ёнида унинг музейини ташкил қилиш ва Навоий достонлари қаҳрамонлари боғини яратиш борасида хайрли ишлар бошланиб, келгусида Навоий шаҳрини жаҳон навоийшунослари марказига айлантириш борасида сайъ-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

IMG_6026.JPG

Иштирокчилар дастлаб вилоят марказидаги Алишер Навоий номи билан аталувчи истироҳат боғидаги шоир ҳайкали пойига гуллар қўйиб, улуғ мутафаккир даҳосига ҳурмат бажо келтирдилар.

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтказилган кўрик-танлов биринчи кунида иштирокчилар тўрт шарт – энг кўп ғазал ёд олиш, ғазални бехато ва ифодали ўқиш, ғазал матнининг насрий баёнини ярата олиш, ундаги сўзлар мазмун-моҳиятини изоҳлаб бериш каби шартлар бўйича баҳслашди.

IMG_6117.JPG

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг ҳар бир чиқишини баҳолаб борди.

– Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув даврда буюк мутафаккир меросига қайта-қайта мурожаат этиш, унинг асарларида ўз ифодасини топган инсонни камолотга етакловчи эзгу ғояларни ёшлар онгига сингдириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Алишер Навоий туркий тиллар тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган буюк мутафаккирдир. Гарчи орадан беш ярим асрдан зиёдроқ вақт ўтган бўлса-да, шоир ижодининг қиммати асло камаймаган. Навоий асарлари ёшларимиз учун маънавий қувват ва юксалиш манбаи саналади. Бугун Алишер Навоий ҳақли равишда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари турли тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг бой маънавий меросидан баҳраманд бўлди ҳамда асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадалардан завқ олмоқда, – дейди навоийшунос олим, ҳакамлар ҳайъати раиси Олимжон Давлатов.  

Мазкур кўрик-танлов ҳам бобокалонимизнинг умрбоқий асарларида илгари сурилган эзгу ғоялар билан ёшларни янада яқинроқ таништиришда муҳим ўрин тутади. Зеро, даврлар алмашса-да, буюк аждодимиз қолдирган маънавий мероснинг қадр-қиммати тобора ортиб бораверади.

photo_2019-02-12_16-18-30.jpg

– Ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан яна бири - бу Алишер Навоий бобомиздир, – дейди Навбаҳор туманидаги 34-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Мўътабар Шарипова. – Навоий мероси ёшларни, аввало, ота-боболаримиз йўлини муносиб давом эттиришга, ҳамиша эзгулик яловини маҳкам тутишга, маънавий камолот ва саодатга интилиб яшашга ўргатади. Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, “оламда туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон-бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга садоқат ва эътиқод билан қарамаса. Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир.”

IMG_6124.JPG

Кўрик-танлов давомида иштирокчиларнинг улуғ шоир ғазалларидан камида 40 тасини ёд олгани ва уларнинг насрий баёнини тақдим эта олиш қобилиятига эътибор қаратилди.

Тадбир давомида иштирокчилар ва меҳмонлар Кармана туманидаги Қосим Шайх тарихий мажмуаси, Навоий давлат педагогика институтида ташкил этилган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейини бориб кўришди.

– Алишер Навоий адабий мероси – бебаҳо маънавий хазина, – дейди Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилган иштирокчи Шукрулло Зикриллаев. – Бу буюк хазинани ўзлаштириш эса биз - фарзандлар қўлида. “Навоий ворислари” Республика кўрик-танловида эса янгидан-янги ҳақиқий Навоий ворислари кашф этилмоқда. Бу каби кўрик-танлов, навоийхонлик кечалари ёшларни миллий-маънавий ҳамда тарихий қадриятларимизга ҳурмат руҳида ва ўтмиш меросимизнинг ҳақиқий билимдони қилиб тарбиялаш, уларда ватанпарварлик, миллий ғояга садоқатлилик, аждодларидан фахрланиш туйғусини камол топтиришда муҳим аҳамият касб этади.

IMG_6060.JPG

Эслатиб ўтамиз, бугун танловнинг финал босқичи ва ғолибларни тақдирлаш маросими “Фарҳод” маданият саройида бўлиб ўтади.

Унда саралаш босқичида юқори балларни қўлга киритган Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилган иштирокчи Шукрулло Зикриллаев, Навоий вилояти вакили Лобар Давронова ва сирдарёлик Хуршида Акбарқуловалар ўзаро куч синашишади.

photo_2019-02-13_10-52-02.jpg


        Абдували БЎРИЕВ,
ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши матбуот котиби




Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz