ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Қорақалпоғистон Республикаси


Маданий мерос объектлари – умумий мулкимиз 20.10.2018

Маданий мерос объектлари – умумий мулкимиз

Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё тумани ҳудудида мавжуд бўлган маданий мерос объектларининг бугунги кундаги аҳволи ва уларни давлат муҳофазасига олиш ишларининг натижасини ўрганиш мақсадида ЎзМТДПнинг туман кенгашида тегишли соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, жойларда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Туманда жами 15 та маданий мерос объектлари рўйхтага олинган бўлиб, улардан 6 таси археологик ёдгорликлар, 1 таси архитектура ёдгорликлари, 7 таси монументал санъат ёдгорликлари ҳамда 1 таси диққатга сазовор жойлардир.

Ўрганишлар давомида ҳудуддаги мавжуд маданий мерос объектларининг бирортасининг ҳам давлат кадастр рўйхатидан ўтказилмаганлиги аниқланди ҳамда мухофазага олинган объектларни англатувчи белгилар (Чилпиқдан ташқари) қўйилмаган.

Манғит шаҳрининг «Бойовул» МФЙ ҳудудидаги 2005 йилда қурилган монументал санъат ёдгорлиги Абу Райҳон Берунийнинг бюсти ҳозирги кунда  шўрланиб, нураш ҳолатига келиб қолган. Айни пайтда мазкур ёдгорлик қайта  реставрацияга муҳтож.

photo_2018-10-19_10-35-48.jpg

«Қиличбой» ОФЙ ҳудудида жойлашган Қалъажиқ қўрғони тарихан XIII-XIV асрларга тўғри келади. Қўрғон 1981 йили маҳаллий фуқаролардан бири Бекпўлат Авазматов томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими археологларига берилган ахборот туфайли фанда илк бор маълум бўлган. Ҳозирги кунда Қалъажиқ қўрғони атрофи экин майдонларига айланганлиги сабабли, унинг майдонини тўла аниқлашнинг иложи йўқ. Қалъа жойлашган ер рельефини ўрганиш орқали унинг тўрт бурчакли эканлиги ва тахминан 3.5 гектар майдонни ташкил этиши маълум бўлди. Ҳозирда мазкур ҳудуд “Дилором ” кўп тармоқли хусусий фирмаси тасарруфига ўтказилган бўлиб, экинзор сифатида фойдаланилиб келинмоқда.

«Чордара» МФЙ, «Қиличбой», «Хитой» ва «Бўз-ёп» овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида жойлашган 1941-1945 йиллардаги иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган ёдгорликлар ҳам қаровсиз ҳолга келиб қолган ҳамда вақтида ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ томонидан Назархон ОФЙ ҳудудидаги археологик ёдгорликлардан Беш туб тепалиги, Назархон Динг минораси, Назархон қалъаси ҳамда «Беш том» МФЙ ҳудудидаги Чилпиқ археологик ёдгорлиги, Хўжакўл Динг минораси, Хўжаниёз бий тош мадрасаси, диққатга сазовор жойлардан Қипчоқ ОФЙ ҳудудидаги Ҳожи эшон бобо мақбараси ҳам ўрганилди.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган ҳар бир объектнинг ўз тарихи, биз билмаган сиру-синоатлари борлиги бизни ҳайратга солди.

Дарҳақиқат, ўз тарихини билмаган халқнинг келажаги ҳам маъносиздир.  Шундай экан аждодларимиздан  мерос  бўлган муқаддас ёдгорликларимиз тарихини чуқурроқ ўрганиб, асл тарихимизни юзага чиқариш бизнинг келажак авлод олдидаги бурчимиздир.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, туман ҳокимининг 2016 йил 15 декабрдаги "Туман ҳудудидаги маданий мерос объектларининг давлат мухофазасига олинган рўйхатини қайта тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорида белгиланган туман ҳудудидаги маданий мерос объектларига ҳомийлик ёрдамини кўрсатувчи корхона, ташкилот ва муассасалар бириктирилиб, объектларнинг атрофини ободонлаштириш, объект номлари ёзилган белгиларни ўрнатиш, муҳофаза қилиш ва қайта таъмирлаш, уларнинг мухофаза ҳудудларини белгилаш, қайта рўйхатга олиш, кадастр рўйхатидан ўтказиш ишлари топширилганлигига қарамасдан, амалда қарор ижроси таъминланмаган.

Маданий мерос объектлари – умумий мулкимиз. Бу бебаҳо маънавий меросни асраб-авайлаб, келажак авлодларига бус-бутун етказиш учун барчамиз масъулмиз.

 

Ширин Янгибаева,

ЎзМТДП Амударё туман кенгаши раиси



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz