ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Қорақалпоғистон Республикаси


“Миллий тикланиш” ДП ташаббуси билан Қорақалпоғистонда маданий мерос муҳофазаси кучайтирилади 19.04.2019

“Миллий тикланиш” ДП ташаббуси билан Қорақалпоғистонда маданий мерос муҳофазаси кучайтирилади

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ва Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Маданият саройида “18 апрель – Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни” куни муносабати билан «Моддий маданий, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил қилинди.

Конференцияда “Миллий тикланиш” ДП Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқармаси, музейлар раҳбарлари, олий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари, археологлар, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.


Конференцияда “Миллий тикланиш” ДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Алишер Ҳамроев, фракция аъзоси Зумрад Бекатова, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ғайратдин Хожаниязовлар Ўзбекистон маданий-тарихий ёдгорликларининг сони жиҳатидан жаҳонда етакчи ўринларни эгаллаши, шу сабабдан жаҳон ҳамжамияти томонидан «Очиқ осмон остидаги музей» деб таъриф берилганини таъкидладилар.

Ўзининг кўп минг йиллик тарихига эга бўлган Ўзбекистон замини Буюк ипак йўли марказида жойлашган катта салоҳиятга эга туризм ўчоқлари бўлган археологик-тарихий ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектлари, ажойиб урф-одатлари ва анъаналарга бой, маънавият ва маърифат бешиги ҳисобланади ва кўплаб мутафаккирларни дунёга келтирган муқаддас замин сифатида машҳурдир.


Тажибай Романов,
“Миллий тикланиш” ДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси:

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, соҳа фаолиятини халқаро стандартлар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди. Тарихий ва маданий мерос объектларини тиклаш, мамлакатимиз туристик салоҳиятини такомиллаштиришга қаратилган амалий ишлар Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фаолиятида катта ўрин тутади. Чунки, партиямиз Сайловолди платформасида мавжуд маданий ёдгорликларни, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий жойлар, меъморий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори атиқалар сифатида асраб-авайлаш ва қайта таъмирлаш каби вазифалар белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, ўтган йилда партиямиз ва депутатлар томонидан Қорақалпоғистон Республикасидаги жами 291 та моддий маданий мерос объектлари ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, 291 та маданий мерос объектининг аксариятида кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида деярли барча шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. 2019 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 184 та маданий мерос объектлери кадастр рўйхатидан ўтказиш режалаштирилган.

 

Нағмет Айимбетов,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, Халқ депутатлари Мўйноқ туман Кенгашидаги “Миллий тикланиш” ДП гуруҳи аъзоси:

- Азалдан Оролбўйи халқлари дунё тарихи, тамаддуни, маданият ва маърифат тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келишган. Тарихий манбалар, археологик топилмалар бундан минг йиллар аввал ҳам бу ҳудудда ҳаёт, маданият, санъат гуллаб яшнаганини кўрсатади. Қорақалпоғистоннинг тарихи мамлакатимизнинг барча қадимий минтақаларининг тарихи каби жуда бой, хилма-хил ва қизиқарлидир. Бу заминни ўзига хос археологик топилмалар қўриқхонаси дейиш мумкин. Чунки, бу ерда кишининг диққатини тортадиган, ҳайратлантирадиган кўплаб археологик ёдгорликлар мавжудки, улар ўта ноёблиги ва мафтункорлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг археологлари Республикамиз ҳудудида халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихий археологик объектлерни, чет эл олимлари билан ҳамкорликда илмий археологик экспедицияларни ташкил қилиб келмоқда. Хусусан, Австралия давлат Сидней университети олимлари билан ҳамкорликда Беруний туманида «Ташқырман-тепе», «Ақшахан қала» ва «Свенд тобе» археологик объектларида, Қорақалпоқ давлат Университетининг илмий ходимлари томонидан Хўжайли туманидаги “Миздахкан” комплексида археологик изланишлар олиб борилди.


Кенес Каримов, 
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси:

 - “Миллий тикланиш” ДП мамлакатимизнинг халқаро ижобий имиджини шакллантиришда туризмни самарали восита деб билади ва уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Туризм Ўзбекистон халқининг ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этиш, бу бойликнинг жаҳон демократик ҳамжамияти томонидан умумбашарият тарихий меросининг ажралмас бир қисми сифатида тан олиниши йўлида самарали хизмат қилади, шунингдек, фуқароларни миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашда туризмнинг ўрни ва аҳамияти эътиборга лойиқ эканини тарғиб этади.

Туризм дам олиш, янги таассуротлар олиш билан бирга иқтисодиётнинг энг юқори даромадли соҳаларидан ҳисобланади.

Статистик маълумотлар бўйича, Қорақалпоғистонга келаётган сайёҳларнинг сони 2018 йилда 16 мингга яқинни ташкил қилди. 2019 йилнинг январь-март ойларида Қорақалпоғистон Республикасидаги меҳмонхона ва жойлаштириш ўринлари жами 1846 та чет элдан келган меҳмонларга хизмат кўрсатилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 91,7 фоизга ўсган. Сайёҳларинг асосий қисми Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия, Корея ва бошқа давлатларга тўғри келмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ҳудуднинг туристик салоҳиятини реклама қилиш мақсадида “Welcome to Karakalpakstan” видеоролиги, Нукус шаҳрининг сайёҳлик харитаси, экотуризм, этнотуризм ва археологик туризм йўналишлари бўйича рус ва инглиз тилларида буклетлер, презентация материаллари тайёрланди ва бепул тарқатилиши йўлга қўйилди. ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда karakalpakstan.travel сайти ишлаб чиқилмоқда.


Конференцияда маъруза қилганлар соҳага оид қабул қилинаётган Қарорлар, амалга оширилаётган ишлар, бартараф қилиниши лозим бўлган камчиликлар ҳамда галдаги вазифалар тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, Конференция доирасида мақолалар танлови эълон қилинган эди. Айни пайтда келиб тушган мақолалар орасидан энг яхшилари танлаб олиниб, нашрга тайёрланмоқда ва тез кунда ушбу мақолалар тўплами китоб ҳолида нашр қилинади.

Конференция сўнгида иштирокчилар учун Хўжайли туманидаги Миздахкан тарихий ёдгорликлар комплексига ҳамда Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимида жойлашган Жанубий Оролбўйи археология музейига саёҳат ташкил қилинди.

 

Мырзахмет Тажимуратов
ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши
етакчи мутахассиси



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz