ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Самарқанд вилояти


29.05.2019

“Ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келяпти"


ЎзМТДП Cамарқанд вилоят кенгаши раиси Зебинисо ШОДИЕВА билан суҳбат



— Маълумки, яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Cамарқанд вилоят кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган, унда партия вилоят кенгаши фаолияти танқидий-таҳлил қилиниб, партия етакчиси томонидан аниқ вазифалар белгиланган эди. Ўтган муддат давомида вилоят кенгаши фаолияти билан танишган бўлсангиз керак? Дастлабки хулосаларингиз қандай?


— Албатта. Энг аввало шуни айтмоқчиманки, ЎзМТДП менга бегона эмас. Ундан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутат сифатида партиянинг дастурий мақсадлари, сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифалардан хабардорман ва уларни ҳаётга татбиқ этишда ваколатим доирасида ҳаракат қиляпман.

Энди эса вилоят кенгаши фаолияти билан бевосита танишиш имконияти пайдо бўлди. Энг аввало, кенгайтирилган йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда фаолиятни таҳлил қилдик, уни янада жонлантириш, шу йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш бўйича вазифаларни белгилаб олдик.

Тан олиш керак, партия вилоят кенгаши фаолияти мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳот ва ўзгаришлар талаби даражасида эмас. Айрим туман кенгашлари иши ниҳоятда суст, тезкорлик етишмайди, эскича қараш ҳукмрон. Шунчаки кузатувчи бўлиб тургани етмагандек, Марказий кенгаш топшириқларини ҳам рисоладагидек бажармаган. Айрим туман кенгашлари партия дастурий мақсадлари, ғоясини тарғиб қилиш борасида қатор амалий тадбирлар ўтказган бўлса-да, фаолият доираси жуда тор. Олис қишлоқ, тоғли ҳудудларда тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил қилинмаган. Ўтказилганлари ҳам юзаки, шунчаки қоғозбозлик, статистика учун амалга оширилган.

Партия вилоят кенгашининг ёшлар билан ишлаш масаласида ҳам жиддий камчиликлар бор. “Хизмат — беминнат” лойиҳаси кун сайин оммалашаётган бир пайтда Пахтачи, Каттақўрғон туман кенгашларининг бу борадаги кўрсаткичи 2018 йилдагига қараганда кам. “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида эса вилоятнинг Каттақўрғон, Булунғур ва Оқдарё туман кенгашлари томонидан аҳоли муаммолари жиддий ўрганилмаган, уюшмаган ёшлар билан ишлаш кўнгилдагидек эмас.

 

— Самарқанд ҳақида гапирганда, унинг дунёга машҳур маданий меросига тўхталмасдан илож йўқ. Бугун Ўзбекистонга келган ҳеч бир сайёҳ бу тарихий шаҳарни зиёрат қилмасдан кетмайди. Бу йўналишда қандай ишлар амалга оширилган, йўл қўйилган хато ва камчиликлар нималардан иборат?  


— Дарҳақиқат, шаҳримиздаги бебаҳо маданий мерос билан нафақат самарқандликлар, балки бутун ўзбек халқи фахрланиши айни ҳақиқат. Аммо дунё сайёҳларини мафтун этаётган бундай объектларни асраб-авайлаш борасидаги ишларимиз ҳали талаб даражасида эмас.

Мамлакатимиздаги мавжуд моддий маданий мерос ёдгорликларни асраш, уларни реконструкция қилиш, консервациялаш, чегара ва муҳофаза ҳудудларини белгилаш, кадастр рўйхатидан ўтказиш масалаларига кўмаклашиш партиямиз олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Ўтган йилнинг сентябь-октябрь ойида партиядан сайланган депутат сифатида Самарқанд вилоятидаги тарихий иншоотларни хатловдан ўтказиш ишида фаол иштирок этдим. Аниқланган муаммо ва камчиликлар бўйича халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари сессияларига кўплаб масалалар киритилди, қарорлар қабул қилинди. Уларнинг айримлари ижро қилинган, қилиняпти. Бироқ ҳаммаси эмас. Сессиялар қарорларида белгиланган айрим вазифалар мутасадди идоралар, партия кенгаши ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари эътиборсизлиги сабаб, ижро этилмай қолиб кетмоқда.

Вилоятимизда сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, туристлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлиши, логистика билан боғлиқ хизматларни яхшилашга оид 20дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилган ва ЎзМТДП Марказий кенгашига тақдим этилган. Партиянинг сайловолди Платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўрта асрлар Шарқ аллома ва мутафаккирларининг тарихий меросини ўрганиш, улар томонидан амалга оширилган кашфиётлар замонавий илм-фан ва тараққиёт учун нақадар долзарб эканини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида тарихий мерос, миллий анъана, қадриятларимизга чуқур меҳр-ҳурмат уйғотиш мақсадида кўплаб амалий тадбирлар ўтказилган. Мисол учун, вилоят кенгаши “Маънавият масканига саёҳат” йўналиши бўйича мактаблар, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси ва халқаро илмий-тадқиқот марказига саёҳат уюштиришга бош-қош бўлган.

Умуман, биринчи чоракда партия вилоят кенгаши ва маҳаллий ташкилотлар томонидан жами 173 тадбир: ўқув-семинар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий учрашувлар ташкил қилинган. Уларда 11 мингдан ортиқ партия электорати, фаоллар иштирок этган.  

 

— Вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмалари фаолиятини қандай баҳолайсиз?

 

— Агар статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, бу йўналишдаги ишлар бир қарашда кўнгилдагидек таасурот қодиради. Яъни, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутатлик гуруҳи биринчи чоракда идора, ташкилот ва муассасаларга жами 11 депутатлик сўрови юборган. Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг бу борадаги кўрсаткичи 145 тани ташкил қилади. Аммо гап шундаки, бу жараёнда депутатлик сўровларининг долзарблигига эътибор қаратилмаган. Одамларнинг турмушини яхшилашга оид ҳал қилиниши лозим бўлган энг муҳим ижтимоий муаммолар қолиб, кундалик ҳаётимизда унчалик аҳамият касб этмайдиган масалалар киритилган.

Айрим депутатлик гуруҳлари масала киритишга киритгану, унинг натижаси билан қизиқмаган. Вақтида жавоб қайтарилишини назорат қилмаган...

 

— Юқорида талай камчилик ва муаммоларни санаб ўтдингиз. Уларга тезроқ ечим топиб, вилоят кенгаши ва ҳудудий ташкилотлар фаолиятини жонлантириш учун нималар қилиш керак, деб ҳисоблайсиз? Қандай режалар кўзда тутилаётир?

 

— Фаолиятида оқсоқлик кузатилган туман кенгашлари раислари билан алоҳида гаплашиб олдик, биринчи навбатда, зарур бўлган вазифаларни белгиладик, топшириқлар бердик. Агар қисқа вақт ичида фаолиятида ўзгариш бўлмаса, жойини бўшатиши лозимлиги ҳақида огоҳлантирдик.

Вилоят миқёсидаги давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлар билан алоқаларни янада кенгайтириш, улар билан ҳамкорлик Меморандуми имзолаш бўйича ишларни бошлаб юбордик. Чунки аҳолидан тушаётган мурожаатларни уларнинг ёрдамисиз тезда ҳал қилиш қийин. Қолаверса, партияга янги аъзоларни жалб қила олсак, яхши натижага эришамиз.

Яна бир синов палласи — сайлов арафасида турибмиз. Бунда, айниқса, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини жонлантириш лозим. Чунки, электорат манфаатини ҳимоя қилишда асосан уларнинг кучига таянамиз. Улар орасидан партиявий лавозимларга муносиб номзодларни саралашимиз керак.

Ғалвирни сувдан кўтариш вақти тобора яқинлашяпти. Партиядан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар орасида номигагина фаолият кўрсатиб, масъулиятни тўла ҳис қилмаётган депутатлар ҳам бор. Уларнинг номзодини бўлажак сайловда илгари суриш ёки сурмаслик ҳақида ҳозирдан жиддий бош қотиришимиз зарур. Бундай фаолиятсиз депутатларга энди орамизда жой бўлмаслиги керак. Чунки халқ вакиллари зиммасига бугунги кунда жуда катта масъулият юкланган.

Аксинча, партиянинг “Уйма-уй”, “Хизмат — беминнат”, “Депутат билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида маҳаллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг муаммоларига ечим излаётган, амалга оширилаётган ислоҳотларда ўзининг ташаббускор ғоя ва таклифлари билан фаол қатнашаётган депутатларни қўллаб-қувватлашимиз зарур. Энг муҳими, мамлакат, халқ тақдири учун масъ­улият ва дахлдорлик туйғусини ҳис қилган раҳбар одамларнинг ўтаётган ҳар бир кунидан рози бўлиб яшаши, уларнинг эртанги фаровон кунимизга бўлган ишончини янада ошириш учун тиним билмай ишлаши, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ишлаганда ҳам ўзини қийнаб ишлаши лозим. Шундагина ишимизда унум бўлади, кўзлаган мақсадларга тезроқ эришамиз.



“Milliy tiklanish”мухбири
Равшан МАҲМУДОВ суҳбатлашди



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz