ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Самарқанд вилояти


26.09.2019

Тўйлар ким ўзаргами ёки яхши ниятга?

 

Тўй - бу ҳар бир миллатнинг, халқнинг ўзига хос миллий урф-одатлари, қадриятларини ифода этадиган муҳим тадбир ҳисобланади. Айниқса бизнинг орзу-ҳавасли халқимиз тўйни ўзига хос тарзда, эсда қоларли қилиб нишонлашни истайди. Шу боис сўнгги йилларда тўйларда ортиқча дабдабабозлик, ким ўзарлик ҳолатлари кузатилиб, миллий қадриятларимизга, урф-одат ва анъаналаримизга зид бўлган маросимларнинг пайдо бўлаётгани кўплаб муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бунга биргина мисол қилиб “куёв салом” маросимини келтириш мумкин. Бизнинг халқимизга мутлоқа ёт бўлган урф-одат. Йигитларимиз шаънини, ғурурини топтайдиган маросим.

Шу боис мамлакатимизда бу каби салбий иллатларга қарши курашиш, туй ва маросимларимизни ихчамлаштириш юзасидан муайян ишлар қилинмоқда. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари томонидан жорий йилнинг 14 сентябрь куни “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” қабул қилинган қарор шу муҳим масалага қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Қарорга мувофиқ оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди. Дафн этиш маросими бундан мустасно. Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланиши мумкин.

Оилавий тадбирларда иштирокчилар сони 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача, қўшалоқ тўй-ҳашамларда меҳмонлар сони 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 кишигача этиб белгилангани ортиқча исрофгарчилик, дабдабабозликнинг олдини олади.

Яна бир жиҳати қарорда тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Бу эса жамиятимизда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, халқимизнинг масъулиятини ошириш, лоқайдлик ҳиссини камайтиришда муҳим омил бўлади.

Шунингдек, никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат этилмаслиги бугун шаҳар кўчаларида содир бўлаётган тартибсизликлар ҳамда йўл транспорт ҳодисаларини олдини олишга хизмат қилади.

Ушбу қарор лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни чеклайди, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни («келин навкари», «чорлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» ва ҳоказоларни) ўтказишни таъқиқлайди.

Айни кунда ўз-ўзидан “Сендан мен камми” қабилида иш юритувчи, халқимиз орасида кўплаб норозичилик уйғотаётган айрим кимсалар ўйлаб топган бўлмағур дабдабабозликка барҳам берилади. Икки ёшнинг бахтини оддий бир кийим-кечак, дастурхоннинг айтиб бўлмас даражада тўкин-сочинлиги, ёхуд келиннинг куёв уйига олиб бораётган мебели-ю сарполари билан белгилаб бераётган айрим қуда-андалар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликлар барҳам топиб, ёш оилалар мустаҳкамлиги таъминланади.

Тўйларда кийиниш одобига риоя қилмаётганлигимиз ҳам бизнинг энг катта хатоимиздир. Енги калта, елкаси кўкрагигача очиқ тўй либосидаги келиннинг ҳатти – ҳаракатлари ҳам миллийлигимизга путур етказаётганимизни билдирмайдими?! Холбуки, узатилаётган қизлар Европа либосларидан халос бўлиб, ўзбек миллий либосларидан фойдаланишлари учун маҳаллаларда тушунтириш ишларини олиб бориш зарур. Кейинги пайтларда қизларимиз тўйларда “европача” келинлик либосини кийишни одат қилишган. Ярим очиқ либосда даврага кириб келган келинчакларимиз ёш авлодга ибо – ҳаё борасида наъмуна бўла оладими?! Никоҳ кечасидан олдин ёшлар сайлида ёшларимизнинг замонавий автомобилларда ўзини кўз кўз этиб, баъзан йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузиб “сайр этиши” ҳам манманликдан бошқа нарса эмас.

Бу каби муаммоларнинг кўпайиб бораётганини ўзлигимиз ва миллий урф – одатларимиздан узоқлашаётганимиз, дабдабабозлик ва шуҳратпарастлик ортидан қувиб бораётганимиз билан изоҳлаш мумкин. Бундай иллатларга бугун барчамиз бирдек қарши курашмасак, эртага аттанг деб қолишимиз ҳеч гапмас.

       


Дилбар Муқумова,
ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши
девони етакчи мутахассиси



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz