ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Самарқанд вилояти


Ургутдаги обод қадамжолар, хароб тепаликлар ўрганилди 17.10.2018

Ургутдаги обод қадамжолар, хароб тепаликлар ўрганилди

Ўзбекистон табиати ниҳоятда хилма-хил. Миллий бойлигимизнинг ажралмас қисми бўлган бу хилма-хиллик аждодларимиз томонидан бизга қолдирилган бебаҳо меросдир. Бугун зиммамизда ушбу бойликларни келажак авлодларга бус-бутун, барқарор кўринишда қолдиришдек масъулиятли вазифа турибди. Маданий мерос объектларини инвентаризация қилиш ва уларнинг бугунги ҳолатини ўрганиш бўйича тузилган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши ишчи гуруҳи бу гал бетакрор манзараси билан одамларни ўзига мафтун этиб келаётган Ургут туманидаги “Чорчинор” зиёратгоҳида бўлишди.

Маданий мерос объекти сифатида рўйхатга киритилган ушбу зиёратгоҳда бир нечта қабрлар, 121 та чинор дарахти, 1 та масжид ва 1 та чашма мавжуд. Ёши 1000 йилдан ошган чинор дарахтларининг 37 таси давлат муҳофазасига олинган. Зиёратгоҳ ҳудуди ободонлаштирилган ҳамда бугун ораста ҳолда сақлаб келинаётир.

Зиёратчиларнинг кўнгилдагидек дам олишлари, ҳордиқ чиқаришлари учун бу ерда барча шароитлар яратилган. 2017 йилда ҳомийлар маблағи ҳисобидан замонавий айвон қурилиб, фойдаланишга топширилди. Зиёратгоҳ мудири Ахмаджон Қиёмовнинг таъкидлашича, зиёратгоҳда кўз очган чашма суви шифобахш бўлиб ошқозон, буқоқ, юрак қон томир касалликларига даво экан. Муҳими, чашма суви қишда илиқ, ёзда совуқ бўлиб, бир меъёрда оқиб тураркан. Қурғоқчилик йилларида бошқа булоқларда сув сатҳи камайиши кузатилган бўлсада, бу чашмада шундай ҳолат сезилмаган экан.

Ишчи гуруҳининг кейинги манзили Ғус қишлоғидаги Ғавсули Аъзам зиёратгоҳи бўлди. Тасаввуфдаги “Қодирия” тариқатининг асосчиси ҳисобланган Ғавсули Аъзам Абу Муҳаммад Мухийиддин Саййид Абдулқодир Гилоний ҳазратлари 1079 йилда Эроннинг Гилон вилоятида таваллуд топади ва 1166 йилда Авғонистоннинг Боғдодида вафот этади. Валийлик мартабасига эришган Абдулқодир Гилоний 16 ёшида Боғдодга бориб ўз даврининг буюк алломаларидан сабоқ олади. Сўнгра ўзи Боғдод мадрасаларида мударрислик қилади, ўз ҳисобидан мадраса қурдириб, талабаларга ўнта фандан сабоқ беради. Зиёратгоҳ раҳбари Абдувоҳид Эсоновнинг маълум қилишича, бу зот  туғилгандан то вафот этгунларига қадар ер юзида бирор маротаба уруш бўлмаган, табиий офатлар кузатилмаган экан. Ғўс қишлоғидаги қабр Ғавсули Аъзамнинг рамзий қабри ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида зиёратгоҳда кенг кўламда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, кўркам масканга айлантирилган. Унинг ҳудудида зиёратчиларнинг дам олиши ва ҳордиқ чиқаришлари учун махсус айвонлар, меҳмонхона барпо этилган. Ўй музейи фаолият кўрсатмоқда.

Работтепа.jpg

Қадамжоларда олиб борилган ишлар ва уларнинг бугунги ҳолати билан яқиндан танишган ишчи гурухи шундан сўнг Ургут туманидаги археологик объектлар яъни тепаликларнинг ҳақиқий аҳволи билан ҳам қизиқди. Афсуски, ўтмишдан гувоҳлик берувчи, аждодларимизнинг турмуш тарзи ҳақида сўзловчи тепаликларнинг сақланиш ҳолатини яхши деб бўлмайди. Масалан, “Равот” маҳалласи ҳудудидаги Работтепа ёдгорлиги VII асрга тегишли бўлиб, маданий мерос объектлари рўйҳатига киритилган. 2017 йилда археолиглар томонидан бу ерда қазишма ишлари олиб борилиб, 3 та хона очилган. Уларнинг қурилишида пахса ва хом ғиштлардан фойдаланилган. Бунда пахса блокларидан хона деворлари кўтарилган бўлса, том қисми эса хом ғиштлар ёрдамида ёпилган. Хоналарнинг томи Марказий Осиё қурилиш маданиятида урф бўлган аркасимон шаклда ёпилган. Бу тепаликда топилган хоналарни тамоша қилган киши ўша даврда қўлланилган  меъморчилик усули ва биноларни барпо этишда фойдаланилган қурилиши материаллари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлади.

Қўшимча тепалик.jpg

Ишчи гуруҳ ҳудуддаги тепаликларнинг ҳолатини кўздан кечирибгина қолмасдан янги археологик объектларни топишга ҳам муваффақ бўлмоқда. Шулардан бири “Тўрткўл” маҳалласи Қорачекман қишлоғидаги тепалик бўлди. Ишчи гуруҳи тепаликни ўрганиш давомида қандайдир бино деворлари мавжудлигини аниқлашди ҳамда археология институти ходимларига бу ҳақда хабар етказишди.  Айни пайтда ишчи гуруҳи томонидан қўшимча маданий мерос объекти сифатида руйҳатга олинган ушбу тепалик археолиглар томонидан атрофлича ўрганилмоқда.

Ишчи гуруҳи ўрганишлари давом этмоқда.         

          

ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши Матбуот хизмати

 

        

             

 



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz