ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Самарқанд вилояти


ЎзМТДП “Аёллар қаноти” хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга интилмоқда 04.07.2019

ЎзМТДП “Аёллар қаноти” хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга интилмоқда


Бугун юртимизда хотин-қизларга давлатимиз ва Президентимиз томонидан юксак эътибор қаратилиб, чексиз ғамхўрликлар кўрсатилмоқда. Бу борада қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш, оиладаги ва жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари “Аёллар қаноти” томонидан ҳам бу жараёнда кечаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ЎзМТДП дастури ва сайловолди Платформасида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, юксак билим ҳамда тафаккурга эга бўлган хотин-қизларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва рўёбга чиқариш, сиёсий етук аёллар ҳисобига партиянинг кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, сиёсий онги ва маданиятини янада ошириш мақсадида турли ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари, кўрик-танловлар ўтказилиб келинмоқда.

Айниқса, ЎзМТДП ташаббуси билан “Донолик ва ташаббускорлик-сиёсий етакчилик мезони” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “XXI аср аёли” Республика кўрик танловининг Самарқанд вилоят ҳамда унинг туман, шаҳар босқичлари бу йил ҳар қачонгидан ҳам уюшқоқлик билан ўтди. Хотин-қизларнинг етакчилик қобилиятини шакллантириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларга ечим топиш мақсадида ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган бу танлов аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишда беқиёс ўрин тутаяпти. Эътирофлиси, жорий йилда ўз атрофига 2000 нафардан зиёд иштирокчиларни жамлаган ушбу танлов партиянинг дастурий мақсад-вазифаларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳамда партия хайрихоҳлари сонининг ортишига хизмат қилмоқда.

ЎзМТДП Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари “Аёллар қаноти” томонидан “Хизмат – беминнат” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Устоз-шогирд” ҳунармандчилик ўқув курслари бугун кўплаб уюшмаган ёшлар ва хотин-қизларни ўз атрофига жамлаб, иқтидор ва қобилиятларини намоён этишларида, касб-ҳунар эгаллашларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирги кунда барча шаҳар ва туманларда ташкил этилган 23 та бепул ўқув курсларида (1 ойлик, 3 ойлик, 6 ойлик ҳамда 1 йиллик муддатларда) жами 59 нафар хотин-қизлар ўз устозларидан тикувчилик, тўқувчилик, матога гул босиш, каштачилик, зардўзлик, кўрпадўзлик, гиламдўзлик, миллий қўғирчоқлар ясаш, заргарлик, автотех хизмати, пазандачилик, карвинг, қандолатчилик, ширапазлик, аёллар сартарошлиги, дизайнерлик, қандолатчилик каби касб-ҳунар сирларини ўрганмоқдалар.

Жойларда кузатилаётган мавжуд муаммоларни тизимли таҳлил этиш ва аҳолига амалий ёрдам бериш мақсадида “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари “Аёллар қаноти” томонидан жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ЎзМТДПдан сайланган депутатлардан иборат тузилган Ишчи гуруҳи аъзолари жами 281  та хонадонларга ташриф буюриб, хотин-қизларга тааллуқли 227 та муаммоли масалаларни аниқлади ва аксариятини жойида ижобий ҳал этди.

“Депутат билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида “Аёллар қаноти” ташаббуси билан туман ва шаҳарларда аҳоли билан ташкил этилган учрашувлар ҳам мазмун-мохиятига кўра алоҳида ахамият касб этди. Уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзолари Алишер Хамраев, Азамат Пардаев, Сиддиқ Намозов, Шерзод Тўхташев ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларидаги депутатлар иштирок этиб аҳоли билан очиқ мулоқотлар олиб боришди.

Депутатлар билан кечган учрашув ва мулоқотларда аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий, уй-жой, ер, соғлиқни сақлаш, банк кредит, иш ҳақи, нафақа ва пенсия ва бошқа масалалар юзасидан жами 80 та мурожаатлар тингланди. Қабул қилинган мазкур мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилот, идора ва муассасаларга 22 та депутатлик сўровлари юборилди, 24 та мурожаат юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди, 34 та мурожаат эса жойида ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари ЎзМТДП Самарқанд вилоят, туман, шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан “Кўмак” ҳуқуқий тарғибот гуруҳи, Ёшлар иттифоқи аъзолари ҳамкорлигида қутлуғ саналар, байрамлар арафасида кўпгина тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларда “Тарихдан садо бергувчи обод гўшалар” лойиҳаси доирасида “Юртим тарихини ўрганаман” ёшлар акцияси ўтказилди. Акция давомида тадбир иштирокчилари белгиланган манзилларда ҳашар йўли билан ободончилик ишларини олиб боришиб, ҳудудларни тоза-ораста ҳолатга келтиришди.

Хуллас, ЎзМТДП Самарқанд вилоят, туман, шаҳар кенгашлари “Аёллар қаноти” томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, хайрли ташаббуслар хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга, мавжуд муаммоларни бартараф этишга, ҳудудларнинг ободлигини таъминлашга, аҳоли турмуш фаравонлигини юксалтиришга хизмат қилаётганлиги билан муҳим аҳамият касб этмоқда.  

        

Дилбар Муқумова,
ЎзМТДП Самарканд вилоят кенгаши
девони етакчи мутахассиси

 

 



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz