ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Сурхондарё вилояти


Аждодлардан қолган маданий мерос объектларини ўрганиш — кечиктириб бўлмас вазифа 24.10.2018

Аждодлардан қолган маданий мерос объектларини ўрганиш — кечиктириб бўлмас вазифа

Сурхондарё вилоятида жами 500дан зиёд маданий мерос объекти мавжуд. Уларнинг 400га яқини археологик ёдгорликлар, 30 таси архитектура, 40 таси монументал санъат ёдгорлиги ва 30дан зиёди диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.

Вилоятда фахрланишга арзигулик, ўзида минг йиллик тарихни мужассам этган Бақтрия, Тоҳарис­тон, Чағониён каби илк шаҳарсозлик ва давлатчилик асослари шаклланган тарихий масканлар мавжуд. Ушбу маълумотлар Тешиктош, Зараутсой, Сополлитепа, Жарқўтон, Қизилча,
Кучуктепа, Холчаён, Фаёзтепа ва Далварзинтепа каби ёдгорликларда олиб борилган археологик қазилма ишлари давомида аниқланган.

ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши жойларда моддий маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация ва муҳофаза қилиш, уларнинг ҳозирги кундаги ҳолатини ўрганиш мақсадида тузган ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Термиз туманидаги Қирққиз қалъаси бўлди.

Мазкур қалъа ўз даврида шаҳар ташқарисидаги қўрғон вазифасини ўтаган. У Термиз деворининг шимоли-шарқида, IХ асрда Шаҳри Сомон деб номланган шаҳарда бунёд этилган. Сарой тўридаги бу қадимий йирик қўрғон катта мулк эгасининг қароргоҳи бўлган.

Ўрганишлар Қирққиз айни пайтда хароб аҳволга келиб қолганлигини кўрсатди. Деворларининг емирилиши қалъанинг асл ҳолати йўқолиши, бўлакларга бўлиниб кетишига сабаб бўлган. Минг афсуски, бу ҳолат ҳалигача давом этмоқда. Уни реставрация қилиш, ободонлаштириш долзарб вазифа бўлиб қолаётир.

Жарқўрғон туманидаги маданий мерос объектлари билан танишилганда, уларнинг аксарияти тепаликлардан иборатлиги маълум бўлди. Ўрганишлар жараёнида айрим тепаликлар аҳоли яшайдиган ҳовли ичида қолиб кетгани, атрофига тўсиқлар ўрнатилмагани маҳаллий аҳоли уларни ўзлаштириш даражасигача бориб етгани аниқланди. Ваҳоланки, тепаликларда ҳамон турли даврга оид кулолчилик намуналарини, рўзғорда ишлатиладиган анжомларнинг қолдиқларини учратиш мумкин.

Тумандаги “Порлоқ юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Арпапоя тепалигида бўлганимизда ҳам юқоридаги каби манзарага дуч келдик. Кушон даврига оид ушбу ёдгорлик ўз бағрида қандай тарих сир-синоатини мужассам этганлиги ҳали тўла ўрганилмаган. Ҳатто ундан топилган катта хумнинг бўлаги объект атрофида жойлашган хонадонда ҳозирга қадар сақлаб келинмоқда. Тепалик қисман таъмирланган бўлишига қарамай, ҳозирги кунда унинг деворлари емирилиб кетган. Маҳаллий аҳоли баҳор-ёз ойларида ушбу тепаликдан чорва учун яйлов сифатида фойдаланиб келаётир. Уни давлат муҳофазасига олиш, чегара ҳудудларини аниқлаш юзасидан мутасадди ташкилотларга мурожаатлар юборилмоқда.

Дарҳақиқат, буюк аждодларимиз яратган илмий кашфиётлар, қадимий давлатчилик ҳамда миллий қадриятларни ўзида мужассам этган моддий-маданий мерос объектларини ўрганиш, тадқиқ этиш, келажак авлодларга безавол етказиш кечиктириб бўлмас вазифалардандир. Қолаверса, бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир. Зеро, азалий эзгу қадриятларни давом эттириш, бой маънавий-маданий меросимизни теран ўрганиш ва англаб етиш юртимизнинг янада равнақ топиши, туризм ривожи учун ҳам катта имкониятлар эшигини очади.


Наргиза ШАЙДУЛЛАЕВА,
ЎЗМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши етакчи мутахассиси


 



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz