ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Сурхондарё вилояти


11.11.2018

Бахшичилик — халқ оғзаки ижодининг дурдонаси


Миллий бахшичилик ва достончилик санъати халқ оғзаки ижодининг энг гўзал намуналаридан бири саналади. Сурхон воҳасида бахшичилик санъати қадимдан кенг тарқалган бўлиб, Шеробод, Бойсун достончилик мактаблари шаклланган. Вилоятимизда “Алпомиш” достони яратилганининг минг йиллиги кенг нишонланиб, ватанимизда “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони таъсис этилгани, Термиз шаҳрида бахшилар мактаби ташкил этилгани, жорий йилда Олтинсой туманида бахши-шоир, оқин ва жировларнинг республика фестивали ўтказилгани ҳам мазкур соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор намунаси ҳисобланади.

Бахшилар терма, қўшиқ ва достонларни сақловчи, ёддан куйловчи, уларни авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор сирасига киради. Улар репертуаридан она юртга садоқат, муҳаббат, дўстликни тараннум этувчи хилма-хил мазмундаги достон ва бошқа халқ оғзаки ижоди намуналари ўрин олган. Уларда халқ турмуш тарзи, маданияти ва тарихи акс этган. Шу боис бахшичилик санъатини кенг ривожлантириш миллатнинг ўзлигини англаши, унинг ўзига хос миллий қадриятлари ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда бебаҳо манба ҳисобланади. Президентимизнинг шу йил 1 ноябрда қабул қилган “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори ана шу бебаҳо санъатни янада ривож­лантириш, кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Қарорга мувофиқ, Термиз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш, унинг биринчиси 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари бўлиб ўтиши белгилангани бахшилар, маданият ва санъат намояндалари, ижодкорлар, айниқса, Сурхон аҳли учун ажойиб хушхабар бўлди. Мазкур тадбирни ўтказишгача вилоятимиз, хусусан, Термиз шаҳрида кенг миқёсда ободонлаштириш  ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. Унга тайёргарлик жараёнида ижодкор-зиёлилар, ёшлар муносиб улуш қўшиш ниятида. Бу жараёнда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши, маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатлар, партия вакиллари ҳам фаол иштирок этади. Зеро, партия сайловолди Платформасида  Ўзбекис­тон халқининг маданияти ва санъати ютуқларини халқаро майдонда кенг миқёсда тарғиб этиш, миллий урф-одатларни асраб-авайлашга кўмаклашиш устувор мақсад-вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда янада кенгайтиришга хизмат қилади.


Сайфулла ТУРСУНОВ,
халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz