ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Сурхондарё вилояти


Cаййид оталиқ мадрасаси  ҳамон қаровсиз (фото) 15.05.2019

Cаййид оталиқ мадрасаси ҳамон қаровсиз (фото)


"Milliy tiklanish" газетасининг 2018 йилги 26 сентябрь сонида “Фотоайбнома” рукни остида “Саййид оталиқ мад­расаси эътиборга муҳтож” сарлавҳали материал эълон қилинган эди. Унда Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги Саййид оталиқ мадрасаси (XVI асрда бунёд этилган) бугунги кунда аянчли ҳолатга келиб қолгани, меъморий ёдгорлик ҳовлисидаги тартибсизлик, ён-атроф­даги ёқимсиз манзаралар, биринчи қаватидаги мадраса ҳужраларидан асосан омборхона, ошхона ва ётоқхона сифатида фойдаланилаётгани танқид қилинган, таҳририят ушбу мавзуга яна қайтиши билдирилган эди.

Мадрасанинг бугунги ҳолатини кўриб, азалдан илм-фан ва маданиятнинг йирик марказларидан бири бўлиб келган Деновда моддий-маданий мерос объектларига муносабат наҳотки шундай бўлса, деб ишонгингиз келмайди. Хожа Алоуддин Атторнинг фарзандлари-ю набиралари 26 йил давомида барпо қилган ушбу мадраса шундай абгор аҳволга тушганини наҳотки, туман мутасаддилари, маҳаллий Кенгаш депутатлари кўрмаган ё билмаган бўлса?!

photo_2019-05-15_12-39-10.jpg

“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколат доирасида ўз ҳудудларида жойлашган маданий мерос объектларини ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, асраши, умуман, бу борадаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлаши лозимлиги белгилаб қўйилган. Лекин,  таъбир жоиз бўлса, тилсиз-забонсиз Саййид оталиқ мадрасаси ҳамон “менга ҳам кимдир эътибор қаратармикан” деб кутиб тургандай. Эски ҳаммом, эски тос деганларидек, мадрасадаги аҳвол кун сайин ёмонлашса-ёмонлашаяптики, яхши томонга ўзгаргани йўқ.

photo_2019-05-15_12-38-59.jpg

Ҳолбуки, 2017 йилнинг 28 июнида халқ депутатлари Денов туман Кенгаши сессиясига ЎзМТДП гуруҳи томонидан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг тумандаги ижросини тўлиқ ва самарали таъминлаш мақсадида ҳудуддаги мавжуд тарихий иншоотларни таъмирлаш, ободонлаштириш, уларни ички ва ташқи туризм ривожига ҳисса қўшадиган масканга айлантириш масаласи киритилган. Қизғин муҳокамадан сўнг ушбу масала бир овоздан маъқулланган, сессия бу ҳақда қарор қабул қилган, бир қатор вазифалар белгилаб олинган эди.

photo_2019-05-15_12-39-04.jpg

Ҳайратланарлиси, орадан қарийб икки йил ўтаётган бўлса-да, Денов тумани мутасаддилари сессия қарори ижросини ҳамон таъминламаяпти. Фақат кўзбўямачилик ёки ҳисобот учун қабул қининган бундай қарор кимга ва нимага керак? Бу билан кимни алдаяпмиз?

photo_2019-05-15_12-39-06.jpg

“Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ташкил этилди. Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш каби муҳим йўналишлар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

photo_2019-05-15_12-39-02.jpg

Ҳайрон қоламиз, наҳот Денов тумани мутасаддилари, Сурхондарё вилоятидаги тегишли идоралар давлатимиз раҳбарининг мазкур қароридан бехабар бўлса?! Маданият вазирлиги-чи?



Равшан МАҲМУДОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири 



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz