ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Сурхондарё вилояти


Далварзинтепа ва Кампиртепа ёдгорликлари консервация қилинади ва музейга айлантирилади 22.12.2018

Далварзинтепа ва Кампиртепа ёдгорликлари консервация қилинади ва музейга айлантирилади

Ўзлигини унутмаган халқ, миллат мангуликка дахлдор. Зеро, аждодлар ўгити улар босиб ўтган йўл авлодларни тўғри йўлни танлай билиши ҳамда ана шу йўлдан юришида маёқ вазифасини ўтайди. Шунингдек, яна бир муҳим жиҳат борки, ота-боболарининг илму-заковати, иқтидори ҳамда маҳоратини ўз кўзи билан кўриб, улар қаламига мансуб асарларни ўқиб камолга етаётган авлодларда ўз халқи ўтмиши билан фахрланиш туйғуси шаклланади ва улар аждодларга муносиб ворис бўлишга интиладилар.

Шуни фахр билан айта оламизки, бизнинг юрт, улуғ олиму уламоларга қайси соҳани олиб қараманг, ўз даврининг билимдони саналган даҳоларга бешик бўлган. Улар меросини ўрганиш, қўллари билан бунёд этилган маҳобатли биноларни кўриш нақадар завқли ва мароқли. Шундай экан, моддий ва маданий меросимизни ўз ҳолича сақлаш, таъмирлаш ва бугун ўзимиз туйган завқни келгуси авлодларга етказиш олдимизда турган муҳим вазифалар сирасига киради.

Тан олиб айтишимиз керак, ҳали бу борада қилиниши керак бўлган ишларимиз талайгина. Гапнинг индаллосини айтганда, мамлакатимиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларининг бир қисми сизу бизнинг эътиборимизга муҳтож. Асрлар синовига сабр билан бардош бериб, давримизгача етиб келган бобо тарихнинг кўзимиз билан кўришимиз мумкин бўлган бу неъматларини бугун асрай олмасак, эртага уларнинг ўзи ҳам тарихга айланиши турган гап.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Сурхондарё вилоятида ана шундай тарихий объектлар сони 507 тани ташкил этиб, уларнинг 396 таси археологик, 34 таси архитектура объектлари, 39 таси монументал санъат ёдгорликлари, 35 таси эса, диққатга сазовор жойлардир. Ачинарлиси, эътиборсизлик эвазига 3 та археолгия объектлари йўқолиб кетган. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари ва депутатлари томонидан олиб борилган ўрганиш давомида ушбу ёдгорликларнинг аксарияти қаровсиз ва таъмирталаб ҳолатда эканлиги маълум бўлди.

Қизиғи шундаки, ушбу тарихий мерослар давлат муҳофазасига олинган бўлсада, аксариятида шу кеча кундузда уларни асраб қолиш, табиий ва техноген таъсирлардан сақлаш ҳамда турист ва сайёҳлар учун шароит яратиш масаласига деярли эътибор қаратилмаган. Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 19 декабрда қабул қилинган “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўз вақтида қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди.

Зеро, эндиликда ушбу қарор самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ва ҳудудларда департаментнинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади. Бир сўз билан айтганда, бу билан моддий маданий мерос ва бойликларнинг мавжудларини муҳофаза қилиш, янгиларини излаш, тадқиқ этишнинг аниқ ва ишончли тизими яратилди.

Шунингдек, қарорда моддий маданий мерос объектларининг ноёблигини сақлаш учун фан ва инновацион технология ютуқларидан самарали фойдаланган ҳолда реставрация-тиклаш ишларини олиб бориш, уларни илмий ўрганиш акс этгани, барча воҳа аҳли қаторида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши фаолларини ҳам қувонтирди.

Хусусан, 2019-2021 йилларда вилоятимиздаги Работ-1, Работ-2, Эски Термиз, Зартепа, Бургуттепа ва Будрач ёдгорликларида илмий-тадқиқот ва археологик қидирув ишларини олиб бориш назарда тутилган бўлиб, бунинг натижасида яна тарихнинг қанчадан-қанча сир-синоатларини очишга эришилади. Шу йиллар давомида вилоятдаги Далварзинтепа ва Кампиртепа ёдгорликларини консервациялаш ва музейлаштириш ишлари олиб борилади.

Президентимиз қарорида белгилаб берилган вазифалар, унда акс этган давр ҳақиқати, бой ўтмишимизнинг ҳали мавҳум бўлган сирларини очиш, ўрганилган меросимизни асраб-авайлаш ва бу борада олдимизда турган вазифалар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Қисқа қилиб айтганда бутун юртимизда бўлгани каби яқин йилларда Сурхон воҳасининг бой ўтмишидан дарак берувчи моддий маданий мерослар дунёга юз очади ва бунда барча мутасаддилар қаторида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгашининг муносиб ўрни бўлади.

Баҳодир Худойқулов,
ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz