ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Сурхондарё вилояти


Сурхондарёда тиббиёт соҳасида қандай муаммолар мавжуд? 09.01.2019

Сурхондарёда тиббиёт соҳасида қандай муаммолар мавжуд?


Халқимизда “Саломатлик - туман бойлик” деган ибратли нақл бор. Дарҳақиқат, фуқароларнинг соғломлиги уларнинг ақлий ва жисмоний меҳнатда фаол бўлишларига имконият яратиб, жамият ривожи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшишларига замин яратади. Бугун юртимизда тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу сайъ-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашларига қаратилган десак муболаға бўлмайди. Бу борадаги ишлардан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят фаоллари ҳам четда туришгани йўқ. Партия фаоллари, депутатлар доимий равишда шифо маканларида бўлиб, одамларни ўйлантираётган муаммолар, шифохоналарда беморлар ва шифокорлар учун яратилган шароит ҳамда имкониятлар билан яқиндан танишмоқдалар.

Жамоатчилик тартибида олиб борилган ўрганиш ишлари давомида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан маҳаллий ижро ҳокимияти органларига таклифлар киритиб борилаяпти. Шу каби учрашувларда партиямиз фаоллари томонидан иштирокчиларга Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси дастур ва ғоялари ҳақида ҳам кенг маълумот берилмоқдаки, бу ўз-ўзидан сафдошларимиз сафи кенгайишида муҳим омил бўлмоқда.

ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашиги партия гуруҳи аъзолари аҳолининг соғлиғини яхшилаш, уларга кўрсатилаётган тиббий хизматни янада такомиллаштириш, шунингдек уларга сифатли ва арзон нархларда дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳолати ўрганилганда бир қатор ижобий натижалар кўзга ташланди. Инвестиция дастури доирасида 2018 йилда 17 та объектда 59,0 млрд.сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 4 таси фойдаланишга топширилган ва 13 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари ўз муддатида якунланиши кўзда тутилган.

Жумладан, 2018 йил сентябрь ойида Денов туманида 2-сон перинатал маркази очилиб, ишга туширилди. Жорий йилнинг январь ойида вилоят перинатал маркази янги бинога кўчирилиб, ишга туширилади. Туман туғруқ комплексларидан Ангор, Узун, Сариосиё, Музробод, Қизириқ, Бойсун туманлари Давлат инвестиция дастури доирасида реконструкция қилинди. Вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ҳамда Жарқурғон, Қумқурғон туман туғруқхоналарида совуқ ва иссиқ сув, электр энергияси ва канализация ҳолатидан муаммолар бартараф этилган. Бироқ, бу барча туғруқ коплекслари талаб даражасида дегани эмас. Масалан, Термиз ва Олтинсой туманлари туғруқ бўлимида иситиш тизимини таъмирталаб, Шурчи ва Шеробод туғруқ комплекси жорий таъмирга муҳтож. Термиз ШТБ туғруқ комплекси 2018-2019 йилларда инвестиция дастури асосида янгидан қурилиш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббий муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида 2017-2018 йиллар давомида 2,1 млн АҚШ доллари “Саломатлик 3” лойиҳаси ва вилоят ҳокими биланҳхамкорликдан 4,2 млрд сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ногиронларга (болалар, уруш қатнашчилари, фахрийлар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламлари)   реабилитация техник воситалари олиб бериш учун 2018 йил жами 1 530 000,0 минг сумлик маблағ ажратилди. Шундан 1146 дона ногиронлик аравачаси, 154 донна эшитиш мосламаси тарқатилди.

Бугунги кунда “Сурхон Дори-Дармон” МЧЖ билан давлат-хусусий шериклик асосида шаҳар ва туман марказларида 14 та, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 79 та, қишлоқ врачлик пунктларида 18 та, туман тиббиёт бирлашмаларида 21 та ижтимоий дорихоналар фаолият юритмоқда. Ижтимоий дорихоналар ҳафтанинг 6 куни давомида эрталаб coaт 8:00 дан 20:00 га қадар ишлаши ташкил килиниб, МЧЖнинг “Кўчма дорихона” хизмати учун ажратилган 10 та “Дамас” автомашиналари олис ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказиб берилмоқда.

Вилоят ҳудудида жами 541 та хусусий дорихона ва уларнинг филиалларига фаолият кўрсатишлари учун лицензия расмийлаштирилди. Вилоят перинатал марказида 16 412,3 млн сўмлик 95 % таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, марказнинг 5 та туманларда ташкил этилган перинатал бўлимларини тиббий аппаратлар билан жиҳозлаш бўйича 4 дона интенсив терапия учун болалар инкубатори, 2 дона неонатал вентилятор, 4 дона неонатал монитор, 1 дона транспорт инкубатор ва 4 дона инфузион насос етказиб берилган. Вилоят бўйича умумий 7098 нафар кадрлар штат бирлиги бўлиб, ҳар 10000 аҳолига нисбатан кадрлар билан таъминоти 14.1ни ташкил этади. Республикада бу кўрсаткич 24.2 га тенг. Хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида 66 нафар акушер-гинеколог, 67 нафар педиатр ва 47 нафар неонатологга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Аҳолини, шу жумладан, ҳар бир оиладаги чақалоқлар, ўсмир қизлар, ҳомиладор аёллар ва туғиш ёшидаги аёлларни сифатли патронаж кузатуви билан қамраб олиш мақсадида, ҳар бир оилада 1 ёшгача болалар патронажи 506807 нафар, ҳомиладорлар 47273 нафар, янги туққан туғруқдан кейинги 42 кун давомида 3 мартадан 31112 нафар аёллар патронаж қилинди.

Миллат генофонди софлигини ва соғлигини сақлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, туғма нуқсонлар билан туғилаётган болалар сонини ошишини олдини олиш мақсадида алоҳида врачлардан иборат тиббий кўрикдан ўтказувчи гуруҳларни шакллантирган ҳолда зарур жиҳозлар билан жиҳозланган ишчи гуруҳи қишлоқларга бориб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 ноябрда “2016 - 2021 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятда болаларни профилактик эмлаш ишлари жами 257 нафар эмлаш пунктида олиб борилмоқда. Уларнинг барчаси тўлиқ жиҳозланган, 100% совуткичлар билан таъминланган. Вакциналарни ташиш ва вақтинча совуқлик занжирига риоя этган ҳолда сақлаш учун 805 та термосумкалар билан таъминланган. Болаларни бошқариладиган 12 турдаги (сил, шол, дифтерия, вирусли гепатит В, кўкйўтал, қоқшол, қизамиқ, паротит, қизилча) юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш ишлари ўтказилди.

Вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази таркибида 2018 йилнинг сентябрь ойида 10 ўринга мўлжалланган “қизлар саломатлик маркази” ташкил этилди. Қилинган ижобий ишларга қарамай ҳали олдинда турган вазифалар ҳам талайгина. Хусусан, Вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига кордиология бўлими ташкил этилмаган, 2019 йилда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар таркибида “аёллар маслаҳатхонаси” бўлимлари ташкил этилиши билан акушер-гинеколог ва доя штат бирликларини қайта тиклаш лозим. Гудаклар ва оналар ўлимини олдини олиш мақсадида контрацептив воситаларини маҳаллий бюджет ва марказлашган холдаги узлуксиз таъминотини янада яхшилаш керак. Хулоса, қилиб айтганда, эришилган натижалар баробарида ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Уларни ўз вақтида бартараф этиш эса, одамларнинг соҳада кўрсатилаётган хизматлардан миннатдор ва ҳаётдан рози бўлиб яшашларига асос бўлади.



Мақсуд Тўраев,
ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz