ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Сурхондарё вилояти


Сурхондарёда жорий йилнинг ўтган даврида  388 нафар ҳунармандга 12 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди 19.11.2018

Сурхондарёда жорий йилнинг ўтган даврида 388 нафар ҳунармандга 12 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди

Халқимизда “Ҳунар – ҳунардан ризқинг унар” деган ибратли нақл бор. Дарҳақиқат, кимки пешона тери эвазига рўзғор тебратар экан, оиласида барака кўнглида ҳаловат бўлади. Шу боис ҳам ота-боболаримиз азалдан фарзандларини ёшликданоқ маълум бир ҳунарнинг сир-асрорларини ўрганишга ундаганлар ва бу йўлда ўзлари ҳам амалий намуна кўрсатганлар.

Чиндан ҳам қўлида ҳунари бор киши касби-кори орқасидан одамларнинг ҳожатини чиқариб, уларнинг мушкулини осон қилиш баробарида меҳнати эвазига оиласи таъминотини яхшилайди. Натижада турмуш ташвишлари олдида у, турли қинғир йўлларга кириб қолиш, таъмагирлик, ўғирлик сингари жиноятларга қўл уриб эл-юрт олдида юзи шувут бўлишдан сақланади. Бежизга “Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз”  дейилмаган. Хуллас, ҳунарли инсон оиласи фаравонлигини таъминлаш асносида жамият тараққиётига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Тўғри ҳар бир касбнинг ҳам машаққати ўзига яраша. Лекин, асрлар оша сайқалланиб келаётган шундай ҳунармандчилик турлари борки, тўғриси бугунги ривожланган даврда уларга қўл уришга ҳамма ҳам ҳавсала қилавермайди. Ана шундай аждодлардан мерос бўлиб келаётган миллий ҳунармандчилик намуналарини эзозлаб келаётганларни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имконият яратиш миллий қадриятларимизни сақлаб  қолишда муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ўзбекистон халқларининг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш ва кўпайтириш, миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли ва комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шу асосда аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган мазкур фармонда соҳани ҳар жиҳатдан юксалтириш назарда тутилган. Хўш, ушбу фармон ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши фаоллари ва депутатлари мунтазам равишда ушбу йўналишда қилинаётган ишларни мониторинг ва таҳлил қилиб боришмоқда.  Партия Марказий ва вилоят кенгашлари, партиядан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар вилоят Ҳунарманд бошқармасида бўлиб, соҳа ривожи йўлида бажарилган ишлар ва келгусидаги вазифалар хусусида масъуллар билан суҳбатлашдилар. Маълумотларга кўра, йил бошида уюшмага 300 нафардан ошиқроқ ҳунарманд бирлашган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 1088 нафарга етган.

- “Албатта, буларнинг барчаси муҳтарам Президентимизнинг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида амалга оширилган ишлар самараси. Уюшмага аъзо бўлиш орқали солиқ тўловларидан берилган имтиёз, бошқарма томонидан уларга амалий ва назарий кўмак кўрсатилаётгани уста-ҳунармандларни бошини қовуштириш имконини бермоқда. Биргина мисол жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 388 нафар турли йўналишдаги ҳунармандларга мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тижорат банкларидан 12 миллиард имтиёзли кредит олиб беришга эришдик. Шубҳасиз, бу маблағлар ҳунармандларимизнинг фаолиятини янада кенгайтириш, иш унумдорлигини ошириш баробарида қўшимча иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлмоқда”,- дейишди Сурхондарё вилоят “Ҳунарманд” бошқармаси масъуллари.

Термиз шаҳрида шарқона усулда қурилган “Оталар чойхонаси” биноси беғараз ёрдам сифатида вилоят Ҳунарманд бошқармаси тасарруфига ўтказиб берилган бўлиб, бу жойда ҳунармандлар кўргазма залини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида ушбу масканда юртимиз ва хориждан келаётган сайёҳларга сурхонлик ҳунарманд усталар ўзлари ясаган буюмларни намойиш этиш ҳамда савдосини йўлга қўйиш имкониятига эга бўладилар. Шуниси қувонарлики, бугунги кунда ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши ҳамда Ҳунарманд бошқармаси билан ҳамкорликда Денов, Ангор ва Қумқўрғон туманларидаги буюм бозорларидан ҳунармандлар учун ҳунармандлар расталари ажратиб берилишига эришилди.

Эришилаётган натижалар салмоқли бўлишига қарамай ҳали камчиликлар ҳам талайгина. Хусусан, барча шаҳар ва туманлардаги буюм бозорларида ҳунармандлар расталари ташкил этилгани йўқ. Бир нечта таклифлар берилганига қарамай вилоятда ҳали ҳунармандлар марказини ташкил этиш жойи ҳамда лойиҳаси бўйича аниқ ечимга келинмаган.

Мақсуд Тўраев,

ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби 



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz