ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Сурхондарё вилояти


“Сўзана рекорд” — миллий ҳунармандчилигимиз кўрки: I Халқаро бахшичилик санъати фестивалида катталиги бўйича дунёда ягона сўзана намойиш этилади 03.04.2019

“Сўзана рекорд” — миллий ҳунармандчилигимиз кўрки: I Халқаро бахшичилик санъати фестивалида катталиги бўйича дунёда ягона сўзана намойиш этилади

Дунё цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган қадимий бу ҳудуднинг миллий ҳунармандчилиги, этнографияси, археологиясини ўрганиш ва тадқиқ этишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Халқимизнинг азалий турмуш тарзи, анъаналари, урф-одатлари, кўникмалари, беқиёс бадиий бойликларини асрашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Халқимизда ҳунар орқали эл-юртга наф келтириш қадрият даражасига кўтарилган. Ҳунармандчиликнинг у ёки бу тури оилаларнинг асосий машғулотига айланиши натижасида моҳир ҳунармандлар сулолалари вужудга келган, жойларда ўзига хос мактаблар шаклланган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам халқимизнинг тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, ҳунарманд­чилик билан шуғулланувчи юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича изчил ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, икки йил муқаддам ЎзМТДП туман кенгаши ва партия гуруҳи “Бойсун каштачилик мактабини яратиш тўғрисида”ги ташаббус-масалани  халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига олиб чиқиб муҳокама этгандан сўнг ҳудудда миллий каштачиликни қайта тиклаш, ривожлантириш, бу йўналишда “устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимиз миллий ҳунармандчилиги тарихида илк бор “Сўзана рекорд”нинг айнан Бойсунда яратилгани ана шундай хайрли ташаббус ва изланишларнинг самараси дейиш мумкин. Моҳир каштадўзлар томонидан меҳр билан тикилган ушбу сўзана олти ой давомида яратилди. Тинимсиз меҳнат маҳсули ҳисобланган каштачилик намунасини яратиш учун воҳани акс эттирувчи турли ёрқин рангдаги 16 килограмм ипакдан фойдаланилди.

— Каштачилик халқимизнинг азалий ҳунари ҳисобланади, — дейди ҳунарманд, ЎзМТДП аъзоси Малика Подшоева. — Сўзанани тикишда воҳага хос бўлган қадимги каштачиликнинг тўлдирма йўналишидан фойдаландик. Унинг марказида тасвирланган бешта гулнинг ҳар бири (каштачиликда “ойлар” деб юритилади) айлана диаметри 2 метр, атрофидаги кичик ўн тўртта гулнинг ҳар бири диаметри эса 1 метрни ташкил этади. Вилоятимизда ўтказиладиган ушбу фестивалда биз ҳунарманд хотин-қизлар ҳам ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан хурсандмиз.

Сўзана тикиш аввалида унинг чизмасини (гулларни чизиш) тайёрлаш зарур. Бу жараён каштадўздан алоҳида қунт ва эътибор талаб этади.

Гуллар марказдан ўнг ва чап томонга қараб чизилади. Бунда ҳар бир деталлар математик ўлчов асосида чизиб чиқилади. Алвон матога туширилган гуллар чизмасини моҳир тикувчилар олти кун мобайнида тайёрлашди. Ундан сўнг чизмаларни ипак орқали тўлдирма услубида тикиш, астарлаш, қавиш ва мағизлаш жараёнлари ҳам анча мураккабдир.

— Ҳунармандчилик ривожига қаратилаётган эътибор туфайли аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлашда мазкур соҳа муҳим ўрин тутмоқда, — дейди “DREAMS SHAXRINAS” МЧЖ корхонаси раҳбари, ЎзМТДП аъзоси Нилуфар Жўраева. — Бу эса оилаларга даромад, қут-барака олиб киради, ҳунар орқасидан оила тебратаётганлар ўз маҳсулоти билан юртимизнинг довруғини юксалтиради.

Халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, номоддий маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган миллий ҳунармандчилигимизни кенг намойиш этиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб қилишда юртимизда ўтказилаётган фестивалларнинг аҳамияти беқиёс. Масалан, ўтган йил бўлиб ўтган “Бойсун баҳори” фестивалида ҳам ўз ҳунармадчилик маҳсулотларимиз билан фаол иштирок этгандик. Бу бизга навбатдаги “Сўзана рекорд”ни амалга оширишда ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтади. Айни пайтда корхонамизда ушбу ҳунарни замонавий асосда ривожлантириш билан бирга миллий ҳунармандликнинг ноёб анъаналарини тиклаш, янги маҳсулот турларини яратишга ҳаракат қилмоқдамиз. Шу маънода Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш тантаналарида қатнашадиган жамоалар учун ҳам алоҳида миллий либослар тайёрладик.

Дарҳақиқат, Сурхон миллий урф-одат ва қадриятлари ва қадимий анъаналарини ўзида мужассам этиб келаётган сўзаналар халқимизнинг бой маданий мероси ҳисобланади. Халқ амалий-безак санъати турларидан бири ҳисобланган каштачилик йўналишини сақлаб қолиш, келажак авлодга етказиш барчанинг бирдек вазифаси. Бу ҳунармандларни янада кўпроқ изланишга, янгилик яратиш ва қадимий усулларнинг нафис ва ноёб жиҳатларини чуқур ўрганишга ундаётир.

Фестиваль олдидан намойиш этиладиган ушбу сўзанани Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун яқин кунларда мутахассислар таклиф этилиши режалаштирилган.

Сарвиноз ПАРМОНОВА,
ЎзМТДП Бойсун туман
кенгаши раиси ўринбосари



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz