ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Сирдарё вилояти


Наврўздан бошланар яшариш фасли 21.03.2019

Наврўздан бошланар яшариш фасли

Наврўз! Юртимизда бу байрам уйғониш, яшнатиш, бўлғусида яратилажак мўл-кўл ризқ насиба тадоригини бошлаб бергувчи кўхна ва навқирон байрам. Халқимиз бу кунни интиқлик билан, ўзига хос тайёргарлик билан қарши олади. Қуёшнинг илиқ тафтидан ҳузурланиш учун майсалар устига тўшалган зулбароқ устига ёнбошлаган отахонлар, қуёш тафтига елкасини тоблаб урчуғини яна қўлида айлантирган момолар келинчаклар териб келтирган илк бойчечакларни кўзларига суртиб “омонлиқ-сомонлиқ” айтиб, дуо қиладилар.

Ҳурли бўлинг, ҳурли бўлинг,
Бойчечакдай гулли бўлинг,
Келаси йил шу маҳал,
Қўш кокилли улли бўлинг.

Мана шундай дуоларда айтилган содда, аммо самимий тилаклар билан бошланган Наврўз шукухи юртимизнинг чекка-чекка қишлоқ, овулларидан тортиб, вилоят, туман ва шаҳарларида ҳам кишилар қалбига кўтаринки кайфият олиб киради.


Гулистон туманидаги “Бахмал” маҳалласида ўтказилган Наврўз байрамини ҳам қишлоқнинг тўқсондан ошиб, юз билан юзлашаётган кекса нуроний момолари илиқ дуолари билан бошлаб беришди. Маҳалла ҳудудидаги 23-мактаб ўйингоҳига жам бўлишган “Боғишамол”, “Бахмалсой” ва “Ойқор” кўчаларининг қиз-жувонлари кекса онахонлар бошчилигида байрам сайли дастурига киритилган миллий пазандачилик, миллий ҳунармандчилик, ўзбек халқ лапарлари ҳамда Наврўз ҳангомалари шартлари асосида қизиқарли чиқишларини намойиш этишди.

Наврўз сайлига ўзига хос файз ва мазмун бахш этган ҳунармандчилик кўргазмалари, қишлоқнинг иқтидорли ёшлари ижодига мансуб тасвирий ва амалий санъат намуналари намойиши меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

- Ҳар бир ҳунармандчилик ишлари ўз услубига кўра бир-биридан фарқ қилади. Мана бу зулбароқни “Боғишамол” кўчасида яшовчи уй бекаси Иродахон Даминова тўқиган бўлса, бунисини “Ойқор” кўчасида яшовчи Доногул Шомуродова тўқиган. Уларнинг тўқиган зулбароқларини нақшларига, танлайдиган рангларига қараб ажратиб олиш мумкин. Шу ўринда Боғишамол зулбароғи, Ойқолликлар зулбароғи деб фарқлаш мумкин, - дейди Бахмал маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар масалалари бўйича бош мутахассиси Гулзода Хакимова.


Дарҳақиқат, тинч уйда байрам қувончи ўзгача бўлади, дейишларида жон бор. Буни Наврўз сайлида чанқовуз чалиб, барчанинг олқишига сазовор бўлган 95 ёшли Суйма момо Абрамованинг завқ-шавққа тўла айтимларидан ҳам билса бўлади:

Томдан тупроқ тушади ёр турганда,
Лапарни ким айтади биз турганда,
Қошу кўзи қийилган бахмал ули,
Ётсам уйқу келмайди сиз турганда.

Узоқ жойдан мен ҳам ҳориб келаман,
Рўмолимга анжир солиб келаман
Келинг меҳмон ширин шарбат бераман
Тил учида сизга новвот бераман...

Бахмалликлар наврўз сайлида миллий тамоамлар танловини ҳам ўтказишди. Танлов баҳона пазандачиликка қизиқиши баланд меҳмонлар қаторида биз ҳам қуртоба, ҳамир палов, келин оши, лочира, кўк юпқа каби лаззатли таомларнинг қандай тайёрланиши билиб олдик.


Наврўз сайлида намойиш этилган қизиқарли бадиий чиқишлар орқали ўзбекона урф-одатлар, расм-русумларимизнинг бахмалликларга хос қирралари ҳам намойиш этилди десак муболаға бўлмайди. Маҳалла ҳунарманд аёлларининг желак, желакбош, ўдана каби қадимий либослари кўргазмаси, каштачиликнинг кўчкўракли сувли кашта, атиргул, илмоқли кашта турлари асосида яратилган ишларида Бахмалнинг сўлим табиати, сўлим гўшалари ўз аксини топган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сирдарё вилояти ва Гулистон туман Кенгашлари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу Наврўз сайлида 600 дан ортиқ киши иштирок этди. Сайлдаги миллий таомлар, миллий ҳунармандчилик кўргазмалари ҳамда бадиий чиқишларда томошабинлар олқишига сазовор бўлган бир гуруҳ хотин-қизлар партия ташкилотининг эсдалик совғалари билан тақдирланишди.



ЎзМТДП Сирдарё вилояти кенгаши матбуот хизмати

 

 


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz