ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Сирдарё вилояти


Сайёр қабул: фуқароларнинг партияга ва депутатларга бўлган ишончи мустаҳкамланмоқда 05.07.2019

Сайёр қабул: фуқароларнинг партияга ва депутатларга бўлган ишончи мустаҳкамланмоқда


Кундалик ҳаётда қандайдир муаммога дуч келинса, масалани ижобий ҳал этилишига умидвор бўлиб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилишга тўғри келади. Шундай пайтда мутасаддилар мурожаатчиларни диққат билан эшитиб, муаммоларини ижобий ҳал этишга амалий ёрдам берсалар, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончи янада ошиб боради.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши томонидан ташкил этилаётган сайёр қабулларда фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилаётгани ҳам юртдошларимизнинг партия ташкилотларига ва депутатларга бўлган ишончини мустаҳкаламоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида партия вилоят кенгаши девони вакиллари ва депутатлари томонидан жойларда ўтказилган сайёр қабулларда фуқаролардан 366 та мурожаатлар қабул қилинди. Улардан 121 таси ижобий ҳал этилган бўлса, қолганлари тегишлилиги бўйича масъул ташкилотларга йўналтирилди.

Партия вилоят кенгаши томонидан Оқолтин туманининг “Кўркам диёр” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган навбатдаги сайёр қабулда ҳам фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар ҳамда маҳалла, қишлоқ ҳаётига дахлдор масалаларда мурожаат қилдилар.

- Бугунги кунда бизнинг “Гулчамбар” қишлоғимизда 300 ҳўжаликдан ошиқ хонадонлар мавжуд бўлиб, бир ярим мингга яқин фуқаролар истиқомат қилиб келмоқда, - дея сўз бошлади қишлоқ онахонларидан бири Гулсора опа. – Инсон манфаатлари устувор бўлаётган мамлакатимизда аҳоли учун барча шарт-шароитлар яратилиб келинмоқда, ҳаттоки чекка-чекка қишлоқларда ҳам замонавий бинолар қад ростламоқда. Бизнинг қишлоқ учун ҳам замонавий медпункт очиш ёки доимий патронаж ҳамшираларини таъминлаш чоралари кўриб беришда амалий ёрдам сўраймиз. Сабаби қишлоқ аҳли саломатлигини назорат қилиб туришда туман марказидаги тиббиёт бирлашмаларига мурожаат қилишига тўғри келаябди.

Мазкур мурожаат юзасидан қишлоқ аҳолисига Шерзод Нурматов томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, халқ вилоят Кенгаши депутати Норбобо Соатов томонидан туман Тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.

Шунингдек, маҳалла фаоллари қишлоқда ер ости шўр сувларининг юқорига кўтарилиб кетиши оқибатида сўнгги йилларда экилган дарахт кўчатлари қуриб кетаётганлигини маълум қилиниб, қишлоқ атрофидаги вертикаль дренажларни ишга тушириш борасида амалий ёрдам сўрадилар. Мазкур мурожаат юзасидан Сирдарё мелиоратив экспедицияси бошлиғи Б.Юлбарсовга партия гуруҳи сўрови юборилди ва қишлоқ аҳли билан ҳамкорликда ер ости қувурлари тозаланиб, керакли асбоб-ускуналар янгиланди ва масала ижобий ҳал этилди.

Сайхунобод тумани “Бахмалсой” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабулда ҳам фуқароларни ўйлантираётган муаммолар ўрганилди.

Тумандаги “Ўзбекистон” маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар бекалари Улбозор Ҳакимова кўкрак саратони хасталиги билан оғришини ва Гулшода Туропова жигар церрози хасталиги билан оғришини айтиб, саломатликларини тиклаш учун ордер олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Депутатлик сўрови орқали ушбу икки бемор фуқароларга Тошкент шаҳридаги Онкология диспансерида даволаниши учун ордер олиб берилди.

ЎзМТДПнинг сайёр қабуллари давом этади.

 



Дилобар Каттабекова,
ЎзМТДП вилоят кенгаши матбуот котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz