ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент вилояти


Депутатлик мақоми – ваколат ва масъулият 05.07.2019

Депутатлик мақоми – ваколат ва масъулият


Мамлакатимизда демократик жамиятнинг шаклланиши кейинги йилларда тезлашиб бораётгани, ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ислоҳотлар, айниқса, сўз эркинлиги бугун фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллашувини майдонга келтирмоқда. Аслида ҳам шундай бўлиши керакда. Мамлакатимизда ўрнатилган барқарор тинчлик, тараққиётга олиб борувчи устувор йўналишлар аниқлиги, давлат ҳокимияти ва жамоат ташкилотлари фаолиятидаги ўзаро боғлиқликнинг юзага келиши одамларимиз онги ва сиёсий қарашларида ҳам ўз аксини топмоқда. Айниқса, бугун сиёсий партиялар ва партиялардан сайланган депутатларнинг фаолияти кенг жамоатчиликни диққат-эътиборини тортмоқда.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 12 июлдаги видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ва яқиндагина Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг фаолиятига танқидий муносабат билдиргани эса, партиядан сайланган депутатларга яна бир бор ўз фаолиятларига виждонан, холисона баҳо беришлари ва халқ ишончини қозониш, элнинг дарди билан яшаш, муаммоларни бартараф этиш чораларини излаш, мавжуд камчиликларни ҳал қилишга давлат ва жамоат ташкилотларини, мутасаддиларни жалб этиш, энг асосийси, Ўзбекистон Республикаси тараққиёти учун хизмат қиладиган ташаббусларни ташаббускори сифатида сиёсий ҳамда ижтимоий жараёнларда ўзларини намоён этишлари зарурлиги айни ҳақиқатдир. Ўтган сайловлардан буён қарийб беш йил вақт ўтди. Сайловдан сайловгача бўлган даврда партиялардан сайланган депутатларнинг фаолияти қандай бўлди?  “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида” ги қонуннинг тегишли бандлари асосида депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларини ўтказиш кейинги йилларда сон ва сифат жиҳатидан ўзгарди. Депутат ва сайловчи. Улар ўртасидаги мулоқот албатта сайловчининг манфаатларини аввало қонуний, ҳаққоний, адолатга асосланган ҳолда амалга оширилиши депутат фаолиятининг самарали натижасини белгилайди.

Тошкент вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракциясида 2 нафар, Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 6 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 74 нафар депутатлар фаолият олиб бормоқдалар.

“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 7-моддаси ижросини таъминлаш ҳамда партия Марказий кенгаши тавсияси, вилоят кенгашининг “Сайёр қабул”ларни ўтказиш жадвалига асосан, жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб, ҳар бир депутат ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувларни ташкил этиб келмоқда.

Йилнинг олти ойлик якунларига кўра, Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги депутатларимиз Даврон Арипов ва Элдор Туляковлар мунтазам равишда “Сайёр қабул”ларни ўтказиб келмоқдалар. Бу учрашувларда фуқароларга энг аввало мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий масалалардаги ислоҳотлар, Президентимиз қарор ва фармонларининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича депутатлик назоратини ўрнатиш, қонунчилигимиздаги янгиликлар, қабул қилинаётган қонунларни шарҳлаб бериш, Ҳаракатлар стратегияси, 5 та ташаббуснинг аҳамияти, халқаро муносабатларга доир масалалар бўйича давра суҳбатларида иштирок этдилар. Ўрганишлар жараёнида, тиббиёт, таълим, ободонлаштириш, бунёдкорлик ишларини ташкил этиш, аҳолини айниқса ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мавжуд муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратилди. Фуқаролар томонидан 44 та мурожаатлар қабул қилиниб, шаҳар ва туман миқёсидаги 39 та масалала ҳал қилинди. 1 вилоят ва 4 та республика миқёсидаги масалалар бўйича тегишли мутасаддиларга ўз ваколатлари доирасида ёзма маълумотлар киритилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоларидан Марҳабо Қурбонова, Мунира Қориева, Абдужаббор Сайдуллаев, Равшан Ҳамзаев, Шавкат Собировлар партия дастурий мақсад вазифаларидан келиб чиқиб, ўз сайлов округларида ва вилоят миқёсидаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқдалар. Жорий йилнинг июнь ойида мамлакатимиз Президентининг Тошкент вилоятидаги ривожланиш жараёнларини ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилишдаги танқидий фикрлари, депутатларнинг фаоллигини ошириш масаласидаги доимий талабчанлик билан ёндашувларидан тегишли хулоса чиқариб олдилар.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг йиллик иш режаси асосида вилоятда туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар ўрганилди. Барчамизга маълумки, Тошкент вилоятининг туристик салоҳияти мамлакатимизда юқори ўринларда туради. Бу кўҳна воҳада дунё аҳлини лол қолдирадиган бир қанча тарихий обидалар, маданий мерос объектлари, бугунги кунда нафақат халқимиз балки хорижлик сайёҳларни ҳам ўз бағрига чорлайдиган диққатга сазовор жойлар кўп. Лекин, келаётган сайёҳларга зарур бўлган барча қулайликларни яратиш, айниқса, мавжуд меҳмонхоналарнинг фаолиятини замон талабларига мос равишда юритиш ва замонавий меҳмонхоналарни ташкиллаштириш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим бир бўлагидир.

Юртимизда шу соҳани янада ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январда “Туризм тармоғини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4095-сон қарори қабул қилинган эди.

Ушбу қарор ижросини Тошкент вилоятида ташкил этиш бўйича 2019 йил 12 январида Тошкент вилояти ҳокимининг 15-сон қарори қабул қилиниб, ижрога қаратилганди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан мазкур қарорлар ижроси юзасидан маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишиш мақсадида таҳлилий ўрганиб чиқилиб, ушбу қарорлар ижроси бўйича вилоятда меҳмонхоналар, умумий овқатланиш шахобчаларини ташкил этиш бўйича қуйидагилар аниқланди. Лекин, келаётган сайёҳларга зарур бўлган барча қулайликларни яратиш, айниқса, мавжуд меҳмонхоналарнинг фаолиятини замон талабларига мос равишда юритиш ва замонавий меҳмонхоналарни ташкиллаштириш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим бир бўлагидир.

Ушбу қарорга 2-илова бўлиб тасдиқланган мехмонхоналар ташкил этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхатида 2019 йил давомида Тошкент вилоятида жами 10 та меҳмонхона ишга туширилиши белгилаган. 1-иловасида эса 15 та меҳмонхоналарни ташкил этиб, жорий йилнинг декабрь ойига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Мазкур қарорларнинг ижросини ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши ва вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Равшан Ҳамзаев ва шу соҳага тегишли бўлган ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи тузилиб, маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишиш мақсадида ушбу қарорлар асосида вилоятда меҳмонхоналар ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилий ўрганилди. Тошкент вилоятининг Ангрен, Нурафшон шаҳарлари ҳамда Бекобод, Бўстонлиқ, Зангиота, Ўртачирчиқ туман ҳокимликлари томонидан 2019 йил якунига қадар жами 15 та меҳмонхона қуриб ишга тушириш юқорида келтирилган қарорларнинг иловасида белгиланган.

Жумладан, Бекобод тумани, “Қорақўйли” МФЙ ҳудудида қарорда кўрсатилгандек, замонавий талабларга жавоб берадиган, санитар-гигиеник шоҳобчаларга эга, савдо нуқталари ва туризм инфратузилма объектларининг ягона тармоғини ярата оладиган, туризм объектлари ва туризм маршрути ўтадиган автомагистраль ёқасида жойлашган ва амалга оширилиш муддати 2019 йил февраль ойи деб кўрсатилган. “Азизбек Зебохон Омад” МЧЖ ташаббускор бўлган “BEKOBOD HOTEL” меҳмонхона ва умумий овқатланиш шаҳобчасига Ишчи гуруҳи ташриф буюрди. Меҳмонхона бинонинг иккинчи қаватига жойлашган бўлиб, 5 та хонадан иборат. Аммо ҳали меҳмонхона тўлиқ қурилиб битказилмаган. Хоналарнинг ички ажратиш деворлари қурилмаган. Ювиниш хоналари жиҳозланмаган. Пардозлаш ишлари бошланган, фақат сувоқдан чиқарилган. Ромлар ўрнатилган. Пастки қаватда умумий овқатланиш шоҳобчаси ва озиқ-овқат дўкони иш бошлаган. Табиий газ учун ҳисоблагич (счетчик) олиб келинган аммо ўрнатилмаганлиги сабабли баллонли суюлтирилган газдан фойдаланилмоқда. Пастки қаватнинг орқа томонида 2 хонали мотеллар қурилган. Аммо пардозлаш ишлари олиб борилмаган, жиҳозланмаган. Тадбиркор Бекобод тумани ҳокимининг 2018 йил 8 сентябрдаги №1837-сон қарорига асосан қурилиш учун ер ажратилгандан кейин Тошкент вилояти қурилиш бош бошқармасининг 2019 йил 4 февралдаги 6-18/А – сонли хулосасига кўра, қурилиш ишларини бошлаган. Ташаббускор-тадбиркор Абдуллаева Умида Андреевнанинг турмуш ўртоғи Акмал Абдуллаев билан бўлган суҳбатда иловада кўрсатилган яъни 2 миллиард сўм ташаббускор маблағи сарфланиши керак бўлган мазкур лойиҳага шу кунга қадар қарийб 1 миллиард сўм харажат қилинган. 10 та иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда 10 та штатда ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Энг кам иш ҳақи 880.000 минг сўмни ташкил этади. Тадбиркор яна қўшимча 5 та иш ўрни яратишни режалаштирмоқда.

Бекобод туманидан қурилиб, 2019 йил ноябрь ойида қурилиши якунланиши кўзда тутилган меҳмонхона лойиҳачи Акбар Ибрагимовга туман ҳокимлиги томонидан ер майдони ажратилмаганлиги сабабли лойиҳа ташаббускор томонидан воз кечилган.

Ҳаттоки, Бекобод туманига борган ишчи гуруҳи аъзолари ушбу лойиҳа ташаббускори билан гаплашиб кўришни мақсад қилиб, манзилини излаганларида ҳам топа олмасдан қайтди.

Шунингдек, Оҳангарон тумани “Убайд” МФЙ ҳудудида ташкил этилиши лозим бўлган меҳмонхона, савдо комплекси ва техник хизмат кўрсатиш маркази қурилиши ташаббускор "GGM and JEM" МЧЖ 2019 йил апрель ойида фойдаланишга топширилиши белгиланган эди.

Аммо ўрганиш даврида аниқландики, қурилиш учун ер майдони текисланган, лекин қурилиш ишлари шу кунга қадар бошланмаган.

Ташаббускор "GGM and JEM" МЧЖ раҳбарининг айтишича, ушбу меҳмонхона 2019 йил апрель ойида қурилиб битказилиши ҳақида умуман бехабарлигини маълум қилди.

Лойиҳа ташаббускори Ражаб Бўриевнинг билдиришича лойиҳани тасдиқлатиш бўйича масъул ташкилот томонидан тасдиқлаб бериш жараёни узоқ муддатга чўзилиб кетган. Ҳозирда қайтадан ўтказилган ўрганишлари шуни кўрсатмоқдаки, меҳмонхонанинг пойдевори қуриш ишлари битказилган.

Ташаббускор "GGM and JEM" МЧЖ раҳбари ўз маблағларидан 25 млрд. сўмни жалб этишини, ер майдонини тайёрлашнинг ўзига эса 800 млн сўм, жами 1 млрд 400 млн.сўм маблағ ишлатилганлигини таъкидлаб ўтди. Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 12 январида 15-сон қарорига 1-илова бўлиб тасдиқланган мақсадли параметрлар жадвалига киритилган Ангрен шаҳри Истиқлол кўчасида хусусий тадбиркор томонидан ташкил этиладиган 60 ўринли меҳмонхона лойиҳасининг умумий қиймати 5 млрд. сўмни ташкил қилиб, шу кунга қадар лойиҳанинг 80% қисми бажарилган.

Шунингдек, Бўстонлиқ туманида “Турон Ресорт Спа”, “BAZART BUSINESS GP”, “Zar Suhrob” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “BESHYOGOCH” хусусий корхоналари томонидан жами 271 ўринли 4 та меҳмонхонани қуриб битказиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 5 январдаги ПҚ-4095-сон қарорида Оҳангарон туманида меҳмонхона қуриш Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 12 январида 15-сон қарори билан Зангиота туманига ўтказилган эди. Аммо бугунги кунга қадар Зангиота туман ҳокимлиги томонидан меҳмонхонани қуриш билан боғлиқ ишлар бошланган ёки бошланмаганлиги хақида тўлиқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шу билан биргаликда, Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги томонидан 2019 йил давомида 6 та меҳмонхоналар қуриб битказилиши қарор иловасига киритилган бўлсада, лекин меҳмонхоналарни ташкиллаштириш бўйича топшириқлар ижроси юзасидан биронта маълумот тақдим этилмади. Шунингдек, ЎзМТДП Ўрта Чирчиқ тумани кенгаши томонидан ёзма равишда юборилган мурожаатга ҳам ҳеч қандай жавоб қайтарилмаган.

Шунингдек, Нурафшон шаҳрида "Серенада" МЧЖ томонидан қурилаётган меҳмонхонада жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Туман ва шаҳар ҳокимликлари бўш турган бинолар негизида меҳмонхона ва бошқа туризм объектларини барпо этиш, фойдаланилмай турган давлат мулки объектларини инвестиция киритиш шарти билан салоҳиятли тадбиркорларга бериш юзасидан аниқ режалар ишлаб чиқилиб, тарғибот ишлари олиб борилмаган.

Шу сабабли жорий йилнинг шу кунига қадар Тошкент вилоятида бирорта маданий мерос объектларини сақлаш шарти билан ўттиз йилгача, бироқ ўн йилдан кам бўлмаган муддатга тадбиркорларга ижарага бериш бўйича топшириқлар ижроси таъминланмаган:

- вилоят ҳудудида ташкиллаштирилиши назарда тутилаётган меҳмонхона объектларини қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича манзилли рўйхатлар шакллантирилмаган.

Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 12 январида 15-сон қарорида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент вилоят департаментига меҳмонхоналар қуриш учун ажратилаётган ер участкалари ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантириш юзасидан топшириқ юклатилган бўлсада, ажратиладиган ер участкаларининг рўйхати ҳалигача шакллантирилмаган.

Аксинча ўрганиш давомида Туризмни ривожлантириш департаментидан меҳмонхоналарни ташкиллаштириш бўйича бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисоботлар сўралганда ишчи гуруҳи аъзоларига ҳудудларда ташкил этиладиган “ҳожатхоналар” тўғрисидаги маълумотларни тақдим этган.

Шунингдек, вилоят Туризмни ривожлантириш департаментига Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 12 январида 15-сон қарори 11-бандида белгиланган туман ва шаҳар марказий кўчалари ва аҳоли гавжум жойларига мамлакатимиз туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи рекламалар жойлаштириш вазифаси юклатилган бўлсада, ижроси таъминланмаган.

Тошкент вилояти Ер ресурслари ва кадастр бошқармаси бўш ерларни хатловдан ўтказиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига ер майдони ажратиш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик ишларини йўлга қўймаган.

Туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан меҳмонхоналар қуриш учун ажратиладиган ер майдонлари тўғрисидаги маълумотлар базаси “E-IJRO AKSION” электрон порталига жойлаштириш ишлари талаб даражасида ташкиллаштирилмаган.

Ўрганишлар таҳлилидан кўриниб турибдики, туризм соҳасини ривожлантиришга оид қабул қилинган қарорлар ва иловалардаги вазифалар билан мутасадди ташкилотлар тўлиқ таниш эмаслар. Ижроси эса бугунги кун талаби даражасида бажарилмай келмоқда. Чунки, юқорида биргина меҳмонхоналар қурилиши бўйича ташаббускорлар ҳам, айрим туман ва шаҳарлардаги мутасаддилар ҳам Президентимизнинг қарори асосида иш бошланганидан хабардор эмаслар.

Мазкур муаммолар бўйича маълумотнома тайёрланиб, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияда кўриб чиқиш учун тақдим этилди. Бу борадаги юқорида келтирилган камчиликларни бартараф этиш, ташаббускор тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилиб, ҳар бир белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилишига эришиш, вилоятимизнинг иқтисодини ривожлантириш, тадбиркорларнинг имкониятларини кенгайтириш, энг асосийси вилоятимиз туристик салоҳиятини янада намоён этишни таъминлаш ҳаммамизнинг вазифамиздир.

Шу ўринда яна бир масалага тўхталиш керак. Хўш, депутат муаммони кўтарди, тегишли ташкилот раҳбарларига ёзма мурожаат қилди, аммо бу муаммо қай даражада ҳал бўлди, деган савол кўндаланг бўлади. Ёки маҳаллий Кенгашлар сессиясида кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинади. Аммо кейинчи, бу қарорлар ижроси бўйича мутасаддилар масъулиятни ҳис қилишадими...

“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида” ги Қонуннинг 8-моддасида: Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни депутатга мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юборадилар дея, эътироф этилган. Аммо шундай ташкилотлар ва мутасаддилар борки, ойлаб вақт ўтиб кетади, қайта оғзаки ёки яна ёзма депутатлик сўрови юборилади аммо натижа... Бунга мисол, жорий йилда Чиноз туманида фаолият олиб бораётган партиядан сайланган Баҳриддин Қудратовнинг туман ҳокимининг қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Тоҳир Тожибоев номига юборган 01/03-сонли депутатлик сўрови бир ой давомида жавобсиз қолдирилди. Депутат “Уйма-уй” лойиҳаси доирасидаги учрашувларда туман аҳолисининг кўпчилиги, айниқса ёши улуғ кексалар тумандан қўшни туманларга, Тошкент шаҳрига автобус қатновини йўлга қўйиш борасида мурожаатларидан келиб чиқиб депутатлик сўровини юборган эди. Ўз вақтида депутатнинг мурожаатига жавоб берилмаганидан кейин, партия туман кенгаши раиси Шаҳбоз Низамудддинов туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Улуғбек Ғаниевга депутатлик сўровига белгиланган муддатда жавоб берилмаганини, туман ҳокими ўринбосарининг мутахассислари билан бир неча бор боғланиб мазкур масалани ҳал қилиш бўйича эслатилгандан кейин ҳам натижа бўлмаётгани ҳақида рўйи рост хат билан мурожаат қилди. Ниҳоят прокурор аралашуви масалани нафақат ижобий ҳал қилинишига балки, депутатлик сўровларига ўз вақтида жавоб бериш ҳар бир давлат ташкилотлари ва раҳбарларнинг бурчи эканлигини кўпчилик мутасаддиларнинг тушуниб етишига, ижроси таъминланишига сабаб бўлди. Ҳозирда Чиноз туманидан Тошкент шаҳрига автобус қатнаб турибди. Бу шу йўналишдаги туманларга аҳолини бориб-келиши учун ҳам катта имконият бўлди.

Баъзан ОАВ ва интернетдаги ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг депутатларга нисбатан норозилиги, уларни танимасликлари ҳақидаги фикрларини ўқиймиз, эшитиб қоламиз. Аммо беш қўл баробар эмас. Аввало, депутат фаол бўлиши учун сайловчилар ҳам талабчан бўлишлари керак. Бу йил сайловлар йили. Ҳар бир сиёсий партиядан сайланадиган депутатликка номзодлар билан сайловга тайёргарлик, тарғибот жараёнларида учрашувлар ўтказилади. Аммо айнан партиялар фаолиятидан қониқмайдиган ёки депутатларни танимаслигини гапириб юрадиганлар аслида ана шу жараёнларга беэътибор бўладилар. Сайлов кунига келиб, фуқаролик бурчи, сайлаш, овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиб, фахр ва ғурур билан эмас, шунчаки, бюллютенни белгилаб кетиш билан кифояланадиган фуқароларимиз ҳам афсуски бор. Агар улар ўзлари сайлаётган депутат ҳақида кўпроқ маълумот эга бўлса, сайловдан кейинги учрашувларда фаол иштирок этса, партияларнинг ва партиядан сайланган депутатларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи янада ортади. Баъзида телевидение орқали депутатдан норози бўлиб гапираётган юртдошларимизнинг гапириш оҳанги, юзларидаги ифодадан ҳайрон қоласиз. Худди, депутат кеча-кундуз у билан бирга яшайдиган яқин инсони, унинг муаммоларини била туриб ёрдам бермагандек гапиради. Ваҳолангки, муаммо ҳал бўлиши учун аввало депутатни хабардор қилиш керак. Депутатнинг қабул кунлари аниқ, бемалол қабулига бориб суҳбатлашиш масалани ҳал қилишни йўлини биргаликда топиш мумкинку.

ЎзМТДП нинг барча ҳудудий ташкилотлари, партиядан сайланган депутатлар қаторида Тошкент вилояти кенгаши ва депутатларимиз мамлакатимиз равнақи, демократик жамият барпо этиш йўлидаги олиб борилаётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлайди. Навбатдаги сайловларга пухта тайёргарлик кўриб, партиямизнинг мақсад ва ғояларини тарғиб этиш, белгиланган вазифаларни оғишмай амалга оширишда энг аввало депутатлик ваколати ва масъулиятини чуқур ҳис эта оладиган, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари деган улуғвор мақсадни ўз фаолиятига сингдира оладиган номзодларни ўз сафимизга қўшамиз.



Клара Сайдуллаева,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги
ЎзМТДП гуруҳи ижрочи котиби


 

 

 


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz