ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент вилояти


Шоабдумалик ота зиёратгоҳи — Шарқ меъморчилиги намунаси  23.10.2018

Шоабдумалик ота зиёратгоҳи — Шарқ меъморчилиги намунаси

ЎзМТДП Тошкент вилояти кенгаши вакиллари ва Оҳангарон туман ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан тумандаги Шоабдумалик ота зиёратгоҳи ўрганилди.

Шоабдумалик ота зиёратгоҳи неча асрлардан бери халқимиз томонидан зиёрат қилиниб келинмоқда ва бу шубҳасиз Оҳангарон водийсидаги зиёратгоҳларнинг ичида энг машҳурларидан бири десак муболаға бўлмайди.

Шайх Шоабдумалик ота Туронда машҳур бўлган Хўжа Аҳмад Яссавийнинг дастлабки муриди бўлган ҳазрат Мансур отанинг фарзандлари бўлиб, Занги отанинг амакиси бўлган. Шоабдумалик ота Бухородаги мадрасада таҳсил олиб, суфийлик асосларини ўрганади. Юсуф Ҳамадоний таълимотини чуқур эгаллаган шайх араб, форс тилларини мукаммал билган. Айрим манбаларга кўра, шайх Бухоро ва Илоқ мадрасаларида фалсафа, мантиқ, минералогия фанларидан дарс берган.

Шайх Шоабдумалик отанинг қабри Ангрен-Тошкент йўли ёқасида оралиғида бўлиб, улуғ қадамжо ҳисобланади. 

Шоабдумалик ота дафн этилган сағана шарқшунос-археолог олимлар Н.Г.Маллицкий ва М.С.Андреевлар томонидан 1896 йилда ўрганилган. 1929-1934 йилларда бу ерда М.Е.Массон ўзининг тадқиқотларини олиб борган. Аниқланишича, қабр сағанасида жуда кўп қўлёзмалар ва китоблар бўлган. Уларнинг бир қисми аввалги текширувчилар томонидан олиб кетилган. Ушбу қўлёзмалар шахсан шайх Шоабдумалик ота томонидан битилган ноёб асарлар бўлган. Ушбу асарларнинг умумий сони 30 атрофида бўлиб, улар илоҳиёт сирлари, туш таъбирлари, тақдир йўналишлари, маънавият ва маърифатга доир талқинлар, Қуръон тафсирлари ва бошқа соҳаларга тегишли бўлган.

1936 йилда Санкт Петербургда шарқшунос олим Н.М.Веселовский томонидан нашр этилган “Минарет шейха ша Абдумалик бобо” асарида ушбу сағанада бир неча олтин, кумуш тангалар ва “Ахлоқан тарбиявий сағар” номли китоби бўлганлигини таъкидлаган. Ушбу асар оиладаги бола тарбияси, она-бола, ота-бола, ака-сингил тарбиясига оид бўлган.

Бу ерда 1928-1930 йилларда пискентлик муфтий Хўжахон ҳожининг ўғли Назирхон эшон охирги шайх бўлган. Шундан сўнг ушбу даргоҳ етмиш йил қаровсиз ҳолда қолган. 2000 йилларнинг дастлабки ўн йиллигида “Шоабдумалик” давлат хўжалигининг директори Воҳиджон Кабиров сағананинг айрим жойларини, том, айвонини таъмирлади. 2009 йилдан бошлаб Оҳангарон тумани саноат корхоналари ва айрим тадбиркорлар, фермерлар ташаббуси билан Шоабдумалик отанинг мемориалини қуриш бошлаб юборилган.

Ушбу сағана Шарқ меъморчилигининг ер остида қурилган буюк санъат асари ҳисобланган. Ер ости қасрнинг санъаткорона ва юқори дид билан ишланганлигини ўзиёқ Шоабдумалик отанинг буюклигига ишорадир. Сағананинг узунлиги 1,87 м. Ундан ташқари яна бир қанча бошқа одамларнинг суяклари солинган кичик тобут-остодонлар бўлиб, улар ислом динидан аввалги даврга мансуб деб тахмин қилинади.

Ер остига кирилгач квадрат шаклдаги тепаси “Балхий” услубида қурилган гумбазга дуч келинган. Зиёратчилар бу ерда чироғ ёруғида авлиё шарафига намоз ўқиб тор йўлак орқали ўтишган. Йўлакда иккита ёғоч қабр бўлиб, устида қоғоздан қабрпўш, унинг устига тупроқ уйиб қўйилган. Кейинги хона – ўлчами 7,6х2,47м. Бу ерда катта ёғоч қабр бўлиб, ўлчами 1,87х0,65м. Қабр усти ва ёнида қоғоз матосидан парда бўлган. Қабр ёнида-босма араб ҳарфлари битилган китоб ва иккита чироғ, бири ёғочдан, иккинчиси чўяндан.

Археолог Яҳё Ғуломовнинг хулосасига кўра, авлиё қабридан бошқа қабрлар жуда кичик бўлиб, узунлиги 1,25 м дан ошмаган ва улар XIX асрда Алавий иштирокида ёғочдан ясалган. Улар рамзий қабрлар ҳисобланган.

 


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz