ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент вилояти


Тошкент воҳаси – инсониятнинг илк манзилларидан бири 19.10.2018

Тошкент воҳаси – инсониятнинг илк манзилларидан бири

ЎзМТДП Тошкент вилояти кенгаши томонидан маданий мерос объектлари ҳолатини ўрганиш, уларни қайта инвентаризация қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Тошкент вилоятида Тошкент шаҳар, Тошкент ва Сирдарё   вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси берган маълумотларга кўра, 810 та маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, шулардан 573 тасини археологик ёдгорликлар ташкил этади. Ушбу археологик ёдгорликларнинг барчаси ҳам бугунги кунга қадар тўлиқ ўрганилмаган. Олимлар томонидан ўрганилган “Обираҳмат ғори”, “Кўлбулоқ” ва “Хўжакент” манзилгоҳи  каби қадимий археологик ёдгорликлари эса Тошкент воҳаси – инсониятнинг илк манзилларидан бири эканлигини исботлаб берган.

“Обираҳмат ғори” – Тошкент вилоятидаги тош даври ёдгорликларидан бири. Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла қишлоғида жойлашган. Обираҳмат ғори 1962 йил А.Муҳаммаджонов ва С.К.Насриддинов томонидан топилган. 1962–1964 йилларда А.П.Окладников, 1964–70-йилларда М.М.Герасимов раҳбарлигида Р.Ҳ.Сулаймонов тадқиқот ишлари олиб борган. 1976–1986 йилларда Ў.И.Исломов раҳбарлигида Т.Омонжўлов ва К.А.Крахмаль қазишмалар ўтказишган. 1998 йил Россия ФА нинг Сибирь бўлими Археология ва этнография институти билан ўзбекистонлик археологлар ўртасида Обираҳмат ғорида биргаликда тадқиқот ишлари олиб бориш учун шартнома тузилиб, экспедицияга Ўзбекистон томонидан Ў.И.Исломов раҳбар этиб тайинланган.

photo_2018-10-19_12-03-17.jpg

Обираҳмат ғорида 1998 йилдан Россия–Ўзбекистон, 2007 йилдан Ўзбекистон–Россия–Бельгия қўшма комплекс экспедицияси иш олиб борган. 2003 йилдаги ишлар натижасида 16-маданий қатламдан археологик материаллар билан бирга одам суяклари топилган. Таҳлил натижалари ушбу суяклар 70 минг йиллик даврга эгалигини кўрсатди. Демак, Ўзбекистон ҳозирги одам пайдо бўлган ҳудудга кириши исботланди.

Тахминан бундан 200 минг йиллар олдин қадимги аждодларимиз Кўлбулоқ яқинида ўзларига манзилгоҳ топганлар. Кўлбулоқ манзилгоҳи Ангрен шаҳридан 10-12 км ғарбда бўлиб, шу ном билан аталган булоқ суви ёқасида жойлашган. Манзилгоҳда бир неча юз минг йиллар давомида ибтидоий одамлар яшаган. Кўлбулоқ манзилгоҳи 1962-йилда топилган ва 1963-йилдан бошлаб бу ерда ўзбек археологи М.Р.Қосимов изланишлар олиб борган. Ёдгорликни қазиш жараёнида унинг қадимги тош даврининг деярли барча босқичларига (ашел, мусте, юқори палеолит) тегишли эканлиги исботланган. Кўлбулоқда одам қолдиқлари топилмаган, аммо тош қуроллар ва ҳайвон суяклари топилган. Археолог М.Р.Қосимовнинг фикрига кўра, Кўлбулоқнинг қуйи қатлами ашел даврининг сўнгги босқичига тегишлидир. Ушбу ёдгорлик бутун Ўрта Осиё қадимги тош (палеолит) даври ёдгорликлари учун археологик даврий тизим берди.

photo_2018-10-19_12-04-17.jpg

Хўжакент манзилгоҳи Тошкент шаҳридан 80 км шимоли-шарқда, Чирчиқ дарёсининг чап соҳилидаги Хўжакент қишлоғи яқинида жойлашган. Ғор шимоли-ғарбга қараган, баландлиги 2,5 м, кенглиги 6 м, чуқурлиги 4 м. Ғордан ишлов берилган неклеуслар, қўл чопқилари, парракчалар, тешгич-бигизлар топилган. бўлиб, одамлар милоддан 100-40 минг йиллар илгари яшаганлар ва асосан термачилик ҳамда овчилик билан шуғулланганлар.

photo_2018-10-19_12-50-06.jpg

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, Тошкент воҳаси ўзининг иқлими ва табиий шароити билан инсонлар яшаши учун қулай макон бўлиб келган.


ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши матбуот хизмати



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz