ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Қўқон фестивали чинакам дўстлик ва ҳамкорлик анжуманига айланди 18.09.2019

Қўқон фестивали чинакам дўстлик ва ҳамкорлик анжуманига айланди


Ўзбекистон яна бир нуфузли анжуманга мезбонлик қилди. Кўнглимиздан яқинда кўҳна Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқий фестивали шукуҳи кўтарилмай туриб, Қўқонда 10-15 сентябрь кунлари илк бор Халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилди. Унда дунёнинг 80 давлатидан 400 га яқин моҳир ҳунарманд, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбирда халқаро ташкилот ва 14 давлатдан 35 нафар юқори мартабали меҳмонларнинг иштирок этганидан ҳам билиш мумкинки, Қўқон фестивалига бўлган халқаро эътибор ва эътироф кутилганидан ҳам юқори бўлди.

Таъкидлаш лозим, Қўқонда халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказиш учун кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди ва шаҳар бутунлай янги қиёфага кирди. Хорижий меҳмонлар ташриф буюриши кутилган тарихий обидалар таъмирланди, миллий ҳунармандчилик мактаблари, маданий маърифий дам олиш масканлари, бозорлар тайёрланди ва бу тадбир иштирокчиларнинг халқимизнинг бой тарихи, урф-одатлари, анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятини яратди. Шунингдек, ўнта меҳмонхона қурилди, юздан зиёд уй меҳмонхоналари ташкил этилди. Фестивалнинг асосий тадбири ўтказиладиган Худоёрхон Ўрдасида эса саҳна ва амфитеатр барпо этилди.

Ҳунармандчилик деярли барча ҳудудларимизда кенг ривожланган бўлса-да, бундай нуфузли анжуманни ўтказиш учун айнан Қўқон шаҳри танлангани бежиз эмас. Чунки Фарғона — уста ҳунармандлар юрти. Бугун вилоятда ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари бўйича тўрт мингдан ортиқ устахона фаолият кўрсатяпти. Улар орасида ўз мактабига эга сулолалар, турли нуфузли кўргазма ва фестиваль иштирокчилари, давлат мукофотлари соҳиблари бор. Қўқон эса “олтин водий” деб ном олган гўзал Фарғонанинг гавҳари ҳисобланади ва шаҳар ўзига хос тарихи, услуб ва анъаналарга эга. Латиф шаҳарда қарийб тўрт юз нафар уста ҳунармандчиликнинг 30 га яқин тури билан шуғулланиб, ота-боболаридан қолган миллий анъаналаримизни авлоддан-авлодга ўтишини таъминламоқда.

Фестивалнинг энг катта ютуқларидан бири Жаҳон ҳунармандчилик Кенгашининг 2019 йилнинг 23 июлидаги қарорига кўра, Ўзбекистон халқ амалий санъати ва ҳунармандчиликнинг қадим анъана ва мактаблари сақланиб қолган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилиб Қўқон шаҳрига Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилди. Шу кунгача жаҳоннинг 36 та шаҳри шундай юксак номга муносиб кўрилган ва Қўқон МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб шундай юксак унвонга эга бўлди.

Фестивалда ҳунармандчиликка оид турли кўргазмалар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари, маҳсулотларни яратиш жараёни, соҳага оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ўтказилди. Шунингдек, “Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳунарларнинг онлайн-энциклопедияси (ATP) Анъанавий қўл меҳнати буюмлари” лойиҳаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур онлайн-энциклопедияда Осиё-Тинч океани минтақасидаги 50 давлатнинг ҳунармандчилиги тарихи, ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилган бўлиб, иштирокчилар лойиҳа маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, халқларни бир-бирига танитиш, шу тариқа дўстлик, ҳамжиҳатлик ва тинчлик ўрнатилишига хизмат қилишини таъкидладилар.

Қўқон фестивали Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ҳам диққат-марказида бўлди. Чунки ҳунармандчилик миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва ҳунармандлар миллат маданиятини авлоддан-авлодга етказувчи ижодкорлардир. Миллий ҳунармандлик турларини рағбатлантириш, қайта тиклаш ва ривожлантириш, бадиий-ҳунармандлик мактаблари анъаналарини сақлаб қолиш ЎзМТДП бош ғояси ҳисобланади. Шу маънода, партия ҳунармандлар иштирокидаги бундай нуфузли анжуманлар, ҳунармандлар фаолияти, уларни ўйлантираётган ўй-ташвишларга бефарқ эмас.

Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, Қўқон фестивали нафақат кўпмиллатли Ўзбекистон халқи, балки жаҳон ҳунармандлари, бутун дунё усталарининг катта байрамига, олис тарих ва бугунги замон нафаси, турли қадрият ва анъаналарни ўзида яққол намоён этадиган, муштарак дилларни бирлаштирадиган чинакам дўстлик ва ҳамкорлик анжуманига айланди. Зеро, дунёда тинчлик ва ҳамжиҳатлик, гўзаллик ва нафосатни тарғиб этадиган бу фестиваль жаҳон майдонида албатта ўзининг муносиб ўрнини топиши шубҳасиз.

 

 


Соҳибжон ҚЎЧҚОРОВ,

ЎзМТДП Яккасарой туман кенгаши раиси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz